27.08.2013

САЙЁРАМИЗ КЕЛАЖАГИ ВА ИНСОНИЯТ ТАҚДИРИ

экологик муаммолар ечимига, табиатни асрашга боғлиқ

Экологияга муносабат нафақат ҳозирги кунимиз, балки келажак тақдиримизни ҳам белгилаб беради. Шу сабабли атроф-муҳитни муҳофаза қилиш умумхалқ ва умумдавлат аҳамиятига молик масаладир. Сайёрамиз келажаги ва инсоният тақдири бугунги кунда экологик муаммолар ечимига, табиатни муҳофаза қилишга ҳар жиҳатдан боғлиқ бўлиб қолди. Чунки экологик муаммо замирида алоҳида халқ, миллат ва минтақанинггина эмас, балки бутун дунё, бутун инсоният келажаги, тақдири ётибди. Бошқача айтганда, табиатни муҳофаза қилиш, инсон ва табиатнинг ўзаро муносабатларида мувозанатга эришиш асримизнинг энг долзарб муаммоларидан ҳисобланади.

Фан-техника тараққиётининг атроф-муҳитга салбий таъсири, табиат жонзотлари ҳаётининг мураккаблаша бориши турли экологик зиддиятларни келтириб чиқармоқда, инсоният олдига ҳаётнинг боқийлигини таъминлаш билан боғлиқ глобал муаммоларни қўймоқда. Оддий ҳақиқат тобора ойдинлашиб бораяптики, инсон табиатга, ўзи­ни ўраб турган атроф-муҳит­га муносабатини ўзгартириши, табиат қонунларини билиши ва унга қатъий амал қилиши лозим.

Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, атроф-муҳитни ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, экологик хавфсизликни таъминлаш, экологик муаммоларни бар­тараф этиш ҳамда уларнинг салбий оқибатлари олдини олиш борасидаги ишлар босқичма-босқич, изчил амалга ошириб келинмоқда.

Аммо соҳадаги вазифаларнинг миқёси ва кўлами, мамлакатимиз ҳамда минтақада экологик ҳолатни соғ­ломлаштириш муаммоларини яхлит ҳолда ҳал этиш давлат органлари, жамоат бирлашмалари, фуқаролик жамияти институтлари ва фуқароларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришни талаб қилади. Соғлом атроф-муҳит муҳофазаси дав­­лат, жамият ва ҳар бир фуқаронинг вазифаси бў­лиши лозим.

Президентимиз Ислом Каримов Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида атроф-муҳитни ҳимоя қилишни таъминлаш тизимида нодавлат нотижорат ташкилотларнинг роли ва ўрнини белгилашга қаратилган «Экологик назорат тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва бош­қа қатор қонун ҳужжатлари­ни қабул қилиш фурсати етганини таъкидлаган эди.

Ўтган давр мобайнида мазкур қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилди. Қизғин муҳокамалардан ўтиб қонун лойиҳаси парламент қуйи палатасида биринчи ўқиш­да қабул қилинди. Айни пайтда уни янада такомиллаштириш устида иш олиб борилмоқда.

Таъкидлаш керакки, юқо­ридаги қонуннинг қабул қилиниши биринчи навбатда экологик назоратни амал­га оширишга жамоатчиликни кенг жалб этиш ва нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқоролик жамия­ти институтлари, ҳар бир фуқаронинг атроф-муҳит­ни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фой­даланиш масалалари устидан жамоатчилик назоратини олиб бориш ҳуқуқини мустаҳкамлашга хизмат қи­лади.

Шунингдек, экология­ни муҳофаза қилишга оид қонунларнинг ижросини таъ­минлаш, экологик муаммолар ечимини топиш, бунга жамиятнинг турли қатламлари ва давлат тузилмаларини жалб этган ҳолда экологик назоратни татбиқ этиш имконини беради. Шу билан бирга, атроф-муҳитнинг ифлосланиши, фуқаролар ҳаёти ва саломатлигига хавф солиши мумкин бўлган вазиятларни назорат қилишнинг механизмини яратади.

Бундан ташқари, жамоатчилик экологик назоратининг самарадорлигини оши­риш, экологик назорат соҳа­сидаги махсус ваколатли органларнинг на­зорат фао­лиятини ва ўзаро ҳамкорлигини такомиллаштиришга кенг йўл очади.

Умуман олганда, бу бора­да нодавлат нотижорат таш­килотлари, жамоат тузилмалари ва фуқаролар ўзи­ни ўзи бошқариш органларининг ҳуқуқ ҳамда ваколатлари кенгайиши атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқи­лона фойдаланиш жараёнлари устидан жамоатчилик экологик назоратини самарали амалга оширишга яна­да кенг шарт-шароит яратмоқда.

Атроф-муҳит ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қи­лиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳам­да экологик хавфсизликни таъминлаш жараёнида юза­га келадиган муаммоларни бартараф этишда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўрнини мустаҳкамлашнинг аҳамияти беқиёсдир.

Бугунги кунда юртимизда айнан атроф-муҳит ва экологик тизимни сақлаш борасида 100 дан ортиқ но­давлат нотижорат ташкилотлар фаолият юритмоқда. Уларнинг экологик муам­моларни ҳал этишда фаол иштирокини таъминлаш мақ­садида қонунчиликда нодавлат нотижорат ташкилот­лар ва жамоат бирлашмаларининг экология соҳасидаги ваколатлари мустаҳкамланмоқда.

Мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш бў­йича туб ислоҳотлар амалга оширилаётган бир пайт­да атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасини ҳам ривожлантириб бориш, бу бо­рада жамоатчилик назорати асосларини кенгайтириш барқарор тараққиётни таъминлашнинг муҳим шартидир.

Хабарингиз бор, Ўзбекис­тон Республикасининг «Эко­логик назорат тўғрисида»ги қонуни лойиҳаси умумхалқ муҳокамаси учун матбуотда эълон қилинган эди. Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитасига мазкур қонун лойиҳасини такомиллаштириш юзасидан фуқаролар, жамоатчилик институтлари, нодавлат нотижорат ташкилолатлари, бошқалардан юзлаб таклифлар келмоқда.

Қонун лойиҳасининг умум­халқ муҳокамасидан ўтиб, сўнг такомиллашган ҳолда қабул қилиниши жамоатчиликнинг экологик назорат соҳасидаги ҳуқу­қий имкониятларини кенгайтирибгина қолмасдан, балки атроф-муҳитни муҳофаза қилишга оид қонунчиликни ривож­лантириш, шунингдек, жамиятни демократлаштириш, жамиятнинг турли қатламлари ўр­тасидаги муносабатларни уйғунлаштириш борасида ҳам янги қадам бўлади.

Саттор РАҲМАТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Экология ва атрофмуҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси аъзоси.


DB query error.
Please try later.