20.08.2013

ПАРКЕНТДАГИ ГУЛБОҒ ШАҲАРЧАСИ

юртимиз қишлоқларида бунёд этилаётган замонавий уй-жойларнинг гўзал намунаси, аҳолини ижтимоий ҳимоя этишнинг муҳим воситасидир

Паркент шаҳрига кираверишдаги катта йўлнинг ўнг томонида дала-яйлов бор эди. Бундан тўрт йил илгари кимдир шу жойда кўркам шаҳарча бунёд бўлади деса, ҳеч ким ишонмасди. Бугун айнан шу жойда замонавий лойиҳа асосида барча шарт-шароитларга эга юздан зиёд хонадон, мактабгача таълим муассасаси, умумтаълим мактаби, мусиқа ва санъат мактаби, касб-ҳунар коллежи, тиббиёт маскани, спорт иншооти, сервис хизмати кўрсатиш маскани, магазин, банк биноларини ўз ичига олган Гулбоғ шаҳарчаси барпо бўлди.

Эндиликда бу шаҳарчанинг чиройига, яратилган шарт-шароитларига паркентликларнинг ўзигина эмас, ҳатто  пойтахтимизда шу йил  «Замонавий уй-жойлар қурилиши  — қишлоқ жойларини комплекс ривожлантириш ва қиёфасини ўзгартириш ҳамда аҳоли ҳаётининг сифатини яхшилаш омили» мавзуида бўлиб ўтган халқаро конференцияси қатнашчилари ҳам тан беришди. Ўшанда анжуман иштирокчиларининг бир гуруҳи қишлоқ жойларда қурилаётган намунавий уй-жойларни кўриш мақсадида Паркент туманида ҳам бўлганди. Европанинг ривожланган мамлакатларидан келган меҳмонлар Гулбоғ шаҳарчасини кўздан кечирар экан, ҳайратларини яшира олишмади.   

Гаспар Ж.Льянес Диас ­САЛАЗАР, Андалусия ҳукуматининг иқтисодиёт бўйича котиби (Испания):

— Тошкент вилоятининг Паркент туманидаги Гулбоғ массивида бўлиб, Ўзбекистоннинг қишлоқ жойларида қурилаётган янги уй-жойлар лойиҳалари ғоят пишиқ ва пухта яратилганига ишонч ҳосил қилдим. Лойиҳаларда оиладаги барча аъзоларнинг эҳтиёжи инобатга олинган. Ушбу янги массивда уй-жойлар билан бирга мактаб, болалар боғчаси, тиббиёт пункти, маҳалла идораси барпо этилган. Хонадонлар газ, электр энергияси, ичимлик суви билан тўлиқ таъминланган, минимаркетлар фаолияти йўлга қўйилган. Кенг, ёруғ ва файзли кўчалар, ҳовлиларда яшнаб турган турли дарахт­лар, гуллар баҳри дилингни очади. Мамлакатингиздаги ободлик ва фаровонликни ҳар бир хонадон мисолида кўриш мумкин. Масалага бундай атрофлича ёндашув аҳолига кенг қулайликлар яратиши билан бирга ҳудудларни комплекс ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Тўғрисини айтиш керак, агар Ватанимиз мустақилликка эришмаганида бундай гўзал маскан қайда эди, бу жойлар ўша дала-яйлов ҳолида ҳали-ҳануз қолган бўларди. Мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ қишлоқ аҳолисининг турмуш шароитини яхшилашга катта ғамхўрлик кўрсатиб келинмоқда. «Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили» Давлат дастурида қишлоқ жойларда янги массивларни қуриш аниқ-тиниқ қилиб белгилаб қўйилди.

Президентимизнинг 2009 йил 3 августдаги «Қишлоқ жойларида уй-жой қурилиши кўламини кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, 2009 йилда 42 массивда 847 та, ўтган йилда 272 массивда 8 минг 510 та, уй-жой қурилди. Жорий йил эса 352 массивда 10 мингта замонавий уй-жой қурилиши режалаштирилган. Бундай бунёдкорлик ишлари Тошкент вилоятида ҳам жадал суръатларда давом этмоқда. Вилоятда жорий йилда 36 массивда 1050 та уй-жой барпо этиладиган бўлса, шундан Паркент туманидаги 3 массивда 46 та уй-жой қад ростлайди.

Бундай кенг кўламли бунёдкорлик ишларини амалга ошириш учун мамлакатимизда мутлақо янги, ўзига хос тизим шакллантирилди. «Қишлоқ қурилиш лойиҳа» ихтисослаштирилган лойиҳа-тадқиқот инс­титути ташкил этилиб, намунавий уй-жойларни лойиҳалаштириш, уларни табиий газ, тоза ичимлик суви, электр энергияси билан таъминлаш, умуман барча инфратузилмаларни ҳисобга олган ҳолда ло­йиҳалар тузиш вазифаси топширилди. Катта ҳажмдаги бунёдкорлик ишларини ўз ичига олган лойиҳани қишлоқларда якка тартибдаги уй-жойлар ва ижтимоий объектларни тайёр ҳолда топшириш шарти асосида амалга ошириш «Қишлоқ қурилиш инвест» инжиринг компаниясига юклатилди. Бу ишларнинг молиявий жиҳатларини ҳал этиш мақсадида тузилган «Қишлоқ қурилиш банк» аҳолига қулай шартлар асосида 15 йил муддатга, имтиёзли 7 фоиз миқдордаги ипотека кредитларини бериб келмоқда.

