27.08.2013

НОГИРОНЛАР ҲУҚУҚИ ВА МУҲОФАЗАСИ

Мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки кунларидан бошлаб аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишни янада кучайтириш, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож ногиронларга ҳаётда тенг имконият ва шароитлар яратиб бериш масаласига алоҳида аҳамият бериб келинади. 1991 йил 18 ноябрда «Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Мазкур қонун 2008 йилдаги «Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонунга мувофиқ янги таҳрирда қабул қилинди.

Ногиронлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, юқоридаги қонун, Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 17 майдаги «Ногиронларни соғ­ломлаштириш ва протезлаш миллий марказини ташкил этиш тўғрисида»ги, 2010 йил 23 декабрдаги «Ногиронларни тиббий-ижтимоий ва касбий реабилитация қилиш самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги, 2011 йил 5 январдаги «Аҳолини иш билан таъминлаш ва ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун ташкилотларга нисбатан молиявий санкция­лар қўллаш, шунингдек, меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун ташкилотлар фаолиятини тўхтатиб қўйиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади.

Қонун ҳужжатларида ногиронларга турли соҳаларда имтиёзлар белгиланган. Жумладан, «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги қонуннинг 22-моддасига асосан, ногиронлар, шу жумладан, ногирон болалар ва болаликдан ногиронлар тиббий-ижтимоий ёрдам олиш, куч-қувватни тиклашнинг барча турларидан фойдаланиш, дори-дармонлар, протез-ортопедия мосламалари, ҳаракатланиш воситалари билан имтиёзли асосларда таъминланиш, шунингдек, касб-кор эгаллаш ва қайта тайёргарликдан ўтиш ҳуқуқига эга.

Ногиронлар давлат соғлиқни сақлаш тизими ҳамда меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш муассасаларида бепул тиббий-ижтимоий ёрдам олиш, ўз уйларида парвариш қилиниш, ўзганинг парваришига муҳтож бўлган ёлғиз ногиронлар ва сурункали руҳий хасталикларга чалинган ногиронлар эса ижтимоий таъминот муассасаларида яшаши қонунларимизда кўрсатилган.

«Шаҳар йўловчилар транспортидан бепул фойдаланишни тартибга солиш тўғрисида»ги қонунда 1941-1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва урушнинг I гуруҳ ногиронига ҳамроҳлик қилувчи шахс, кўзи ожиз ногиронлар ва кўзи ожиз ногиронга ҳамроҳлик қилувчи шахсларнинг шаҳар йўловчилар транспортидан (таксидан ташқари) бепул фойдаланиш ҳуқуқи кафолатланган.

Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 2 февралдаги «Даволаш-профилактика муассасаларини маблағ билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорига асосан, болаликдан ногиронлар, I ва II гуруҳ ногиронлари, 1941-1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек, уларга тенглаштирилган шахслар, Чернобиль АЭСидаги ҳалокат оқибатларини тугатишда қатнашган ногирон шахслар тур­ғун даволаш-профилактика муассасаларида овқатланиш тўловидан озод қилинади. Шунингдек, мазкур қарорда 1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчилари ва ногиронлари ҳамда уларга тенглаштирилган шахслар, Чернобиль АЭСидаги ҳалокат оқибатларини тугатишда қатнашган ногирон шахсларга  амбулаторияда даволанишда дори-дармонлар текин берилиши қайд этилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 февралдаги қарори билан тасдиқланган «Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ҳамда тўлаш тартиби тўғрисидаги низом»нинг 9-бандига кўра, ота-оналардан бири ёки ҳар иккиси ҳам ногирон бўлган оилалар, ногирон боласи бўлган оилалар болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам олишда устунлик ҳуқуқига эга. Кексалар ва ногиронлар, уруш ва меҳнат фахрийлари санаторийларга бепул йўлланмалар олиши мумкин. Болаликдан ногиронлар, I ва II гуруҳ ногиронлари, 1941-1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек, уларга тенг­лаштирилган шахслар, Чернобиль АЭСи ҳалокатини тугатишда иштирок этган шахслар жумласига кирувчи ногиронлар республика ихтисослаштирилган марказлари томонидан давлат бюджети маблағлари ҳисобига тиббий ёрдам кўрсатишда имтиёзларга эга.

Ногиронлар ўзларининг ҳуқуқ­лари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, улар учун бошқа фуқаролар билан тенг имкониятларни таъминлаш мақсадида ташкилотлар тузишлари мумкин. Ҳозирда Адлия вазирлиги томонидан рўй­хатдан ўтказилган ва ногиронлар соҳасида фаолият олиб борувчи Ўзбекистон ногиронлар жамияти, Ўзбекистон Миллий паролимпия ассоци­а­ция­си, Ўз­бекистон ногирон ишбилармон аёллар миллий ассоциация­си, Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти, Ўзбекистон карлар жамияти каби ташкилотлар ва уларнинг ҳудудлардаги бўлимлари фаолият олиб бормоқда.

