20.08.2013

ДАВЛАТ ТОМОНИДАН КЎРСАТИЛАЁТГАН ҒАМХЎРЛИК

фаровонликка хизмат қилмоқда

Унда қайд этилдики, бозор муносабатларига босқичма-босқич ўтиш даврида аҳолининг турмуш даражаси ҳисобга олиниб, фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ижтимоий соҳани ривожлантириш ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш харажатларининг Давлат бюджетидаги улуши ўтган йили 59,0 фоизни ташкил этди.

— Бугунги кунда мамлакатимизда 3 миллионга яқин пенсионер, 20 мингдан ортиқ ижтимоий ёрдамга муҳтож, ўзгалар қарамоғида бўлган кишилар истиқомат қилмоқда, — дейди Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги бошқарма бошлиғи ­Баҳодир Шаропов. — Уларни манзилли ижтимоий ва маънавий ҳимоя қилиш мақсадида туман ва шаҳарларда 193 та бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази, 33 та Саховат ва мурувват уйи, 11 та ногиронларни тиббий-ижтимоий ва касб бўйича реабилитация қилиш маркази, 8 та сиҳатгоҳ ва ногиронлар учун 2 та касб-ҳунар коллежи фаолият юритмоқда.

Ўтган бир йил давомида 916 мингдан зиёд оилага ижтимоий нафақалар тайинланди. Ҳар йили 15 минг нафардан зиёд ногиронга тиббий-ижтимоий ва касбий реабилитация хизматлари кўрсатилмоқда. Бир сўз билан айтганда, аҳолининг ижтимоий ҳимояси кучайтирилмоқда. Энг муҳими, бу орқали кишиларнинг эртанги кунга ишончи мустаҳкамланиб бораяпти.

Матбуот анжуманида сўнгги йилларда иш ҳақи, пенсия ва нафақалар миқдорини ошириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар ҳисобига аҳоли даромадлари ҳамда фаровонлиги сезиларли даражада ортгани қайд этилди. Бироқ шунга қарамай, жойларда аҳолининг ижтимоий муҳофазасини таъминлаш, хусусан, кишиларнинг қонуний меҳнатини ташкил этиш, пенсия ва нафақа миқдорини белгилашда қонун талаблари бузилиши каби ҳоллар учраб турибди.

Айрим ҳолатларда тўлов ҳужжатлари, пул маблағлари почта муассасаларига белгиланган фурсатда етиб бормаслиги кузатилаяпти. Анжуманда бунинг сабабларидан бири давлат пенсия таъминоти ҳақидаги тарғибот-тушунтириш ишларининг сустлигида экани таъкидланди. Бу борада мутасадди идораларнинг нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорлигини кучайтириш, тарғибот ишларини ҳар бир туман ва шаҳар, ҳатто энг олис ҳудудларда олиб бориш лозим.

Шунингдек, анжуманда фуқароларга пенсия тайинлаш билан боғлиқ архив ҳужжатларида айрим чалкашликлар борлиги, уларнинг келиб чиқиш сабаблари таҳлил этилди. Айрим жойларда керакли ҳужжатлар архивларга яроқсиз ҳолда топширилмоқда. Тугатилган ширкат хўжаликларининг архивларга топширилган ҳужжатларида бундай камчиликларга кўпроқ дуч келинаяпти. Масалан, айрим ҳужжатларда қайд этилган исм-фамилиялар ўзгартириб, ўчириб ёҳуд бузиб ёзилган. Фермер хўжаликлари ва бошқа тадбиркорлик субъектлари томонидан архивларга тақдим этилаётган ҳужжатларда эса фуқаролар маоши ва унинг миқдорини қайд этмаслик ҳоллари учрамоқда. Бу каби ноаниқликлар мазкур субъектларда меҳнат қилган фуқароларга пенсия тайинлашда муайян қийинчилик ва муаммоларни юзага келтириши табиий. Шунинг учун архивга керакли ҳужжатларни қонунда белгиланган тартибда топшириш юзасидан корхона-ташкилотларнинг масъулиятини ошириш лозимлиги қайд этилди. 

Матбуот анжумани давомида журналистлар соҳа мутахассисларига «Обод турмуш йили» давлат Дастурида аниқ манзилли ижтимоий ёрдам тизимини такомиллаштириш бўйича белгиланган вазифалар ижроси, пенсия ва нафақаларнинг ўз вақтида тўланиши бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар, уларнинг натижалари билан боғлиқ саволлар билан мурожаат қилди.

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.