17.08.2013

СИЁСИЙ ПАРТИЯЛАРНИНГ МАВҚЕИ

маҳаллий даражада ҳам тобора мустаҳкамланмоқда

Сиёсий партия давлат ҳо­кимияти органларини шакллантиришда жамият муайян қисмининг сиёсий иродасини рўёбга чиқаришга интилади, ўз вакиллари орқали давлат ва жамоат ишларини идора этишда қатнашади. Давлат сиёсий партияларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари муҳофаза этилишини кафолатлайди, дас­турида белгиланган мақсад ва вазифалари бажарилиши учун уларга тенг ҳуқуқий имкониятлар яратиб беради.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида амалдаги ана шу ҳуқуқий меъёрларни янада аниқ белгилаш билан боғлиқ қонун лойиҳаси муҳокама қи­линди.

— «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қў­шимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси давлат ва жамият бошқарувини кўппартиявийлик тамойили асосида демократлаштиришда муҳим аҳа­миятга эга, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасида­ги ЎзХДП фракцияси раҳбари Улуғбек Вафоев. — Мазкур ҳужжатда сиёсий партияларнинг, уларнинг давлат ҳоки­мияти вакиллик органларидаги депутатлик корпусининг ҳу­қуқ ҳамда ваколатларини кафолатлаш, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида электорат манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ҳуқуқий механизмни янада такомиллаштириш билан боғлиқ масалалар ечими кўзда тутилган.

Маълумки, мамлакатимизда кўппартиявийлик тизимини яна­да ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, партиялараро рақобат муҳитини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қа­ратилмоқда. Давлат ҳокимия­тида вакиллик органларининг ўр­ни ва аҳамиятини янада кучай­ти­риш, ижро этувчи ҳокимиятни шакллантириш, унинг фаолияти устидан парламент назорати­ни амалга оширишда сиёсий пар­тияларнинг таъсирини кафо­латлаш учун мустаҳкам қонунчилик асослари яратилмоқда. «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги Қонунга киритилаётган ўз­гартиш ва қўшимчалар мазмун-моҳиятига кўра, бу борадаги ҳу­қуқий ислоҳотларнинг узвий да­воми, дейиш мумкин.

Фракция аъзолари қонун ло­йиҳаси билан белгиланаётган меъёрлар жойлардаги ижти­моий-иқтисодий масалаларни ечишда сиёсий партияларнинг ўрнини янада мустаҳкамлашга, вакиллик органларининг мав­қеини кафолатлашга хизмат қилишини таъкидлади.

Қонун лойиҳасида бир нечта янги меъёрлар назарда тутилмоқда. Аввало, партия (депутатлик) гуруҳини ташкил этиш тартиби ва шартлари аниқлаштирилмоқда. Жумладан, партия гуруҳларини ташкил этиш учун депутатлар сони камида беш нафар бўлиши кераклиги белгиланмоқда.

Партия гуруҳининг фаолиятини тугатиш билан боғлиқ қои­далар жорий қилинаяпти. Уларга кўра, партия гуруҳининг ўз ташаббусига биноан, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқор­ғи Кенгесининг ёки халқ депутатлари Кенгашининг ваколатлари муддати тугаганда, партия гуруҳи таркибига кирувчи депутатлар сони уни тузиш учун зарур бўлган меъёрдан камайиб кетганда, тегишли сиёсий партия фаолияти тугатилганда партия гуруҳи фаолият юритмаслиги кўзда тутилаяпти.

Искандар АЗИЗОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Партия гуруҳлари амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланган ваколатлари билан бир қаторда тегишли вакиллик органи қўмиталари ёки комиссиялари раислигига, раис ўринбосарлигига ва аъзолигига номзодлар бўйича, шунингдек, тегишли ҳудудда жойлашган давлат органи раҳбарининг ҳисоботи ёки ахборотини сессияларда эшитиш ҳақида таклифлар киритиши мумкинлиги кафолатланмоқда. Яна бир муҳим жиҳат шуки, қонун лойиҳаси билан партия гуруҳларининг тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари (маҳаллий) Кенгашларига киритиладиган масалалар бўйича таклифлари кўриб чиқилиши шартлиги тўғрисида қоида жорий қилинаяпти.

Қонун лойиҳасининг асосий мақсади маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларидаги партия гуруҳлари фаолияти самарадорлигини оширишдан иборат экани Ўзбекистон Халқ демократик партияси учун муҳим аҳамият касб этиши фракция аъзолари томонидан алоҳида эътироф этилди.

Алия ЮНУСОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Таклиф этилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар сиёсий партиялар, хусусан, ЎзХДПнинг келгусида жойлардаги ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал қилишдаги роли ва масъулиятини янада оширишга, дастурий мақсад-вазифаларини ҳаётга жорий этиш бўйича фаоллигини кучайтиришга хизмат қилиши билан аҳамиятли. Партиямиз 2011-2014 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастурида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳларининг ташаббускорли­гини оширишга алоҳида эътибор бераяпти. Жойларда электорат манфаатлари билан боғлиқ масалаларни ўрганиш асосида маҳаллий Кенгашлар доимий комиссиялари, сессияларга таклифлар киритиш, муайян мутасадди раҳбар ҳисоботи ёки ахборотини эшитиш жараёнларида айрим қийин­чиликлар юзага келаётган эди. Қонун лойиҳаси бу масалалар ечимига, ижро ҳокимияти ор­ганлари ва мансабдор шахсларнинг маҳаллий давлат вакиллик ҳокимияти олдидаги масъулиятини янада оширишга хизмат қилади.

Йиғилишда, шунингдек, «Тадбиркорлик субъектларини суд орқали ҳимоя қилиш янада мус­таҳкамланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун ло­йиҳаси кўриб чиқилди.

Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилган мазкур ҳужжат тадбиркорлик субъектларини суд орқали ҳимоя қилиш кафолатини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ишларнинг судда сансалорликсиз ва сифатли кўриб чиқилиши билан боғлиқ меъёрлар жорий қилинишини назарда тутади.

Фракция аъзоларининг фикрича, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва эркинликлари суд орқали кафолатли ҳимоя қилиниши, бу борадаги қонун ҳужжатлари янада такомиллашиши тадбиркорлик субъектларида яратиладиган иш ўринлари барқарорлигини таъминлашда, Халқ демократик пар­тияси Дастурида муҳим ўрин тутган янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш ташаббуслари кўпайишида муҳим аҳамият касб этади.

Депутатлар қонун лойиҳалари юзасидан партия дастурий мақсадлари, электорат ман­фаатларидан келиб чиқиб, таклиф-мулоҳазалар билдиришди. Мазкур қонунлар лойиҳалари Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида кўриб чиқилаётганда фракция ўз нуқтаи-назарини қатъият билан ҳимоя қилди.

Тўлқин ТЎРАХОНОВ



DB query error.
Please try later.