Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
24.08.2013

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн иккинчи ялпи мажлиси тўғрисида ахборот

2013 йил 23 август куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн иккинчи ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирди.

Ялпи мажлиснинг иккинчи кунида сенаторлар ўзларининг конституциявий ваколатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раиси Ф.Муллажоновнинг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2012 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини тингладилар. Қайд этиб ўтилганидек, Марказий банкнинг 2012 йилдаги фаолияти «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига мувофиқ амалга оширилди ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан 2011 йилнинг асосий якунлари ва 2012 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисида белгилаб берилган вазифаларни, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг «Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раисининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2011 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи ҳақида»ги қарорига, шунингдек, Инқирозга қарши чораларнинг 2009-2012 йилларга мўлжалланган дастурига мувофиқ амалга оширилди.

Мамлакат банк тизими фаолиятининг белгиланган устувор йўналишлари доирасида 2012 йилда банкларнинг барқарорлигини янада мустаҳкамлашга ҳамда улар томонидан юқори рейтинг кўрсаткичларига эришилишига алоҳида эътибор берилди. Қўйилган вазифани бажариш бўйича аниқ мақсадли чора-тадбирларнинг амалга оширилиши мамлакат банк тизимида юқори кўрсаткичларга эришишни таъминлаш имконини берди. Чунончи, ҳисобот йилида банк тизими капиталининг етарлилик даражаси умумий қабул қилинган халқаро стандартлардан 3 баравар юқори бўлди. Банк тизимининг жорий ликвидлик даражаси талаб қилинадиган энг кам даражадан 2 баравар юқори бўлди.

Самарали банк назоратининг амалга оширилиши, активлар ликвидлиги ва сифати халқаро стандартларга мувофиқ доимий мониторинг қилиниши Ўзбекистоннинг тижорат банкларига дунёнинг етакчи рейтинг агентликларидан ижобий баҳолар олиш имконини берди. Чунончи, мамлакатнинг 28 та тижорат банки «Стандарт энд Пурс», «Мудис» ва «Фитч Рейтингс» рейтинг агентликлари томонидан берилган «барқарор» даражасидаги ижобий рейтинг баҳоларига эга.

Ҳисобот йилида банклар томонидан мамлакат иқтисодиётининг рақобатбардошлигини оширишни таъминлаш, ишлаб чиқариш тармоқларини ҳамда юқори технологияга асосланган янги корхоналарни жадал ривожлантириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди. 2012 йилда иқтисодиётнинг реал секторига йўналтирилган кредитларнинг умумий ҳажми олдинги йилдагига қараганда 30,5 фоизга ошди. Шу билан бирга инвестиция мақсадларига берилган кредитлар улуши 1,3 баравар кўпайди. Ички манбалар ҳисобидан ажратилган кредитлар тижорат банклари кредит портфели умумий ҳажмининг 85,8 фоизини ташкил этди, муддати уч йилдан ортиқ бўлган узоқ муддатли қўйилмалар эса 30,9 фоизга ўсиб, умумий кредит портфелининг 76,8 фоизини ташкил қилди.

Муҳокама жараёнида тижорат банклари балансига ўтказилган 120 та иқтисодий ночор корхонани соғломлаштириш бўйича амалга оширилган самарали иш ишлаб чиқаришни қайта тиклашга ва бу корхоналарни стратегик инвесторларга реализация қилишга имкон берганлиги кўрсатиб ўтилди. Бу 25 мингдан ортиқ иш ўрнини яратиш имконини берди. Мазкур корхоналар томонидан жами 494,4 миллион АҚШ доллари миқдорида маҳсулот экспорт қилинди. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолияти янада ривожланишини қўллаб-қувватлаш мақсадида 2011 йилдагига нисбатан 1,3 баравар кўп кредитлар ажратилди, шу жумладан ажратилган микрокредитлар ҳажми 1,5 баравар кўпайди.

Миллий иқтисодиётга чет эл инвестициялари ва кредитларини жалб этиш мақсадида 2012 йилда банклар томонидан халқаро молия институтларининг 181,7 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредит линиялари ўзлаштирилган бўлиб, бу 2011 йилдагига қараганда 1,3 баравар кўпдир.

Шу билан бирга, сенаторлар ҳисобот юзасидан ўз чиқишларида Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг мамлакат банк-молия тизими барқарорлигини ва самарадорлигини таъминлашдаги, шунингдек, «Обод турмуш йили» Давлат дастурида назарда тутилган тадбирларни рўёбга чиқаришдаги роли ва аҳамиятининг муҳимлигига эътиборни қаратдилар ҳамда унинг фаолиятининг самарадорлигини янада ошириш бўйича айрим таклифларни баён қилдилар.

Сенаторлар мамлакат минтақаларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор вазифаларини ҳал қилишда банк-молия тизими субъектларининг маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан янада яқиндан ҳамкорлик қилиши, банк назорати тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирларни изчил рўёбга чиқаришни давом эттириш, банкларнинг ресурс базасини ошириш, юқори технологияга асосланган ишлаб чиқаришларни, корхоналарни модернизациялаш, техник ва технологик янгилаш лойиҳаларини кредитлаш, банк хизматларини диверсификациялаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни молиявий қўллаб-қувватлашни кенгайтириш зарурлигини кўрсатиб ўтдилар.

Шундан кейин сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик суди таркибига ўзгартишлар киритиш масаласини, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни кўриб чиқдилар.

Кўриб чиқилган барча масалалар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн иккинчи ялпи мажлиси ўз ишини тамомлади.

Сенатнинг икки кунлик мажлисида 9 та масала, шу жумладан Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясининг қоидаларини изчил рўёбга чиқаришга, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш учун мумкин қадар қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантиришга, ижтимоий ва суд-ҳуқуқ соҳаларидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга қаратилган 4 та қонун кўриб чиқилди.

Сенат томонидан Тожикистон «Талко» ДУК корхонасининг ишлаб чиқариш фаолияти экологияга ва одамлар соғлиғига кўрсатаётган ҳалокатли таъсирни бартараф этиш чоралари тўғрисидаги масаланинг кўриб чиқилганлиги экологик хавфсизликни таъминлаш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, инсоннинг соғлом табиий муҳитга бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда алоҳида аҳамиятга эга бўлди.

Сенатнинг ўн иккинчи ялпи мажлисида қабул қилинган қарорларнинг амалга оширилиши демократик ижтимоий-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, аҳоли турмуш даражасини, мамлакатда барқарорлик ва фаровонликни оширишнинг қудратли омилига айланади.

Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенатининг
матбуот хизмати



DB query error.
Please try later.