29.08.2013

МУАЛЛИМ: ЭЪТИБОР, ЭЪЗОЗ, ЭҲТИРОМ

Мен қарийб 30 йилдан буён ёшларга информатика фанидан сабоқ бериб келаман. Соҳа тараққиётига қаратилаётган катта эътибор туфайли фаолиятимнинг сўнгги 20 йили анча самарали кечди, деб айта оламан.

Айни пайтда дунёда юз бераётган кашфиётлар, фан-техника ютуқлари ҳамда соҳадаги янгиланишлардан бир зумда хабардор бўлиш имконияти бор. Яратилган шароитдан фойдаланиб, ўзим ҳам турли изланишлар олиб бордим, янги ўқув қўлланмалар устида ишладим. Ўқувчиларга замонавий технологиялардан фойдаланишнинг энг содда йўналишларини ўргатишга ҳаракат қилдим.

Хусусан, 2008 йилда ахборот технология қурилмаларидан оптимал фойдаланиш бўйича, 2012 йилда таълим жараёнларига педагогик технологияларни жалб этишга бағишланган илмий-услубий қўлланмаларни ишлаб чиқдим. Бугунги кунда улардан кўплаб таълим даргоҳларида фойдаланилмоқда.

Истиқлол бизга ҳақиқатан ҳам кўп нарсалар берди. Мен оддий қишлоқ ўқитувчисиман. Ўқувчиларим билан биз энг сўнгги русумдаги компьютерларда турли дастурлар, математик ечимлар, мураккаб системалар устида ишлаймиз. 22 йил илгари буни ҳатто тасаввур ҳам қилиб бўлмасди.

Камтарона хизматларим 2010 йили юқори баҳоланди. Менга Президентимиз фармони билан «Фидокорона хизматлари учун» ордени берилди. Бу эътирофни оқлаш мақсадида бор эътибор ва кучимни ишимни такомиллаштиришга, ўқувчиларга янада чуқурроқ билим беришга ҳаракат қилдим. Мамлакатимиз мустақиллигининг 22 йиллиги арафасида эса «Ўзбекистон халқ ўқитувчиси» деган юксак унвонга муносиб кўрилдим.

Мен буни юртимизда ўқитувчи зотига, таълимга, қолаверса, келажак авлод тақдирига ғамхўрлик, юксак эътибор намунаси деб биламан. Бундан кейин ҳам бор кучим ва билимимни, имкониятимни баркамол авлод тарбиясига, уларга ахборот-коммуникация технологияларини чуқур ўргатишдек шарафли ва масъулиятли ишга сарфлайман.

Уриш САФАРОВ,

Тошкент вилояти Оққўрғон туманидаги Агробизнес ва сервис касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси, ЎзХДП фаоли.



DB query error.
Please try later.