27.08.2013

РЕГИСТОНДА ДУНЁ ТАРОНАЛАРИ ЯНА ЯНГРАЙДИ

Қўҳна цивилизация бешиги ҳисобланган, Шарқ фалсафаси руҳи, бетакрор санъати ва бой маънавий меросини ўзида мужассам этган, асрлар мобайнида дунё аҳлини ҳайрат ва ҳаяжонга солиб келаётган ­Самарқанд катта шодиёна оғушида. Кўчалар, хиёбонлар, сайлгоҳларда байрам шукуҳи, ана шу кўтаринки кайфият одамларнинг руҳиятини чулғаб олган.

«Шарқ тароналари» тўққизинчи халқаро мусиқа фестивалига тайёргарлик даврида Самарқандда катта ҳажмда қурилиш ва бунёдкорлик ишлари бажарилди. Мазкур халқ­аро мусиқа анжумани давлатимиз мустақиллигининг 22 йиллиги арафасида бўлиб ўтаёт­ганлиги боис бу йўналишдаги амалий ишлар янада кенг қулоч ёйди. Регис­тон майдонида фестивалнинг асосий саҳнаси тайёрланиб, байрам мазмун-моҳиятига монанд равишда безаш ва жиҳозлаш ишлари олиб борилди.

Фестиваль кунлари шаҳардаги музейлар, ҳунармандлар марказларида халқимиз мусиқа маданияти ва тарихига оид янги экспозициялар ташкил этилади, миллий чолғу асбоблари ва тарихий либослар намойиши ўтказилади. Бу тадбирлар фестивалнинг асл мақсадига мос келади. Санъат байрамининг ғояси дунё халқлари миллий куй-қўшиқларини бир-бирига туташтириш, ривожлантириш, ёш авлодни санъатга, айниқса, мусиқага меҳр руҳида тарбиялаш, халқлар ўртасида ижодий ҳамкорликни, дўст­ликни мустаҳкамлаш, маданий алоқалар доирасини янада кенгайтиришга қаратилган.

Тодд Лавелле – Халқаро фестиваль ҳайъат аъзоси (Таиланд):

– Менга Ўзбекистон, унинг тарихий обидалари жуда ёқади. Бу мўъжиза! Бундай фестивални ташкил этгани учун Президентингизга чин дилдан миннатдорлик билдираман. Тадбирда қатнашаётган мусиқачилар, санъаткорлар нафақат куйлашади, жонли ижрога янги ҳаёт бахш этади. Бу ердаги ижодий муҳитдан таассуротларим беқиёс. Мен Ўзбекистон ҳақида янада кўпроқ билгим келмоқда. Сизлар маданий меросингизни сақлаш баробарида уни ривожлантирмоқдасиз. Муҳими, бу авлоддан авлодга ўтмоқда. Ёшлар буни нақадар қимматли эканлигини англашларининг ўзи мени ҳайратга солмоқда. Бу халқингизнинг ўлмас бойлигидир.

Аида Эйвазова – журналист (Озарбойжон):

— Мен айни шу кунларда меҳнат таътилига чиқиб, ўз ватаним Озарбойжонда бўлишим керак эди. Лекин «Шарқ тароналари» фестивалини ёритишга бўлган иштиёқ туфайли бу ердаман. Мен Озарбойжон телерадиокомпаниясининг Ўрта Осиё ва Ўзбекис­тондаги мухбириман. Самарқандни жуда яхши кўраман. Чунки у жуда гўзал шаҳар. Бугун у яна ҳам мафтункор қиёфа касб этган. Одамларни ўзига ром айлаб, чорламоқда. Бир йилда шаҳарга 300 мингдан зиёд сайёҳ ташриф буюраётган бўлса, бугун меҳмонлар, сайёҳлар сони янада ошган. Баҳорда гуллар қийғос очилганидек, «Шарқ тароналари» мусиқий гулдастасини кўҳна Самарқанд бутун дунё халқлари ҳукмига ҳавола этади. Журналист сифатида уни ёритиш менга завқ бағишлайди.

