20.08.2013

ҲАР БИР ЎҚУВ ТАЪСИРЧАН ВА САМАРАЛИ ЎТИШИ ЗАРУР

ЎзХДП тизимида ташкил этилаётган сиёсий ўқув машғулотлари партия аъзоларининг билимларини мустаҳкамлаш, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, юртимиз ва жаҳонда бўлаётган воқеаларга муносабатини шакллантириш, электорат муаммоларини ўрганишда муҳим механизм вазифасини ўтамоқда.

2012-2013 ўқув йилининг иккинчи ярмида ташкил этилган сиёсий семинарларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, сиёсатшунос олимлар, ҳуқуқшунослар, тегишли соҳа мутахассислари фаол иштирок этди. Партия Марказий Кенгаши, вилоятлар, туман ва шаҳар кенгашлари ҳамда йирик бошланғич партия ташкилотларида тизимли равишда 8300 дан ортиқ ўқув ўтказилди. Уларда 260 минг нафарга яқин тингловчи қатнашди.

ЎзХДП Марказий Кенгаши партия ташаббуси билан Сирдарё туман кенгашида ташкил этилган фуқароларнинг сиёсий-ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда миллий ғоя тарғиботини кучайтириш масалаларига бағишланган сиёсий семинар жорий ўқув йилини якунлаб берди. Унда партия фаоллари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, халқ депутатлари вилоят ва туман кенгашларига ЎзХДПдан сайланган депутатлар ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари иштирок этди.

Семинарда таъкидланганидек, фуқароларнинг сиёсий-ҳуқуқий маданиятини ошириш, улар орасида миллий ғоя ва мафкура тарғиботини кучайтириш кишиларнинг мамлакат тақдирига дахлдорлик туйғуси билан яшаши, амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида янада фаол ва ташаббускор бўлишини таъминлашда муҳим ўрин тутади. Бу борада ЎзХДПнинг барча даражадаги ташкилотларида муайян тизим йўлга қўйилган. Яъни, ташкил этилаётган ҳар бир сиёсий ўқув ва семинар тренингда депутатлар, сиёсатшунос ва ҳуқуқшунослар электоратни ўйлантираётган масалалар, мамлакатимизда кечаётган янгиланиш ва ўзгаришлар мазмун-моҳияти ҳақида мулоҳаза юритади. Ўтказилган мазкур сиёсий ўқув машғулоти ҳам ана шу жиҳатларни қамраб олгани билан муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Тадбирда ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Шарбат Абдуллаева бу каби сиёсий ўқув машғулотларини кўпроқ олис ҳудудларда ўтказиш, у ердаги партия фаолларининг фикрларини таҳлил қилиш, аҳолининг мамлакатимиз ҳаётидаги ўзгаришларга муносабатини ўрганиш юртимизни янада тараққий эттиришда, хусусан, партиямизнинг дастурий мақсадлари амалга ошишида долзарб масала эканини алоҳида таъкидлади.

Шунингдек, семинарда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Комила Каромова ўтган йиллар давомида партия дастурий мақсадларини амалга оширишда қўлга киритилган ютуқлар, бу натижаларга эришишда Ўзбекистон Халқ демократик партияси ташкилотлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг яқин ҳамкорлиги ўзига хос ўрин тутаётганини эътироф этди. Бу фаолиятни янада кучайтиришда айнан маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари ва партия ташкилотлари фаол бўлиши, юқори партия ташкилотларига жиддий таклифлар билан чиқиши зарурлигини таъкидлади.

— Вилоятда 14 минг нафарга яқин  партиямиз аъзоси 300 дан ортиқ бошланғич ташкилотга бирлашган, — деди ЎзХДП Сирдарё вилоят кенгаши раиси ўринбосари, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги депутатлик гуруҳи аъзоси Ҳаётхон Ортиқбоева. — Аъзоларнинг сиёсий-ҳуқуқий дунёқарашини кенгайтириш, партия ташкилотлари олдида турган устувор вазифалар ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратаяпмиз. Жумладан, тадбирларда мустақиллик қадри, тинчлик улуғ неъмат экани ёшлар орасида кенг тушунтирилмоқда. Ислоҳотлар жараёнида фаол иштирок этишга қаратилган тарғибот-тушунтириш ишларини кучайтиришга интилаяпмиз.

Сиёсий ўқув машғулотида, шунинг­дек, ЎзХДП Сирдарё вилоят кенгаши раиси Алишер Тошматов, Гулистон давлат университети ўқитувчиси, партия фаоли Сабоҳат Жабборова ва бошқалар сўзга чиқиб, мавзу атрофида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Машғулот сўнггида келаси ўқув йилида сиёсий ва фуқаролик маърифати тизимида ташкил этиладиган тадбирларга партиямиз олдида турган долзарб вазифалардан келиб чиққан ҳолда жиддий тайёргарлик кўриш кераклиги, ҳар бир партия ташкилоти ўқув машғулотлари самараси ва таъсирчанлигини ошириш чораларини кўриши зарурлиги таъкидланди.

Нурали ОРИПОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.