29.08.2013

ПРЕЗИДЕНТ ИСЛОМ КАРИМОВНИНГ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МУСТАҚИЛЛИГИГА БАҒИШЛАНГАН ТАНТАНАЛИ МАРОСИМЛАРДАГИ ТАБРИК СЎЗИДАН

1991 йил

Мен шу бугундан эътиборан 1 сентябрни республикамизда Мус­тақиллик куни, умумхалқ байрами деб эълон қилишни таклиф этаман.

1992 йил

Истиқлол ҳеч қачон, ҳеч қайси замонда осонлик билан қўлга киритилмаган. Мустақилликнинг бир йили — катта йўлнинг бошланиши, холос.

1993 йил

Ватанимиз истиқлолини янада мустаҳкамлаш, уни ҳимоя қилиш, юртимиз шаън-шавкатини янада юксалтириш, адолат, инсоф ва диёнат ҳукмрон бўлган эркин жамият, халқимизга муносиб фаровон ҳаёт қуриш бизнинг инсоний ва фуқаролик бурчимиздир.

1994 йил

Биз учун истиқлол — давлатимизни мустаҳкамлаш, буюк келажагимизнинг пойдеворини қуриш, миллий онгимиз ва фикримизни юксалтириш, жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрнимизни эгаллашдир.

1995 йил

Бизнинг бугунги энг буюк вазифамиз ва муқаддас бурчимиз — Ўзбекистон тарихидан ўзимизга муносиб саҳифа очиш ва уни авлодларимиз учун ибрат бўладиган олижаноб ва савобли ишлар билан тўлдиришдир.

1996 йил

Беш йил башарият тарихида — бир зум, бир дақиқа, холос. Лекин шу қисқа даврда биз босиб ўтган масофа бошқалар ўн йиллар, балким асрлар давомида босган йўл билан тенг, десак ҳеч қандай хато бўлмайди.

1997 йил

Ўзбекистон дунёга юз очди. Бизни бутун дунё таниди ва эътироф этди. Ўзимиз, ўз қўлимиз билан қурган мустақил давлатчилик пойдевори узра Ўзбекистон деб аталган юксак ва кўркам бино қад кўтармоқда.

1998 йил

Халқимизда «Етти қиш, етти ёзни омон ўтказган иморат асрлар бўйи салобат тўкиб туради», деган ҳикмат бор. Бугун Ўзбекис­тоннинг заҳматкаш ва бунёдкор халқи барпо этаётган мустақиллик иморати ҳам ана шундай мус­таҳкам ва мангуликка дахлдор бўлиб қолажак.

1999 йил

Ҳар биримиз, Ватан менга нима берди, деб эмас, мен ўзим халқим, Ватаним учун, эл-юрт тараққиёти ва истиқболи учун нима қилмоқдаман, мустақиллигимизни мустаҳкамлашга қандай ҳисса қўшмоқдаман, деган туйғу билан яшашга эришмоғимиз даркор.

2000 йил

Ватан, эл-юрт қувончи, унинг ғам-ташвиши билан яшаш, эл бошига иш тушганда мард бўлиб майдонга чиқиш — ҳаётимизнинг маъно-мазмунига айланиши лозим.

2001 йил

Жаҳон — кенг, дунёда мамлакат кўп, лекин бу оламда бетакрор она юртимиз, Ўзбекистонимиз яккаю ягонадир. Бу гўзал юрт, бу муқаддас замин фақат бизга ато этилган. Мана шу улуғ туйғу ҳар биримизнинг дилимизга жо бўлиши, ҳаётимиз мазмунига айланиши лозим.

2002 йил

Биз тараққий топган давлатлар қаторидан ўрин эгаллашга, эркин ва фаровон ҳаёт қуришга азму қарор қилган эканмиз, бу юксак мақсад-муддаоларга эришиш — биринчи галда ўзимизга, бизнинг ташаббус ва тадбиркорлигимизга, ҳар биримизнинг Ватан ва халқ олдида фарзандлик бурчимизни нечоғли масъулият билан адо этишимизга боғлиқ.

