27.08.2013

ЮРТ ТИНЧЛИГИ — БАРҚАРОР ТАРАҚҚИЁТ КАФОЛАТИ

ЎзХДП Марказий Кенгашида «Юрт тинчлигиижтимоий барқарорлик ва халқ фаровонлигига эришиш гарови» мавзусида ўтказилган давра суҳбатида шу ҳақда алоҳида таъкидланди.

Унда партия Марказий Кенгаши масъул ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзолари, вилоят партия кенгашлари раислари, олимлар, сиёсатшунослар ва ёшлар иштирок этди.

Тадбирда асосий эътибор Президентимизнинг «Ўзбек хал­қига тинчлик ва омонлик керак» номли рисоласида билдирилган фикрлардан келиб чиқадиган вазифалар ва уларнинг бажарилишида партиямизнинг иштирокини кучайтириш масалаларига қаратилди.

Мазкур рисолада халқимизга хос бўлган ўтганларни қадрлаш, уларнинг эзгу амалларидан ўрнак олиб, Ватан равнақи ва одамлар ҳаётининг янада фаровон бўлиши йўлида меҳнат қилиш фазилатлари чуқур очиб берилган, — дейди ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси Ҳотамжон Кетмонов.Унда билдирилган фикрлар ҳар бир юртдошимизни истиқлол берган имкониятлар ҳақида яна бир бор чуқур ўйлаб кўриш, тинчлик ва осойишталигимизни асраб-авайлашга ундайди. Бу жараёнда сиёсий партияларнинг фаол иштирок этиши айниқса, муҳимдир. Демак, аҳоли орасида олиб бораётган ишларимизда шу масалаларга алоҳида эътибор қаратилиши керак.

Зиёвуддин МАНСУРОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Сир эмаски, бугунги кунда халқаро вазиятнинг шиддат билан ўзгариши, ер юзининг турли нуқталарида янги низо ўчоқларининг пайдо бўлиши жаҳон жамоатчилигида катта ташвиш ва хавотир уйғотмоқда. Шу боис Ўзбекистон мустақилликка эришган биринчи кунларданоқ «Қўшнинг тинч — сен тинч», деган азалий ҳикматга амал қилиб, афғон можаросини тинч йўл билан ҳал этиш ҳаракатида бўлиб келаётгани, бу муаммо доимо бизнинг эътиборимиз марказида тургани, давлатимиз раҳбарининг нуфузли халқаро минбарларда афғон муаммосини бартараф этиш мақсадида жон куйдириб, дунё ҳамжамиятига такрор ва такрор мурожаат қилгани барчамизга маълум. Бугун бу борадаги ишлар жаҳон ҳамжамияти томонидан алоҳида эътироф этилмоқда. Халқимизнинг тинч-осойишта ҳаёти учун барча имкониятлар ишга солинмоқда.

Биз тинчликсевар халқмиз. Уйимиз, маҳалламиз — юртимиз тинч бўлса хотиржам меҳнат қилиб, ҳар қандай ютуқ ва маррага ўз кучимиз билан эришамиз.

Қобилбек КАРИМБЕКОВ, сиёсий шарҳловчи:

— Тинчлик — бебаҳо неъмат, унга эришиш, уни сақлаб қолиш бугунги кун учун осон эмас. Давлатимиз мустақил тарақ­қиёт йўлида дунёнинг ҳавасини келтирадиган ютуқ ва марраларга эришмоқда. Уларнинг негизини юртимиздаги тинч ва осуда ҳаёт, тотувлик ҳамда ўз­аро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик каби олижаноб фазилатлар ташкил этади.

Мураккаб даврда яшаётганимиз, ҳар тарафда ахборот хуружи авж олаётгани ҳеч биримизга сир эмас. Шу боис воқеликка теран мушоҳада билан қараш, жаҳонда ва ён-атрофимизда кузатилаётган маънавий таҳдид ва хатарларни тўғри баҳолаб, улардан тегишли сабоқ чиқариб яшаш керак. Юртимизда тинчлик-осойишталикни таъминлаш йўлида давлатимиз томонидан катта иш олиб борилаётгани, халқимиз осойишта ҳаёт кечираётгани бизнинг катта бахтимиздир. Шундай экан, тинч, осойишта ва фаровон ҳаётнинг қадрига етиб, юртимиз янада тараққий этишига ҳар биримиз ўзимизнинг муносиб ҳиссамизни қўшмоғимиз лозим.

Мўътабар КАРИМОВА, ЎзХДП Жиззах вилоят кен­гаши раиси:

— Энг улуғ, энг азиз айём — Мустақиллик байрамини катта тайёргарлик билан кутиб олиш эзгу анъанага айланиб қолган. Байрам арафасида босиб ўтган йўлимиз, амалга оширган ишларимизни сарҳисоб қилиб, бугунги ютуқ ва марраларни кўз ўнгимиздан ўтказишимиз табиий.

