29.08.2013

МУСТАҚИЛЛИКНИ МУСТАҲКАМЛАШДА МИЛЛИЙ ПАРЛАМЕНТИМИЗНИНГ ЎРНИ

Давлатимиз мустақиллигининг йигирма икки йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисидаги Қарорда белгиланган вазифалар ҳаммамизнинг ҳаётимиз, фаолиятимиз билан узвий боғлиқ. Ушбу муҳим ҳужжатда мустақилликка эришиш арафасида ва истиқлолнинг дастлабки йилларида мамлакатимиз ижтимоий муаммолар гирдобида қолиб кетган бир пайтда вазиятни ижобий томонга ўзгартиришга қаратилган ислоҳотлар моҳиятини очиб бериш зарурлиги кўрсатиб ўтилган.

Шу ўринда мустақилликнинг биринчи кунларидан ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти барпо этишнинг қонуний асосларини мустаҳкамлаган миллий парламентимиз фаолиятига тўхталиш мақсадга мувофиқ, деб ўйлайман.

Мамлакат мустақиллигини қўллаб-қувватлаган Ўзбекистон Олий Кенгаши, (мустақилликнинг дастлабки йилларида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Олий Кенгаш деб аталарди) яъни миллий парламентимиз ўша кунларда мамлакат ва халқ манфаатларини ҳимоя қилди.

Миллий парламент шаклланишида пойдевор бўлиб хизмат қилган Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг зиммасига ҳаёт, даврнинг ўзи ўта масъулиятли ва шарафли вазифаларни юклаган эди. Шундай қилиб мураккаб шароитда миллий давлатчилик пойдеворини яратиш ҳамда янги, адолатли жамият барпо этишга киришилди.

Мамлакатимиз раҳбари ўн иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1994 йил 22 сентябрда бўлиб ўтган XVI сессиясида сўзлаган нутқида шундай деган эди: «Ўзбекистон парламенти ўз вазифасини шараф билан адо этди. Давлатчилигимиз, иқтисодий ислоҳотлар ва умуман янги ҳаёт биносига тамал тошларини қўйиш сизларга – мана шу муҳташам залда ўтирган инсонларга насиб этди. Бу – катта бахт».

Ўзбекистон тараққиётининг тўғри танланган ўзига хос йўли — «ўзбек модели», мақсад вазифаларнинг пухта, аниқ белгилаб олиниши, шу мақсадларга эришиш йўлида Президент, парламент ва Ҳукумат томонидан амалга оширилган оқилона тадбирлар бизга тинчлик, тотувлик бахш этди, халқимизни жипслаштирди. Зиддиятли даврлардан омон-эсон олиб ўтди. Мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлади. Ўзбекистонни жаҳон миқёсига олиб чиқди.

Парламент томонидан 1989-1994 йиллар давомида 200 га яқин қонун ва 500 га яқин қарор қабул қилинди. Собиқ иттифоқ республикалари орасида биринчи бўлиб Ўзбекистонда президентлик институти жорий қилинди. Республика Олий Кенгаши мамлакат тарихида биринчи бор Президентни сайлади. Собиқ шўролар давлатининг таъсири мутлақ барҳам топмаган бир вақтда Олий Кенгаш Мустақиллик декларациясини, Ўзбекистоннинг Давлат мустақиллиги тўғрисида қонунни қабул қилди.

Мамлакат парламенти қонунчилик ва ташкилотчилик борасида изчил фаолият юритиб, жамиятимиз ҳаётининг барча соҳаларини ислоҳ қилишга доир муҳим вазифаларни ҳал қилиб борди. «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги ва «Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида»ги қонунлар қабул қилинди. Демократиянинг асосий шарти бўлган сайлов тизимини янада такомиллаштириш зарурлигини эътиборга олиб, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги, «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида»ги Қонунларни қабул қилди. «Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонун қабул қилиниши ҳам демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш йўлида яна бир муҳим қадам бўлди.

Олий Кенгаш томонидан «Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси тўғрисида»ги Конституциявий қонун қабул қилиниши давлат ҳокимиятини ташкил этиш ва демократлаштириш сари ташланган муҳим қадамлардан бўлди.

Ижро ҳокимияти мавқеи ва обрў-эътиборини мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирлар изчиллик билан амалга оширилди. Жумладан, «Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Унда ижро ҳокимиятининг ваколатлари ва масъулияти қонун асосида мустаҳкамлаб қўйилди.

Миллий парламент Суд ислоҳотини ўтказишга ҳам салмоқли ҳисса қўшди. «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги, «Судлар тўғрисида»ги қонунлар қабул қилинди, суд ҳокимияти органларининг ваколатлари ва масъулияти мустаҳкамлаб қўйилди.

Республика парламенти мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида халқимиз ишончи ва иродасини мустаҳкамлаш, истиқлол мафкурасини шакллантириш, маънавий қадриятлар, анъаналар, урф-одатларни тиклаш соҳасида, миллий тотувликка, диний эркинликка эришиш ишларини ҳар тарафлама қўл­лаб-қувватлади.

Олий Кенгаш, бир сўз билан айтганда, давлат қурилиши ва иқтисодиётни ислоҳ қилишнинг беш тамойилига асосланиб, барча соҳалардаги ислоҳотларга пойдевор бўладиган қонунларни қабул қилди. Бу қонунлар, таъбир жоиз бўлса, мамлакатни жадал ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг мустаҳкам асосларини яратиб берди.

Ўтиш даврида айрим қўшни мамлакатларда ҳукумат ва парламент ўзаро обрў ва нуфуз талашиб, бир-бирини беобрў қилиб турган бир пайтда, бизнинг олий қонун чиқарувчи ҳокимиятимиз ва давлат ҳокимиятининг бошқа органлари ҳамжиҳатликда иш юритди.

2005 йилдан Олий Мажлис икки палатали шаклда фаолият кўрсата бошлади. Миллий парламентимиз қонун чиқарувчи олий ҳокимиятни амалга ошириб, мамлакатимизни тараққий эттириш, халқимиз ҳаётини фаровон этишнинг мустаҳкам асослари бўлган қонунларни қабул қилмоқда.



DB query error.
Please try later.