Ли Минг – Тайван фольклор фестивали ассоциацияси бош котиби:

– Биринчи бор Ўзбекистонга 2003 йил келгандим. Ҳар гал янгидан-янги ўзгаришларни кўраман. Булар Ўзбекистоннинг қудратини, халқингизнинг салоҳиятини билдиради. Сизнинг бой тарихингиз, маънавий меросингиз юксак эканлигини кўрсатади. «Шарқ тароналари» халқ­аро мусиқий фестивалида мен бунга иқрор бўлганман. Ўзбек санъати — қадимий санъат, «Шарқ тароналари» фестивалида янграётган куй-қўшиқларингиз буни тасдиқлаб турибди.

Мен фестивалда қатнашгач, бу санъат форумининг аҳа­мия­ти қанчалик юксак даражада эканлигини ҳис этдим. Фес­тиваль дунё халқлари ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашга катта ҳисса қўш­моқда. Дунё мамлакатлари санъаткорларининг ўзаро тажриба алмашишлари учун катта имконият яратмоқда.

 Мазкур фестивалда бўладиган илмий-амалий конференцияда мен «Тайван ва Ўрта Осиё ўртасидаги ўзаро алоқалар тўғрисида»ги маърузам билан иштирок этаман. Ўйлайманки, бу илмий анжуман Шарқ халқлари маданий меросини чуқурроқ ўрганишга хизмат қилади.

Саида Даукеева – Курманғози номидаги Қозоқ миллий консерваторияси фольклор лабораторияси мудири, санъатшунос олим (Қозоғистон):

– Мен Қозоғистон, Марказий Осиё, шунингдек, Европа каби турли давлатлардаги илмий конференция, форумларда иштирок этганман. Ўзбекистонда биринчи бор қатнашаяпман. Ушбу анжуманга қозоқ халқининг қадимги мусиқий чолғу асбоби – қобизнинг тарихи ҳақида маъруза тайёрлаганман. Шунинг­дек, конференцияда бош­қа ҳамкасбларимнинг ҳам маърузаларини тингламоқчиман. Умуман, «Шарқ тароналари» мусиқа фестивали дунё мусиқаларининг акс садосидир. Мен у ҳақда жуда кўп эшитганман. Таърифи дунёга маш­ҳур, бу фестивалга бутун дунёдан олимлар, таниқли мусиқашунослар, бастакорлар, композиторлар ташриф буюришади. Уч минг йиллик тарихга эга бўлган қадимий ва навқирон Самарқанд шаҳрига келганимдан бағоят хурсандман. Шу ўринда фестиваль ташкилотчиларига ўз миннатдорлигимни билдираман.

Френки Раден – ҳайъат аъзоси, мусиқашунос олим (Индонезия):

– Ўтказилаётган фестивалда нафақат ҳайъат аъзоси сифатида, балки конференцияда ўз маърузам билан иштирок этаман. Унда Индонезия мусиқа маданиятининг умумий хусусиятлари ҳақида гапирмоқчиман. Ўзбекистон – гўзал мамлакат, у ҳақда жуда кўп ўқиганман, эшитганман. Интернетдан Самарқанд ҳа­қидаги маълумотлар билан танишиб чиқдим ва юртингизга тезроқ бориш орзуим бўлиб қолди. «Шарқ тароналари» бетакрор ҳамда дунёдаги нуфузли фестиваллардан биридир. Биласизми, мен кўплаб санъат анжуманларида иштирок этганман, лекин бу фестиваль дунё халқлари миллий маданияти ва санъатини намойиш этаётгани билан қадрли. Бу барчани қувонтиради.

Насиба Собирова,

Альбина Жуманова,

«Ўзбекистон овози» мухбирлари. Самарқанд шаҳри.



DB query error.
Please try later.