Мамлакатимизда бундай ташкилотларнинг эмин-эркин фаолият юритиши учун барча имкониятлар яратиб берилган ва ушбу ташкилотларнинг олиб бораётган фаолиятлари ҳам эътибордан четда қолмайди. Жумладан, ҳар йили ногиронларни ҳимоя қилиш соҳасида фаолият юритувчи бир қатор нодавлат нотижорат ташкилотларининг аҳамиятга молик лойиҳалари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан молиялаштирилиб келинмоқда.

Ногиронлар ва уларнинг ташкилотларига солиқ соҳасида бир қатор имтиёзлар белгилаб берилган. Хусусан, Солиқ кодексига асосан уруш ногиронлари ёхуд 1941-1945 йиллардаги уруш даврида ёки ҳарбий хизматнинг бошқа мажбуриятларини бажаришда яраланганлиги, контузия бўлганлиги ёки шикастланганлиги оқибатида ёхуд фронтда бўлиш билан боғлиқ касаллик туфайли ногирон бўлиб қолган ҳарбий хизматчилар жумласидан бўлган бошқа ногиронлар, собиқ партизанлар жумласидан бўлган ногиронлар, шунингдек, пенсия таъминоти бўйича мазкур тоифадаги ҳарбий хизматчиларга тенглаштирилган бошқа ногиронлар, болаликдан ногирон бўлиб қолганлар, шунингдек, I ва II гуруҳ ногиронлари солиқ солишдан қисман (даромад олинган ҳар бир ой учун энг кам иш ҳақи­нинг тўрт баравари миқдоридаги даромадлар бўйича) озод қилинади.

1941-1945 йиллардаги уруш ногиронлари, I ва II гуруҳ ногиронлари мулкида бўлган мол-мулк жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни, ер солиғини, ишлаб чиқарувчи корхона томонидан қўл билан бошқаришга мослаштирилган енгил автомобилни ва (ёки) мотоаравачани олувчи барча гуруҳлардаги ногиронлар автотранспорт воситаларини олиш ва (ёки) Ўзбекистон Республикаси ҳудудига вақтинчалик олиб кириш учун йиғимни тўламайди. 1941-1945 йиллардаги уруш ногиронлари нотариал ҳаракатлар амалга оширилганда давлат божини тўлашдан, қариялар ва ногиронларнинг интернат-уйларида яшовчи қариялар ва ногиронлар фуқароларни турар-жойга қайд этганлик ва рўйхатдан чиқарганлик ёхуд турган жойи бўйича ҳисобга олганлик учун давлат божи тўлашдан озодлар.

Ногиронларнинг жамоат бирлашмалари, «Нуроний» жамғармаси ва «Ўзбекистон чернобилчилари» ассоциацияси мулкида бўлган, ишловчилари умумий сонининг камида 50 фоизини ногиронлар, 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийлари ташкил этган юридик шахслар юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, қўшилган қиймат солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ, ер солиғи ҳамда ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи каби солиқлардан озоддирлар.

Ногиронларнинг жамоат бирлашмалари, шунингдек, уларнинг муассасалари, ўқув-ишлаб чиқариш корхоналари ва бирлашмалари умумий юрисдикция ва хўжалик судларида барча турдаги даъволар бўйича ҳамда нотариал ҳаракатлар амалга оширилганда барча нотариал ҳаракатлар бўйича давлат божини тўламайди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 17 майдаги қарори билан Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳузурида Ногиронларни соғломлаштириш ва протезлаш миллий маркази ташкил қилинган. Ҳозирда марказда ногиронларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.

«Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида»ги қонуннинг 13-моддасига биноан, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ногиронлар жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишлари учун махсус жисмоний тарбия-соғломлаштириш, спорт иншоотлари яратилишини ҳамда умумий фойдаланишдаги иншоотларда бошқа шарт-шароитлар яратиб берилишини таъминлайдилар.

Юқоридагилар билан бир қаторда ногиронларга меҳнат, оила, фуқаролик муносабатларида ҳам кўплаб имтиёзлар яратиб берилган.

Албатта, ногиронларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш, уларга ҳаётда тенг имкониятлар яратиб бериш ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш жамиятда ижтимоий мувозанатни сақлаш, ижтимоий адолат принципини қарор топтиришда муҳим аҳамиятга эга.

Зикрилло МаҲмудов,

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлиги масъул ходими.



DB query error.
Please try later.