2003 йил

Бугун биз амалга оширган улкан ишларимизга якун ясаб, узоқ ва яқин атрофимиздаги ҳудудларда рўй бераётган воқеа-ҳодисалардан сабоқ ва хулоса чиқаришимиз, аввало нақадар нотинч ва мураккаб дунёда яшаётганимизни чуқур англаб олишимиз, буюк мақсадларимизга эришиш учун ҳушёр ва сезгир бўлиб, азму шижоат билан ўз танлаган йўлимизни давом эттиришимиз зарур.

2004 йил

Биз учун ягона ва устувор мақсад — бу Ўзбекистон манфаати ва яна бир бор Ўзбекистон манфаатидир. Бугун ёруғ юз билан айтишга ҳаққимиз борки, қанчалар қийин бўлмасин, биз бир кунлик ҳаёт билан яшаганимиз йўқ, келажак авлодимизнинг ризқи ва насибасига хиёнат қилганимиз йўқ.

2005 йил

Сиёсий, ҳарбий, иқтисодий омиллар қаторида яна бир ўта муҳим мезон борки, унинг номи — миллий ғурур, миллий ифтихор туйғусидир. Бу шундай буюк қудратки, тарихда бу кучга таяниб-суяниб, кўплаб халқлар энг мураккаб синовлардан, давр суронларидан омон чиққан ва бош­қаларнинг ҳавасини уйғотадиган эркин ва фаровон ҳаёт қу­ришга эришган.

2006 йил

Ўзбек халқи ҳеч қачон, ҳеч кимга бўйсунмаган ва ҳеч қачон ҳеч кимга қарам бўлмайди.

2007 йил

Ўз олдимизга юксак марралар, узоқ ва давомли эзгу мақсадлар­ни қўйиб яшашимиз, биринчи навбатда халқимизнинг турмуш даражаси ва фаровонлигини ошириш доимо эътиборимиз марказида туриши зарур.

2008 йил

Бугунги салоҳиятимиз ва имкониятларимиз мустақиллигимизнинг биринчи йилларидаги ҳолатдан ер билан осмонча фарқ қилади. Бугун бизнинг вазнимиз ва салмоғимиз ҳам, куч-қудратимиз ҳам янада ошиб, Ватанимиз олдида янги уфқлар ва имкониятлар очилмоқда.

2009 йил

Шу муқаддас заминимизда яшаётган барча инсонлар учун ҳеч кимдан кам бўлмайдиган эркин, обод ва фаровон ҳаёт қуриш йўлидан ҳеч қачон қайтмаймиз.

2010 йил

Бу вазифа замон ўзгариши билан ҳар биримиздан дунёқарашимиз, онгу тафаккуримизни, сиёсий ва ҳуқуқий савиямизни юксалтириш, ён-атрофимизда бўлаётган воқеаларга дахлдорлик туйғусини янада кучайтиришни, содда қилиб айтганда, бу гўзал ва бетакрор юрт — мен учун ягона Ватан, унинг бошидан кечираётган қувонч ва ташвишлари — менинг қувонч ва ташвишларим деб, шундай ҳиссиёт билан яшашни талаб қилади.

2011 йил

Азиз болаларим, Оллоҳнинг назари тушган, Ўзбекистон деб аталмиш гўзал ва бетакрор ўлкада туғилиш, унинг бағрида камол топиш ҳар кимга ҳам насиб этмайди. Ана шу ҳақиқат ҳар бирингизнинг қалбингиздан, юрагингиздан жой олишини истардим. Ватан севгиси, Ватанга садоқат туйғуси сизларга умрбод ёр бўлсин.

2012 йил

Мен ишонаман — асрлар, замонлар ўтар. Аммо барчамизга ўзлигимизни англаш, инсоний шаънимизни, қадр-қимматимизни, ўз юртимизга эгалик қилиш ҳуқуқини, тилимиз, муқаддас динимизни, қадрият­ларимиз, урф-одатларимизни қайтариб берган бу улуғ айём Ватанимиз тарихида олтин саҳифа бўлиб, абадий сақланиб қолажак...



DB query error.
Please try later.