27.08.2013

МУҚОБИЛ ЭНЕРГИЯ, МУҚОБИЛ ЛОЙИҲА, МУҚОБИЛ ТАКЛИФ

Ўз уйингдан бошла

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Глобал экологик жамғармасининг кичик грантлар дастури (ГЭЖ КГД) шиори — глобал ўйла, ўз уйинг­дан бошла. Ҳа, глобал экологик муаммоларни ҳал этиш, аввало, мамлакатлар фуқароларининг, жамоат ташкилотларининг ҳаракатларидан бошланади.

ГЭЖ КГД томонидан молиялаштириладиган лойиҳаларга қўйиладиган биринчи талаб атроф-муҳит учун фойдалилик мезонидир. Худди шундай яна бир муҳим талаб борки, бу — дастур ёрдамида ҳаётга татбиқ этилган инновацион ғоя ёки технологиянинг ҳамма учун очиқлиги, уни оммалаштириш имкониятларининг яратилишидир.

Дастур ёрдамида ўзининг ғоясини амалга оширган киши ёки ташкилот атроф-муҳитга фойдали амалиётни ўзларида синаб кўрганлигини бош­қаларга тушунтириши ва тажрибасини кенг тарғиб қилиши керак.

Мазкур дастур Ўзбекистонда 2008 йилда фаолият бошлаган бўлса, шу давр ичида биохилма-хиллик, иқлим ўзгариши, иқлим ўзгаришига мослашиш, ерларнинг емирилиши ва чўлланиш каби 59 та лойиҳани молиялаштирди. Бу лойиҳаларнинг айримлари синов жараёнида бўлса, бош­қалари аллақачон оммалашган. Уларнинг баъзилари билан танишиш газетхонларимиз учун ҳам қизиқарли бўлса керак.

МуҚобил энергия

Сирдарё вилояти Ховос туманидаги «Надежда» фермер хўжалиги раҳбари Надежда Дурдина ГЭЖ КГД молиялаштирган лойиҳа асосида фермасига биогаз қурилмасини ўрнатган. Ҳозир унинг фермаси энергиянинг экологик тоза муқобил манбаси — биогаз қурилмаси ёрдамида ишлаб чиқиладиган электр қуввати билан ишламоқда.

Бизга яхши маълумки, замонавий биогаз қурилмалари чорвачилик, маиший чиқиндилар ва ем-хашак қолдиқларидан қимматли органик ўғит ва биогаз олиш имконини беради. Бундай газни иссиқлик олиш учун ёқиш ёки газ генератори ёрдамида электрга айлантириш мумкин. Бу жараёнда чиқиндилар қайта ишланиб, нитрат ва нитритлардан, бегона ўт уруғларидан, патоген микрофлора, гельминтлар тухуми, ўзига хос ҳидлардан холи экологик тоза қаттиқ органик ўғит ҳосил бўлади. Бундай ўғит турли иқлим ҳудудларида ҳар қандай тупроқ турларининг ҳосилдорлигини оширишда ва экологик ҳолатини яхшилашда қўлланилиши мумкин.

Энг асосийси, атмосферага тарқаладиган зарарли иссиқхона газлари миқдори кескин камаяди.

Дарвоқе, айни кунда Надежда биогаз қурилмасидан фойдаланаётган ягона фермер эмас. Грантга тақдим этилган лойиҳада қурилмани йиғиш ва ўрнатишга бошқа фермерларни ҳам ўргатиш назарда тутилган эди. Унинг фермер хўжалигида ташкил этилган ўқув базасида фермерлар қурилманинг ишлаш жараёнини ўз кўзлари билан кўради, ишлаш принципларини тушуниб олгач, аксарияти хўжалигида қурилмани ўрнатиш иштиёқи билан кетишади ва буни амалга оширади ҳам.

Сувни тежаш

Наманганлик Абдулвоҳид Болтабоев фермер хўжалигида томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилди. Мавжуд сув ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлайдиган бу усулнинг қувурли тизимидан фойдаланиб, қўшнилари бир гектар ердан 15-21 центнердан ҳосил кўтарган бир вақтда, у 38 цент­нердан пахта етиштирди. Бунинг учун сувни уч марта, минерал ўғитларни 50 фоиз, қишлоқ хўжалик техникаси учун ёнилғини 58-60 литр кам сарфлади.

Айни кунда Абдулвоҳиднинг ишлаб чиқариш корхонасида ГЭЖ КГД ажратган грант ҳисобидан хомашё олиниб, томчилатиб суғориш тизимлари иш­лаб чиқариляпти. Бир қанча боғдорчилик ва пахтачилик билан шуғулланадиган фермерлар бу тизимни сотиб олиб, ўз далаларида фойдаланишаяпти.

ҚАДИМИЙ ҚУРИЛМАНИНГ НАВҚИРОН АВЛОДИ

Чархпалак, чиғир, сув тегирмони — ота-боболаримиз ишлатган ва бизнинг давримизгача етиб келган турли номдаги бу сув қурилмаларини айни кунларда ҳавасманд кишилар боғига ёки кафесига чирой ва эксклюзивлик бахш этиш учун фойдаланишади, холос. Лекин бу қадимий технологияни озгина такомиллаштириб, янги натижаларга эришиш мумкин. Спираль механизм ёрдамида сув оқимининг кучи билан бу қурилма сувни унинг сатҳидан баландга етказиб беради. Қурилманинг «аждодлари» эса ариқдаги сувни майдонни суғориш учун ўзидан паст­да ёки ўзи билан тенг жойлашган ва каналга бевосита яқин бўлган майдонга етказиб берган.

Замонавий спираль чархпалак билан анча баланд қияликдаги далани суғориш мумкин.

Шерободлик Ҳусниддин Холмаматов ана шундай замонавий чархпалакни фаолиятида қўллаяпти.

— Бу усул билан бир томчи ёнил­ғи сарфламай, сувни баландликка кўтариш билан бирга сувнинг ерга сингишига ҳам барҳам берилади, — дейди у.

Энди тасаввур қилинг. Агар бу технология кенг қўлланилса ёнилғи тежалади, уларнинг ёнишидан атроф-муҳитга ажраладиган зарарли чиқиндилар камаяди.

Агар сизда дастур лойиҳаларига қизиқиш уйғонган бўлса, www.sgp.uz сайтига киришингиз, турли лойиҳаларнинг бюджети ва қурилмаларининг чизмалари билан батафсил танишишингиз мумкин.

Сирасини айтганда, фаолиятингизда дастур йўналишлари бўйича муаммонгиз ва бу муаммони ҳал этиш борасида ғоя ва таклифларингиз бўлса ҳам албатта сайтга мурожаат қилишингиз лозим. Бу ерда лойиҳага қўйиладиган талаблар ва грант олиш учун ҳужжатлар тақдим этиш қоидалари ҳақида маълумот оласиз.

— Атроф-муҳит ҳимояси, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш борасидаги энг мақбул ғояларни амалга оширишда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Глобал экологик жамғармаси кичик грантлар дастури сизга яхши кўмакдош бўлиши мумкин, — дейди дастур миллий координаторининг жамоатчилик билан алоқалар бўйича ассистенти Мақсад Бауетдинов.

Шарофат ЙЎЛДОШЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.