17.08.2013

ҲУҚУҚИЙ ЭКСПЕРИМЕНТ: АСОСИЙ БОСҚИЧ ИЗЧИЛ ДАВОМ ЭТМОҚДА

Яқинда Бухоро вилоят статистика бошқармасига Нурмурод Рамазонов томонидан ёзма мурожаат келиб тушди. Унда фуқаро статистика бошқаруви тузилмаси ҳамда вилоят статистика бошқармаси фаолияти ҳақида тўлиқ маълумот берилишини сўраган. Сўров рўйхатга олинди ва белгиланган тартибда кўриб чиқилиб, уч кун ичида Н.Рамазоновга жавоб берилди.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда давлат ҳокимияти органларининг фаолияти ҳақида жамоатчиликни хабардор қилиш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлардан кўзланган мақсад ҳам аслида фуқароларнинг ахборот олиш эркинлиги ва ахборот олиш бўйича конституциявий ҳуқуқларини таъминлашдан иборатдир. Шу маънода «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Қонун лойиҳаси синови бўйича Самарқанд ва Бухоро вилоятларида ўтказилаётган ҳуқуқий тажриба катта ҳаётий аҳамиятга эга.

Маълумки, ҳуқуқий экспериментнинг ўтказилиши давлат ҳо­кимияти ва бошқарувини демократлаштиришнинг янги бос­қичини бошлашга хизмат қилади.

Ҳуқуқий тажрибанинг асосий босқичи Бухоро вилоятида изчил амалга оширилмоқда. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шунингдек, ОАВ, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда ахборотдан фойдаланувчилар фаолияти эксперимент ўтказиш тартибига мувофиқ ташкил этилмоқда. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари мазкур жараённи ташкил этиш, веб-сайтлар яратиш ва мунтазам тўлдириб бориш, ахборот олиш хоналарини шакллантириш ва бошқа муҳим вазифалар бўйича иш олиб бораяпти.

Вилоят ҳокимлиги веб-сайти техник ва дизайн жиҳатдан янгиланган. Адлия, статистика, маданият ва спорт ишлари, соғлиқни сақлаш, халқ таъ­лими, ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармалари, Бу­хоро нефтни қайта ишлаш заводи, «Бухоропахтасаноат» ОАЖ ҳудудий бирлашмаси, «Агросуғурта» ташкилотлари ҳамда Бухоро шаҳар, Вобкент ва Шофиркон туманлари ҳо­кимликларининг веб-сайтла­ри яратилган. Шунингдек, маз­кур ташкилотлар биноларининг барча кириши мумкин бўлган жойларида аҳоли батафсил ахборот олиши учун мах­сус хоналар ташкил этилиб, у ерда идора фаолияти, иш тартиби, ташкилий тузилмаси, фуқароларни қабул қи­лиш жадвали, тартиби ҳамда бошқа зарур маълумотлар жой­лаштирилди.

Биз Бухоро вилоят статисти­ка бошқармаси томонидан ҳу­қуқий экспериментнинг асосий босқичида олиб борилаёт­ган ишлар билан қизиқдик.

Бобур НАСИМОВ, Бухоро вилоят статистика бошқармаси бошлиғининг ўринбосари:

— Биламизки, расмий веб-сайтлар ахборотдан фойдаланувчига давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисидаги ахборотни тез ва сифатли тақдим этишнинг муҳим воситасидир. Шу боис қонун лойиҳасининг 11-моддасида назарда тутилган давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ўз фаолияти тўғрисидаги ахборотни расмий веб-сайтларда жойлаштириши ҳамда янгилаб бориши белгиланган. Веб-сайтда жойлаштириш учун тақдим этиладиган ахборот долзарб, ишончли, яхлит, мавзу блоклари бўйича аниқ йўналишда тақсимланган бўлиши керак. Жамоатчиликни ҳуқуқий тажриба субъектла­рининг фаолияти тўғрисида кенг хабардор қилиш мақсадида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг интернет тармоғида расмий веб-сайтларини яратиш, ривожлантириш, мунтазам равишда ахборот билан тўлдириб бориш бўйича қатор ишлар амалга оширилаяпти.

Умид ОТАЕВ, Бухоро вилоят статистика бошқармаси масъул ходими:

— Ҳуқуқий эксперимент субъ­екти сифатида ахборотдан фойдаланувчиларга хизмат кўрсатишни қонун лойиҳаси талаблари асосида янги босқичга олиб чиқишга ҳаракат қилаяпмиз. Масалан, бошқарманинг расмий веб-сайти (bux­stat.uz) тегишли ахборотлар билан тўлдириб борилаяпти. Веб-сайтда бошқарманинг структураси, функциялари, вазифалари, ҳуқуқлари, мажбуриятлари, шунингдек, соҳага доир меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар жойлаштирилган. Фаолиятимизга оид ахборотлар, мурожаатларни кўриб чиқиш, фуқароларни қизиқтирган саволларга жавоб беришда ҳам веб-сайт қулай воситага айланди. Ҳафтада икки марта веб-сайт маълумотлари янгиланади. Бошқарма томонидан ўтказилган тадбирлар суратлари билан бериб борилади. Бир сўз билан айтганда, бош­қармада ахборотдан фойда­ланувчиларга аниқ, сифатли ва тезкор ахборот тақдим этиш учун етарли шароит яратилган.

Умуман олганда, қонун лойи­ҳасининг синови фуқароларнинг ахборот олиш эркинликларини жиддий равишда кенгайтирганини кўриш мумкин. Ҳуқуқий экспериментнинг асосий босқичида Ўзбекистон Халқ демократик партияси таш­килотлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари ҳам муносиб иштирок этишга ҳаракат қилмоқда.

— Фуқаролик жамиятида ҳар кимнинг ахборот олиш, ундан ўз ихтиёрига кўра фойдаланиш ҳуқуқлари кафолатланиши керак, — дейди ЎзХДП Бухоро вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари Саида Жўраева. — Мамлакатимиз Конституциясида бу кафолат яратилган. Айни пайтда синовдан ўтказилаётган қонун лойиҳаси унинг амалий механизмини яратиши билан аҳамиятлидир. Шу боис биз биринчи навбатда партиямиз электорати вакилларига ҳуқуқий экспериментнинг амалга оширилиши, ахборот олиш эркинлиги кенгайганини тушунтираяпмиз. Бизга бўладиган мурожаатларнинг кўпчилиги айнан бирор-бир соҳа бўйича ахборот олиш билан бевосита боғлиқ бўлар эди. Фуқароларни зарур ахборотлар билан таъминлаш имкониятлари кенгайгани ўз-ўзидан бундай мурожаатларнинг камайиши, аҳолининг мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлардан огоҳ­лик даражасининг ортишига хизмат қилади.

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» махсус мухбири.



DB query error.
Please try later.