Вилоят аҳли қўлга киритаётган ютуқларда 425 та бошлан­ғич ташкилот, 11 та туман ва ша­ҳар кенгашига бирлашган 15202 нафар партиядошимиз муносиб ҳисса қўшишга ҳаракат қилмоқда. Халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайланган 11 нафар, шаҳар ва туман Кенгашларидаги 126 нафар депутат партия Ҳаракат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, электорат манфаатларига дахлдор масалаларни аниқлаш ва ечимини топиш юзасидан муқобил таклифларини илгари суриб, уларни амалга оширишга эришмоқда.

Айтиш керакки, вилоятда шу йилнинг ўтган олти ойи давомида 23698 та янги иш ўрни яратилиб, бу борада белгиланган режа 107,9 фоизга бажарилди. Юқори ҳақ тўланадиган, барқарор янги иш ўринлари ташкил этилишидан, айниқса, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами катта манфаатдор эканини ҳи­собга олган ҳолда депутатлик гуруҳларимиз режалаштирилган иш ўринларининг очилишига жиддий эътибор қаратиб келмоқда.

Саида ЖЎРАЕВА, ЎзХДП Бухоро вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кен­гашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари:

— Мустақиллигимизнинг даст­лабки кунларидан бошлаб жамиятимизда барқарорликни таъминлаш, фуқароларимиз хавфсизлиги ва осойишталигини асраш ҳал қилувчи вазифаларидан бири этиб белгиланди. Шу ҳақда гап кетганда, давлатимиз раҳбарининг инсоннинг энг устувор ва муқаддас ҳуқуқларидан бири бу — тинч яшаш ҳуқуқидир, давлат ва жамиятнинг бурчи ана шу ҳуқуқни барча қонуний воситалар билан кафолатлаб беришдан иборат, деган фикрларини ҳар доим ёдда тутиш зарур.

Демак, давлат ва жамиятни демократлаштириш йўлидаги ҳар бир саъй-ҳаракат, аввало, юртимиздаги тинчлик ва осо­йишталик, миллатлараро то­тувлик ва халқимиз ўртасида­ги ҳамжиҳатликни асрашдан иборат бўлиши лозим. Жойларда ташкил этилаётган сиёсий ва фуқаролик маърифати тизимидаги ўқувларда бунга алоҳида эътибор бериш зарур. Турли мафкура ва қарашлар авж олган ҳо­зирги замонда инсон онгу-тафаккурини бузғунчи ғоялар билан забт этишга бў­лаётган ҳаракатларга бепар­во қараб бўлмайди. Шу боис аҳоли, айниқса, ёш­лар орасида тарғибот-тушунтириш ишларини кенг кўламда олиб боришимиз керак.

Маҳмуджон МАҲКАМОВ, ЎзХДП Фарғона вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кен­гашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари:

— Тинчлик ва барқарорлик ҳукм­рон бўлган мамлакатдагина тараққиёт бўлади. Ўтган йиллар давомида давлатимизнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳияти юксалиб бораётгани ҳам осойишта кунлар шарофатидан. Бугун мамлакатимизнинг қайси бир ҳудудига назар ташласак, юксалиш ва ўзгаришларга гувоҳ бўламиз. Хусусан, мустақиллик йилларида Фарғона вилоятида ҳам катта ўзгаришлар бўлди, соҳалар ривожи йўлида кенг кўламли ишлар олиб борилди ва бу аҳоли фаровонлиги ошишига хизмат қилмоқда. 2013 йилнинг биринчи ярим йиллик якунида вилоятда 2208,3 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, ўсиш суръати ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 108,8 фоизни ташкил этди. 6 ойдаги ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 3,6 триллион сўмга етди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 640 миллиард сўмга кўп, дегани.

Энг муҳими, бу каби ижобий ишларда партиямиз фаоллари, депутатлар ҳам ўзларининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаяпти. Ватанимиз тинчлиги ва фаровонлигини, халқимиз ҳамжиҳатлигини янада мустаҳкамлаш учун ҳаммамиз, ҳар биримиз дои­мо ҳушёр, огоҳ бўлмоғимиз, бугунги тинч-осойишта кунларнинг қадрига етиб, уни кўз-қорачиғидек асрашимиз даркор. Жойларда ўтказилаётган тадбирлар орқали аҳоли, хусусан, партия электорати вакилларига мустақилликни мустаҳкамлаш йўлидаги эзгу ишларда фаол иштирокчи бўлиш лозимлигини тушунтириш лозим.

Давра суҳбатида яна кўплаб фикрлар, мулоҳазалар билдирилди. «Қадр-қимматим, таянчим ва ифтихоримсан, мустақил Ўзбекис­тон!» шиори остидаги маданий-маърифий байрам тадбирларини юқори савияда ўтказиш, мустақиллик байрамидан кейин ҳам бу йўналишдаги ишларни изчил давом эттириш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбирлари.



DB query error.
Please try later.