Шу ўринда мазкур ипотека кредитларининг қулай шартлари, имтиёзлари ҳақида икки оғиз сўз. Мижоз банкка ипотека кредитини олиш ҳақида ариза ёзиб, мурожаат қилиши билан жуда қисқа фурсатда талаб бажарилади. Кредит энг кам иш ҳақининг минг баробарида 15 йилга 7 фоизга берилиб, бу давр мобайнида мижоз иш ҳақидан олинадиган қўшимча даромад солиғидан озод бўлади. Жуда жўн айтганда, мижоз бу имтиёздан фойдаланиб, иш ҳақини ипотека кредитига йўналтирса, амалда 7 фоиздан камроқ пул тўлайди.

Ажойиб дарвозахона, 6 сотихли баҳаво ҳовли. Меҳмонхона, қулай ва шинам болалар хонаси, катталар ва болалар учун алоҳида ётоқхона, ошхона, ювиниш хоналари ўзбек оилалари учун жуда мос. Бундай уйларни кўриб, шундай уйларда яшашни орзу қилмаслик мумкин эмас.

— Очиғи, бундай шарт-шароитларга эга уй-жой оламан деб ҳеч ўйламагандим, — дейди ғурурланиб, янги уй соҳибларидан бири Яшнар ХОЛИҚОВ. — Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан пойтахтимизда ўтказилган халқаро анжуманда қатнашган мутахассисларнинг бир гуруҳи шаҳарчамизга келган вақтда бизнинг хонадонимизга ҳам киришганди. Инглиз ва рус тилларини билганим учун хорижлик меҳмонларнинг шарт-шароитларимиз тўғрисидаги гапларини эшитиб, уларнинг кўзларидаги ҳайратни кўриб, рос­ти, ғурурланиб кетдим. Улар билан суҳбатлашдим. Касбим иқтисодчи эмасми, дарров уларнинг мамлакатларидаги шароитлар билан қизиқдим. ­Айтишича, бундай замонавий уй-жойларни хорижда бизникига нисбатан икки баробар юқори нархда ҳам топиш қийин экан. Қолаверса, бундай имтиёз билан уй олишни ҳеч қаерда кўришмаган. Суҳбатдан сўнг давлатимизнинг ўз халқига эътибори, ғам­хўрлигини янада кўпроқ ҳис этдим. Энди зиммамда бундай ғамхўрликка муносиб жавоб қайтариш масъулияти турганлигини ҳам тушундим.

— Тўтта фарзандимнинг учтасини уй-жойли қиламан деб роса қийналгандим, — дейди Яшнарнинг отаси Ғайрат ХОЛИҚОВ. — Ҳали устани изла, қурилиш материалларини топ, уларни олиб кел... Хуллас, минг азобда фарзандларимга уй-жой қуриб берганман. Яшнарнинг уйини кўрганимдан кейин уй-жой қурдим демасам ҳам бўлар экан. Мана бир оила бахтли яшаши учун шундай уйлар бўлишини энди ўз кўзим билан кўриб турибман.

— Шу кунгача бундай уйлардан олт­миш иккитасини қурдик — дейди «Муҳандис плюс лойиҳа» МЧЖ раҳбари Исмоил СОБИТОВ. — Қурилиш маҳсулотларини ўз вақтида, имтиёзли нархларда олаяпмиз. Бундай уйларни барпо этишда давлатимиз томонидан биз қурувчиларга яратилаётган қулайликлардан мамнунмиз. Бу, албатта, одамларимизга сифатли замонавий уй-жойлар қуришимизни таъминлаяпти. Муҳими, туманимизда амалга оширилаётган бундай кенг кўламдаги бунёдкорлик ишлари туфайли минг­га яқин янги иш ўрни яратилди. Одамларимиз биз қурган уйларни кўриб, шундай уй-жойларга эга бўлиш ҳаракатига тушиб қолишди. Уларнинг сони кун сайин ортиб бормоқда.

— Туманимизда қурилиши режалаштирилган учта янги массивда ҳам шарт-шароитлар Гулбоғ шаҳарчасидан кам бўлмайди, — дейди корхона бош инженери Рустам ЁҚУББОЕВ. — Кўча-кўйда таниш-нотанишлар бундай уй-жойлардан олмоқчилигини, шарт-шароитлари ҳақида тинимсиз сўрашади. Қурган уйларимизга кириб кўриб ҳайратланишади. Айниқса, уйларни қабул қилиб олаётганларнинг кўзларидаги қувончни бир кўрсангиз эди...

Дарҳақиқат, бундай замонавий қулай шарт-шароитларга эга шинам уйлардан ҳар қанча фахрлансанг, ҳар қанча ғурурлансанг, Мустақиллик берган шундай имкониятларга беадад шукроналар айтсанг арзийди.

Абдусалим МАҲМУДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири. 



DB query error.
Please try later.