01.09.2013

Самимий қутловлар

Мамлакатимиз мустақиллигининг 22 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов номига хорижий давлатлар ва ҳукуматлар, нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарларидан самимий қутловлар келиб турибди. Уларда давлатимиз раҳбарига мустаҳкам соғлиқ, омонлик ва муваффақиятлар, Ўзбекистон халқига тинчлик-осойишталик, равнақ ҳамда фаровонлик тилаб, чин дилдан эзгу истаклар изҳор этилган.

Жумладан, йўлланган табрикларда шундай дейилади:


Ўзбекистон Республикаси Президенти
Ислом Каримов Жаноби Олийларига

Муҳтарам Ислом Абдуғаниевич!

Ўзбекистон Республикасининг миллий байрами муносабати билан самимий қутловларимни қабул қилгайсиз.

Мамлакатингиз иқтисодий ва ижтимоий тараққиёт йўлида салмоқли ютуқларни қўлга киритди, минтақавий ва халқаро ишларда фаол қатнашиб келмоқда.

Россия-Ўзбекистон муносабатлари стратегик шериклик ва иттифоқчилик руҳида жадал ривожланиб бормоқда – хусусан, яқинда Москвада бўлиб ўтган музокараларимиз буни тасдиқлади. Аминманки, биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз билан сиёсий мулоқотни янада кенгайтиришни, турли соҳалардаги амалий ҳамкорликни кучайтиришни таъминлаймиз. Бу – Россия ва Ўзбекистон дўст халқларининг манфаатларига тўла мос келиб, Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Сизга мустаҳкам соғлиқ, бахт-саодат ва муваффақиятлар, дўст Ўзбекистон халқига эса фаровонлик ва равнақ тилайман.

Эҳтиром ила,

Владимир Путин,
Россия Федерацияси Президенти

* * *

Ўзбекистон Республикаси Президенти
Ислом Каримов Жаноби Олийларига

Жаноби Олийлари!

Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги эълон қилинган куннинг 22 йиллиги муносабати билан Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати, Хитой халқи ва шахсан ўз номимдан Сиз, Жаноби Олийларига ва дўст халқингизга самимий қутловларимни ва энг эзгу тилакларимни йўллайман.

Ўзбекистонда Сиз, Жаноби Олийларининг раҳнамолигингизда ўтган 22 йил мобайнида барча соҳаларда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасида иқтисодиёт жадал ривожланмоқда, халқ турмуши сезиларли равишда яхшиланиб, давлатингизнинг халқаро ва минтақавий ишлардаги роли муттасил юксалиб бормоқда. Ишончим комилки, Ўзбекистон давлат қурилишида бундан буён ҳам янгидан-янги улкан зафарларга эришаверади.

Хитой Халқ Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида дипломатия муносабатлари ўрнатилганлигининг 21 йили мобайнида икки томонлама алоқалар барқарор ва жадал ривожланиб бормоқда, стратегик шериклик ўрнатилди, сиёсий ўзаро ишонч тобора мустаҳкамланмоқда, барча соҳалардаги амалий ҳамкорлик кенгайиб, халқаро ишлардаги ўзаро муносабатларимиз фаоллашмоқда. Томонлар ҳар икки давлатнинг туб манфаатларига тааллуқли масалаларда бир-бирларини қўллаб-қувватлаб келмоқда.

Сиз, Жаноби Олийларининг таклифингизга биноан яқинда мамлакатингизга илк давлат ташрифи билан бораман. Ташриф асносида Сиз, Жаноби Олийлари билан ўзаро манфаатли икки томонлама муносабатлар, халқаро ва минтақавий масалалар бўйича батафсил фикр алмашишга, шунингдек, ҳамкорлигимиз самаралари мамлакатларимиз ва халқларимизга катта наф келтириши учун ўзаро алоқаларимизни янада ривожлантиришга оид режани ишлаб чиқишга тайёрман.

Жаноби Олийлари, Сизга мустаҳкам соғлиқ ва юксак масъулиятли фаолиятингизда улкан муваффақиятлар тилайман.

Дўст Ўзбекистоннинг қудрати янада ошиши ва равнақ топишини, халқининг эса бахти ва фаровонлиги тобора юксалаверишини тилаб қоламан.

Си Цзиньпин, 
Хитой Халқ Республикаси Раиси


* * *


Шунингдек, қуйидагилар ҳам ўз қутловларини йўллашган:

Франция Республикаси Президенти Франсуа Олланд;

Ҳиндистон Республикаси Президенти Пранаб Мукержи;

Нидерландия Қироли Виллем-Александр;

Австрия Республикаси Федерал Президенти Хайнц Фишер;

Рим-католик черкови раҳбари Папа Франциск;

Латвия Республикаси Президенти Андрис Берзиньш;

Венгрия Президенти Януш Адер;

Чехия Республикаси Президенти Милош Земан;

Словакия Республикаси Президенти Иван Гашпарович;

Болгария Республикаси Президенти Росен Плевнелиев;

Сербия Республикаси Президенти Томислав Николич;

Греция Республикаси Президенти Каролос Папульяс;

Португалия Республикаси Президенти Анибал Кавако Силва;

Туркия Президенти Абдуллоҳ Гул;

Украина Президенти Виктор Янукович;

Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев;

Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко;

Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбаев;

Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон;

Икки муқаддас масжид ходими, Саудия Арабистони Подшоҳи Абдулла бин Абдулазиз Ол Сауд;

Иордания Ҳошимийлар Подшоҳи Абдуллоҳ II;

Фаластин Давлати Президенти, Фаластин озодлик ташкилоти Ижроия қўмитаси раисиМаҳмуд Аббос;

Вьетнам Социалистик Республикаси Президенти Чионг Тан Шанг;

Сингапур Республикаси Президенти Тони Тан Кен Ям;

Таиланд Қироли Пумипон Адулядет;

МДҲ Ижроия қўмитаси раиси – Ижрочи Котиби Сергей Лебедев.


Қутловлар келиши давом этмоқда.



DB query error.
Please try later.