22.08.2013

ТОШКЕНТ ВИЛОЯТИ: ИСЛОҲОТЛАР ЮРТ ОБОДЛИГИГА,

aҳоли турмуш фаровонлигига хизмат қилмоқда

Ҳар бир юртнинг иқтисодий қувватига баҳо беришда, энг аввало, шу заминда яшовчи халқнинг турмуш фаровонлиги даражаси ҳисобга олинади. Инсон манфаати устувор саналган, тинчлик-осойишталик ҳукм сурган жойдагина тараққиёт бўлади, турмуш фаровонлашиб бораверади.

ВИЛОЯТНИНГ САНОАТ САЛОҲИЯТИ ЮКСАЛМОҚДА

Бугун Тошкент вилоятида бўлиб, туман ва шаҳарларни кезсангиз, катта ўзгариш ва янгиланишларни кўрасиз, кенг кў­ламли бунёдкорликлардан кўзингиз қувнайди.

Дарҳақиқат, мустақиллик йилларида вилоят ҳар томонлама тараққий эт­моқда. Айниқса, иқтисо­диётнинг етакчи тармоғи бўлмиш саноат соҳаси изчил ривожланаяпти. Бугунги кунда вилоятнинг мамлакат саноатидаги улуши 33,5 фоизни ташкил этиши ҳам фикримизни тасдиқлайди. Умуман, мам­лакатимиз бўйича яратилаётган ялпи ички маҳсулотнинг 9,6 фоизи, саноат маҳсулотларининг 12,4 фоизи, хизматларнинг 9,4 фоизи пойтахт вилояти ҳиссасига тўғри келади. Тошкент вилоятида ёқил­ғи-энергетика мажмуаси, кимё ва нефть-кимё, қурилиш индустрияси, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича йирик корхоналар фаолият юритмоқда.

Ўзбекистон ХДПнинг вилоятдаги барча ташкилотлари, депутатлик гуруҳлари ҳамда 30 минг нафардан ортиқ аъзоси вилоятни ижтимоий-иқ­тисодий ривожлантириш ишларида қатнашмоқда. Жорий йилнинг биринчи ярмида ялпи ҳу­дудий маҳсулот ҳажми 105,8, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 106,3, халқ истеъмоли мол­лари ишлаб чиқариш 114, қишлоқ хўжалик ялпи маҳсулоти 106,8, пуллик хизматлар ҳажми 113,2 фоизга ўсишида ҳам уларнинг муносиб ҳиссаси бор.

— Вилоятимизнинг са­ноат соҳасида эришаётган ютуқларини бизнинг комбинатимиз мисолида яқ­қол кўриш мумкин, — дейди «Ўзбекистон металлургия комбинати» акциядорлик ишлаб чиқариш бирлашмаси пўлат эритувчиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзХДП де­путатлик гуруҳи аъзоси, Ўзбекистон Қаҳрамони Олим Тўйчиев. — Модернизация натижасида комбинатимизда 68-120 миллиметрли пўлат золдирлар ишлаб чиқариш 160 минг тоннага кўпайди. Бу республикамиз кончилик ҳам­да цемент саноатининг ушбу маҳсулотга эҳтиё­жини қоплаш имконини беради.

2013 йилнинг биринчи ярмида комбинатимизда 88604 миллион сўмлик маҳаллийлаштирилган маҳсулот ишлаб чиқарилди. Бу прогноз кўрсаткичга нисбатан 121,9 фоизни ташкил этди. Умуман, барча кўрсаткичлар бўйича комбинатимизда ишлаб чиқариш ҳажми ошиб бормоқда. Шунингдек, бу ерда янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таминлаш масалаларига ҳам жиддий эътибор қаратилаяпти. Бу борада алоҳида дастур асосида жорий йилнинг олти ойи давомида 16 та, шу жумладан касаначилик асо­сида 12 та янги иш ўрни ташкил этилди.

Қанчалик фидокорона меҳнат қилсак, мамлака­тимиз тараққиётига шунчалик кўп ҳисса қўшишимизни яхши биламиз. Комбинатимизда ишлаб, юртимиз саноати салоҳиятини оширишга улушини қў­шиб келаётган ходимларнинг 334 нафари партиямиз аъзоларидир. Уларни бирлаштирган бошланғич ташкилот партия ғояларини тарғиб этиш билан бир­га, юртимизда амалга оши­рилаётган ислоҳотлар маз­мун-моҳиятини тушунтириш, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш каби долзарб масалаларга ҳам ало­ҳида эътибор қаратиб келмоқда.

