17.08.2013

СЕССИЯ ҚАРОР ҚАБУЛ ҚИЛДИ

Бу қарорнинг лойиҳаси ЎзХДП депутатлари томонидан тайёрланган ва унда муҳим таклифлар ўз ифодасини топган эди

Халқ депутатлари Фарғона вилояти Тошлоқ туман Кенгашидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳи халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими, умумтаълим мактаблари ҳамда мактабгача таълим муассасаларида Президентимизнинг 2012 йил 10 декабрдаги «Чет тилларини ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида амалга оширилаётган ишларни ўрганишга қарор қилди.

Масала ҳақиқатан ҳам долзарб. Шунинг учун партия депутатлик гуруҳи тажрибали депутатлар, мутахассислардан иборат ишчи гуруҳини ташкил этди. Ўрганишлар шуни кўрсатдики, туман халқ таълими муассасалари фаолиятини ме­тодик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими томонидан хорижий тиллар бўйича мавжуд мутахассис кадрлар банки яратилган. 1-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби, 12-умумтаълим мактаби, 2-мактабгача таълим муассасасида белгиланган ишлар қарор талаби асосида ташкил этилган. Бу борада бир неча мактабда кўргазмали семинар ташкил этилган ва яхши тажрибалар оммалаштирилган.

— Бироқ ютуқлар билан бирга айрим кам­чиликларга ҳам йўл қў­йилган, — дейди депутатлик гуруҳи раҳбари Абдураҳим Мамажонов. — Туман халқ таълими муассасалари фаолия­тини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимидаги хорижий тиллар услуб­чиси хонаси қарор талаблари даражасида жиҳозланмаган. Айрим мактабларда ташкил этилган инглиз тили тўгаракла­ри фаолияти қониқарли эмас. Фан кабинетлари зарур жи­ҳозлар билан тўлиқ таъминланмаган. Демак, ўқув жараёнларини Президент қарори талаблари даражасида ташкил этиш, бу масалаларга эътиборни яна­да кучайтириш зарур.

Депутатлик гуруҳи экспертлар билан бирга ўтказган таҳлиллар шуни кўрсатдики, ўқувчиларнинг чет тилини ўзлаштириши ҳамма мактабларда ҳам давлат таълим стандартлари даражасида эмас. Чет тилини мукаммал ўрганишда ком­пьютер дастурларининг аҳамия­ти катта. Лекин айрим мактаблардаги компьютерлар интернет тармоғига уланмаган.

Депутатлик гуруҳи раҳбари Абдураҳим Мамажонов шу ҳа­қ­­да халқ депутатлари Тошлоқ туман Кенгашининг сессиясида батафсил ахборот берди. Депутатлик гуруҳи томонидан фан кабинетларини қайта хатловдан ўтказиш, жиҳозлаш, замонавий ахборот-коммуникация ва ўқитиш воситалари билан таъминлаш, ўқитувчилар малакасини ошириш, 1-4 синф­лар учун ўқув дарслиги ва қўл­ланмаларга буюртмалар бериш, чет тили фанидан очиқ дарслар ўтказиш, мактаб кутубхоналарини чет тилидаги бадиий адабиётлар билан бо­йитиш каби қатор таклифлар билдирилди.

Йиғилиш давомида тумандаги 38-мактаб директори Қурбонали Абдураҳмонов мавзу юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Туманда чет тилларини ўқитишни яхшилаш билан боғлиқ ишлар талаб даражасида эмас, деб топилди. 2012-2013 ўқув йилида туманда 5-9 синфлар сони 484 тани ташкил этиб, бу синфларда 13027 нафар ўқувчи таълим олди. Чет тили ўқитувчилари эса бор-йўғи 116 нафардир. 2013-2014 ўқув йили учун эса яна камида 30 нафар чет тили ўқитувчисига эҳтиёж бор.

Халқ депутатлари Тошлоқ туман Кенгаши сессияси муҳокамасига ЎзХДП депутатлик гуруҳи киритган масала юзасидан гуруҳ томонидан тайёрланган ва таклиф этилган қарор лойиҳаси тўлиғича қабул қилинди. Унда кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлашдан то ўқувчилар учун чет тилида турли мавзуларда кечалар ўтказишгача бўлган етти босқичдан иборат вазифалар белгиланган.

— Сессия жонли ва амалий ўтишида ЎзХДП депутатлик гуруҳи аъзоларининг масала­ни пухта ўргангани ҳамда мукаммал таклифлар киритгани алоҳида эътиборга лойиқ, — дейди халқ депутатлари ту­ман Кенгаши раиси Ҳалимжон Умаров.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, туман Кенгашидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳи партия Дас­тури, Сайловолди дастури ва 2011-2014 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастурида белгиланган вазифалар ижроси­ни таъминлашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Электоратни ўйлантираётган масалалар чуқур ўрганилиб, халқ депутатлари туман Кенгашининг доимий комиссиялари, сессиялари муҳокамасига киритилаяпти. «Обод турмуш йили» Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш борасида ҳам депутатлик гуруҳи аъзолари фаоллик кўрсатаяпти.

Маълумки, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгашининг VII пленумида Обод турмуш йилининг устувор йўналишларидан келиб чиқиб, партиянинг бош дастурий вазифаси — аҳо­ли бандлигини таъминлаш орқали манзилли ижтимоий ҳи­моя самарадорлигини оширишга кўмаклашишдан иборатлиги белгилаб берилган эди. Депутатлик гуруҳи бу масалага алоҳида эътибор қаратиб, жорий йилда халқ депутатлари туман Кенгашидаги доимий комис­сияларга «2013 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурининг ижроси тўғрисида»ги, «Бирлик ва Найман қиш­лоқ­ларида аҳоли томорқала­ридан самарали фойдаланиш борасида олиб борилаётган ишларнинг аҳволи тўғрисида»ги масалаларни киритди.

Бундай амалий ишлар натижасида камчиликларни бартараф этишга қаратилган қарорлар қабул қилинаяпти, энг муҳими, партия электоратини ташкил этувчи фуқаролар манфаатлари самарали ҳимоя қилинмоқда. Фаоллик кўрсатишдан бош мақсад ҳам шу аслида.

Муҳаммаджон ОБИДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.