20.08.2013

КАРАТЭЧИЛАРИМИЗ МУВАФФАҚИЯТИ

Япония пойтахти Токио шаҳрида шотокан каратэ-до бўйича ўтказилган XI жаҳон чемпионатида тўққиз олтин, саккизтадан кумуш ва бронза, жами йигирма беш медаль жамғарган Ўзбекистон терма жамоаси умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллади.

Жаҳон шотокан каратэ-до федерацияси (WSKF) шафелигида ташкил этилган нуфузли мусобақада дунёнинг қирққа яқин давлатидан келган спортчилар кумитэ — яккама-якка кураш ва ката — комплекс машқ бажариш бўйича ўзаро куч синашди.

Мамлакатимизда Президент ­Ислом Каримов раҳнамолигида бо­лалар спортини ривожлантиришга қаратилаётган доимий эътибор самарасида ўзбек йигит-қизлари дунёнинг энг тараққий этган давлатлари вакиллари билан ҳам тенг­ма-тенг рақобатлашмоқда.

Ўзбек каратэчилари 2007 йили Японияда ўтган жаҳон чемпионатида тўрттадан олтин ва бронза медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллаган эди. 2008 йили Тошкентда ўтган илк Осиё чемпионатида ғолибликни қўлга киритди. 2010 йили Кипрда ва 2012 йили Тошкентда ўтган жаҳон кубоги мусобақаларида умумжамоа ҳи­собида биринчи бўлди.

Токиода ташкил этилган навбатдаги жаҳон чемпионатида ҳам ўз­бек шотокан каратэ-до мактаби тарбияланувчилари ўзининг юқо­ри салоҳиятини намоён этди. Кумитэ — яккама-якка беллашувларда ҳамюртларимиз Ширин Раҳимова, Зулайҳо Бобоева, Адҳам Иброҳимов, Муҳаммадсиддиқ ­Абдумуталов, Иброҳим Ойназаров, Зиёдулла Ҳасанов, Муҳаммадабдулазиз Ҳўжақулов, Беҳруз Чориев ва Закариё Жавдатхў­жаев шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.

Ўзбекистон терма жамоаси аъзо­лари кумитэ, жамоавий кумитэ ва ката машқларини бажариш бўйича саккизтадан кумуш ва бронза медални қўлга киритди.

Зоҳир ТОШХЎЖАЕВ,

ЎзА мухбири.



DB query error.
Please try later.