ЭЛЕКТОРАТ МАНФААТИ ЙЎЛИДА

— Вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишидан аввало бизнинг партиямиз электорати ҳи­собланган аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами катта манфаатдордир, — дейди Ўзбекис­тон ХДП Тошкент вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги депутатлик гуру­ҳи раҳбари Сирожиддин Аъзамов. — Бу борада устувор йўналишлардан бири саноат соҳасини ривожлантиришдир. Чунки бу тармоқда яратиладиган иш ўринлари бошқа соҳаларга қараганда барқарор бўлади ҳамда нисбатан юқори ҳақ тўланади. Ке­йинги йилларда мамлакатимиз, шу жумладан Тошкент вилоятининг саноат, ишлаб чиқариш салоҳиятини янада оширишга жу­да катта эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Халқ демократик партияси ҳам­да депутатлик гуруҳлари ҳам бу ишларга ўз ҳиссасини қўшмоқда, соҳани янада ривожлантиришга қаратилган таклифлари, ташаббусларини илгари сурмоқда.

Хусусан, Президентимизнинг «2011-2013 йилларда саноат кооперация­си асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаш­тиришни янада чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросига алоҳида эътибор қаратилди. Қарор асосида ишлаб чиқилган Маҳаллийлаштириш дастурида жорий йилда вилоятдаги 21 та корхона 60 та ло­йиҳа бўйича 186,8 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариши режалаштирилган. Бу йўналишда муҳим ишлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга айрим муаммо ва ҳал этилиши лозим бўлган масалалар ҳам кўзга ташланди. Масалан, баъзи ҳолларда маҳсулот ишлаб чиқариш учун зарур эҳ­тиёт қисмлар ўз вақтида етказилмаётгани, айрим вазирлик ва идоралар томонидан фаолият тури учун тегишли лицензия берилмаслиги сабабли баъзи корхоналарда режадаги ишлар охирига етмай қолаяпти. 2012 йил 27 ноябрда халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгашидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳи ҳамда Саноат, қурилиш, транспорт, коммунал хўжалиги, алоқа ва аҳолига хизматлар кўрсатиш масалалари бўйича доимий комиссияси қўшма йиғилишида бу масала атрофлича кўриб чиқилиб, уни сессия муҳокамасига олиб чиқиш ҳақида таклиф киритилди.

Шунингдек, партия Сайловолди дастури, 2011-2014 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида депутатлик гуруҳлари томонидан ўтган йили ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларни қўллаб-қувватлаш, электорат манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қатор масалалар ўрганилиб, 7 та масала вилоят Кенгашининг доимий комиссиялари, 3 таси сессия муҳокамасига олиб чиқилди. Халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари сессияларига 2012 йилда Ҳаракат дастурига мувофиқ 20 га яқин масала киритилди. 37 та масала эса тегишли доимий комиссиялар мажлисларида кўриб чиқилди.

Жорий йилнинг ўтган даврида ЎзХДП депутатлик гуруҳлари ташаббуси билан халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сессияларида аҳо­ли бандлиги даража­сини ошириш, соғлиқни сақлаш, тоза ичимлик суви билан таъминлаш ҳамда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш билан боғ­лиқ 17 та, доимий комиссиялар йиғилишларида 39 та масала муҳокама этилди.

Хусусан, шу йил май ойи­да ўтказилган вилоят Кенгашининг 26-сессия­сида «Чиқиндилар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни бажа­рилишининг бориши ҳа­қида»ги масала муҳокама қилинди. Сессия қабул қилган қарорга кўра, маиший чиқиндиларни хатловдан ўтказиш, чиқиндихоналарни давлат кадастр хизмати томонидан рўйхатга олиш, уларни қуриш ва таъмирлаш, махсус транспортларни ювиш учун шароит яратиш, компослаш ва зарарсизлантириш ишларини ташкил қилиш масалалари юзасидан қатор вазифалар белгиланди.

Алоҳида таъкидлаш керакки, биз кўтараётган масалалар нафақат пар­тиямизнинг дастурий мақсадларини амалга ошириш, балки вилоятни ҳар жиҳатдан тараққий эттириш, ҳудудларни обод қилиш, жойларда ижтимоий ва иқтисодий инфратулизмани ривожлантириш билан чамбарчас боғлиқдир...

ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ РИВОЖЛАНМОҚДА

Ҳақиқатан ҳам кейинги вақтда вилоятда қиш­лоқ хўжалиги тармоғи жадал ривожланиб бораяпти. Ҳудудда ҳозирги вақтда 6 минг 100 дан зиёд фермер хўжалиги фаолият юритмоқда. Ўтган йили улар томонидан қарийб 588 минг тонна ғалла, 241 минг тонна пахта хирмони бунёд этилди.

Кейинги йилларда ви­лоятда нафақат пахтачилик ва ғаллачилик, балки сабзавотчилик, узумчилик, чорвачилик ҳамда бошқа соҳаларда ҳам самарали фаолият юритаётган, хизмат кўрсатиш, савдо, қиш­лоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш асо­сида янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этаётган кўп тармоқли фермер хўжаликлари сафи кенгаймоқда.

2013 йил январ-июнь ойларида барча турдаги хў­жаликларда 1559,1 мил­лиард сўмлик қишлоқ хў­жалик маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, ўсиш суръа­ти ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 106,8 фоизни ташкил этди.

— Жаннатмонанд, тинч ва осойишта юртда яшаяпмиз, — дейди Бўка тума­нидаги «Ёқутхон-Сайид» фермер хўжалиги раҳбари, халқ депутатлари Тош­кент вилоят Кенгашида­ги ЎзХДП депутатлик гуруҳи аъзоси Сайидислом Сайдуллаев. — Меҳнат қилиб кам бўлмадик. Ма­на, қишлоқ хўжалиги соҳасини олиб кўринг. Авваллари буғдой юртимизга не-не машаққатлар билан катта маблағ эвазига четдан олиб келинарди. Оқилона сиёсат туфайли Ўзбекистон ғалла билан ўзини ўзи тўлиқ таъминлайдиган давлатга айланди. Ҳар бир ҳудудда ишлаб чиқариш, хизмат кўр­сатиш салмоғи ортмоқда. Бу катта ютуқ, албатта.

Жорий йилда кўп тармоқли фермер сифатида янги барпо этилган боғда етиштирилган меваларни шу жойнинг ўзида қайта ишлаш учун ускуналар ўр­натиб, кичик корхонани ишга туширишни режалаштирганмиз...

ТИЖОРАТ БАНКЛАРИ ТАШАББУСЛАРНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАМОҚДА

Шуни ҳам айтиш керакки, вилоят иқтисодий салоҳияти юксалишида, ўз ишини йўлга қўйиш ташаббуслари кўпайишида, бар­қарор янги иш ўринлари яратилишида тижорат банк­лари томонидан ажратилаётган кредит маблағлари муҳим аҳамият касб этмоқда.

Хусусан, 2013 йилнинг биринчи ярим йиллигида вилоят бўйича тижорат банклари томонидан барча молиявий манбалар ҳисобидан жами 523,8 миллиард сўмлик кредит маблағлари ажратилган.

Партиямиз Марказий Кенгаши ташаббуси асосида ЎзХДП вилоят кенгаши, Марказий банк вилоят бош бошқармаси ҳамкорлигида ўтказиб келинаётган иқтисодий-ижтимоий анжуманлар ҳудудларда ишлаб чиқариш тармоғини ривожлантириш, янги иш ўринларини ташкил қилиш, пировардида аҳоли фаровонлигини янада юксалтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Мазкур иқтисодий анжуманлар партия дастурий мақсадларида кўзда тутилган вазифаларни амалга татбиқ этишга ёрдам бераяпти. Хусусан, шу тадбир орқали 100 нафарга яқин электоратимиз вакили банкдан имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификатга эга бўлди. Бунинг натижасида жойларда 200 дан ортиқ иш ўрни очилди. Масалан, Бўка туманидан Феруза Ризқулова тижорат банкидан кредит олиб, тикувчилик ательеси ташкил этди. Уйида ўтир­ган 15 нафар аёл ишга жой­лашиб, турли хил чойшаблар, аёллар либослари иш­лаб чиқармоқда.

АҲОЛИ САЛОМАТЛИГИ ЭНГ КАТТА БОЙЛИКДИР

Вилоятда аҳоли саломатлигини асраш ишларига энг устувор ижтимоий масала сифатида эътибор қаратиб келинмоқда. Бугунги кунда вилоятнинг 2,6 миллиондан ортиқ аҳолисига жа­ми 559 та тиббиёт муассасаси хизмат кўрсатаяпти. Жорий йилнинг 6 ойи мобайнида Янгийўл, Бекобод, Бўка, Чиноз, Пис­кент ва Ўрта Чирчиқ туманларида «Соғломлаштириш ҳафталиклари» ўтказилди. Бу ҳафталикда 19 минг 187 нафар фертил ёшдаги аёллар, шунингдек, болалар тиббий кў­рикдан ўтказилди.

Вилоятда истиқомат қи­лаётган 2200 нафардан ортиқ ёлғиз кекса, пенсио­нер ва ногиронлар жорий йилда малакали тиббий кўрикдан ўтказилди. Шулардан 552 нафарида касаллик аниқланиб, 171 нафари амбулатор, 28 нафари шифохона, 353 нафари уй шароитида даволанган.

Ўзбекистон ХДПнинг вилоятдаги 30288 нафар аъзосидан 2265 нафари ҳам айнан тиббиёт соҳасида фаолият кўрсатмоқда.

— Аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш борасида амалга ошири­лаётган саъй-ҳаракатлар бугун ўз самарасини бермоқда, — дейди Оҳангарон шаҳар оилавий по­ликлиникаси мудираси, халқ депутатлари Оҳангарон туман Кенгаши депутати Нурия Турсунова. — Энг чекка туманларда яшов­чи аҳолига ҳам бугун малакали тиббий хизмат кўр­сатиш учун барча шароитлар бор. Мен 35 йилдан буён тиббиёт соҳасида ишлайман. Бундан 20 йил аввалги тиббиёт масканларини кўз олдингизга келтиринг-а? Аҳолининг саломатлигини тиклаш учун шароит йўқ, тиббий асбоб-ускуналар, до­ри-дармонлар етишмас­ди. Беморлар даволаниш учун 10-15 кун аввал келиб рўй­хатдан ўтиб кетарди. Битта хонага 10-15 нафар бемор ётиб даволанарди.

Ҳозир ўзим фаолият кўрсатаётган оилавий поликлиникада 12 минг нафар аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш учун шарт-шароит етарли. Туманимиз аҳолиси са­ломатлигини мустаҳкамлашда партиямиз аъзолари бўлган тиббиёт ходимлари ҳам фаоллик кўрсатиб келмоқда. Оилавий поликлиникада ташкил этилган бошланғич партия ташкилотида 20 нафар ХДП аъзоси бор. Уларнинг ҳар бири аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йў­лида самарали меҳнат қилиш билан бирга, пар­тиямиз ғоялари тарғиботига ҳам муносиб ҳисса қўш­моқда.

ҚИШЛОҚ УЙЛАРИ — ХАЛҚИМИЗГА ҒАМХЎРЛИКНИНГ ЮКСАК НАМУНАСИ

Президентимизнинг 2009 йил 3 августдаги «Қишлоқ жойларда уй-жой қурилиши кўламини кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори қишлоқларда бунёдкорлик ишларини янги босқичга олиб чиқди. Тошкент вилоятида намунавий лойиҳалар асосида 2009-2012 йилларда 69 та ҳудудда 2535 та уй-жой қурилди. Жорий йилда намунавий лойиҳалар асо­сида 1081 та якка тартибдаги уй-жой қуриб бит­казилиши режалаштирилган.

Шу билан бирга, 2012 йилда қишлоқ аҳолиси қулай ва муносиб яшаши учун зарур бўлган 28 та инфратузилма объекти барпо этилди. Шу кунларда яна 4 та инфратузилма объекти қурилиши якунланмоқда.

— Мен оддий ўқитув­чиман, — дейди Пар­кент туманидан Ҳусниддин Муҳиддинов. — Яратилган имкониятдан фойдаланиб, намунавий лойиҳалар асосидаги уйлардан биттасини олгандим. Бундай жойда одам ўзини бошқача ҳис этар экан. Дунёқараш, фикрлаш ҳам ўзгараркан. Ҳаётга келиб муносиб турмуш кечиришга ҳақли эканингни тушуниб бораркансан киши.

Ўз ҳаётим мисолида кўраяпманки, қишлоқларда замонавий уй-жойларнинг қурилиши халқимизга кўрсатилаётган юксак ғамхўрликнинг бир намунасидир...

Бугун вилоятнинг қай бир ҳудудига борманг, янги лойиҳалар асосида бо­раётган қизғин ишлар­нинг устидан чиқасиз. Инсон манфаатини кўзлаб олиб борилаётган бу ўзгариш ва янгиланишларда ЎзХДП ташкилотлари, депутатлик гуруҳлари фаол иштирок этишга ҳаракат қилмоқда.

Меҳрож ДАРХОНОВ



DB query error.
Please try later.