17.08.2013

ФАХР-ИФТИХОР МАНБАИ

«Шарқ тароналари» III халқаро мусиқа фестивали ғолиби, Ўзбекистон халқ ҳофизи Сойибжон НИЁЗОВ Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги — ЎзА мухбирига мазкур фестивалнинг халқлар ўртасида ижодий ҳамкорлик, маданий-маърифий муносабатлар доирасини кенгайтиришдаги ўрни хусусида қуйидагиларни гапириб берди:

 – Мусиқа – одамларни юксак ва олижаноб мақсадлар йўлида бирлаштирадиган буюк куч. Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида 1997 йилдан буён йилора ўтказиб келинаётган «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали ҳам ана шундай эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда.

Ўн икки йил аввал Абдунаби Иброҳимов билан жўровозликда Фаттоҳхон Мамадалиев мусиқаси ва Ҳайратий ғазали билан айтилувчи «Топмадим» катта ашуласини куйлай бошлаганимизда Регистон сукутга чўмди. Қўшиқ авжига ҳамоҳанг қарсаклар садоси ҳам кўтарила борди. Буни – дунёнинг манаман деган хонандаю созандаларининг миллий оҳанг ва ашуламизнинг ҳаётбахш сеҳри, инсон руҳига таъсирининг яна бир эътирофи, деб қабул қилдик. Шундай буюк ва муқаддас Ватан, юксак истеъдодли халқ фарзанди эканимиздан чексиз ғурур туйдик.

Фестиваль ўзбекона бағрикенгликнинг гўзал намунаси бўлгани учун ҳам иштирокчи давлатлар сафи тобора кенгайиб бормоқда. 2011 йилда 53 давлатдан 352 санъаткор ҳамда мутахассис қатнашди. Польша, Ирландия, Чехия, Литва, Куба, Сенегал каби фестивалда илк бор қатнашган давлатларнинг мусиқа санъати билан танишиш имконига эга бўлдик.

Мазкур фестиваль туфайли асрлар оша сайқалланиб келаётган бетакрор мусиқа санъатимиз жаҳон мусиқа шинавандаларининг янада кенгроқ эътиборига тушиб, санъаткорларимизнинг қўшиқлари дунёга янада кенгроқ ёйилмоқда. Ўнлаб мамлакатларнинг хонандалари, бастакор ва санъатшунос олимлари билан яқин ижодий мулоқотда бўлдик.

Ўтган йиллар мобайнида Англия, Бельгия, Голландия, Германия, Жанубий Корея каби мамлакатларда ўтказилган қатор фестиваль ва танловларда иштирок этиб, ғолиб ё сов­риндор бўлганимдан фахрланаман.

Катта ашула – анъанавий ўзбек қўшиқчилигининг ўзига хос йўналиши, ноёб намунаси. Маълумки, катта ашулада ижрочининг нафақат овоз имконияти, балки нутқ мукаммаллиги, шеърият қоидаларидан яхши хабардорлиги, оҳангни сезиш қобилияти ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шу боис катта ашула ижрочилиги «устоз-шогирд» анъанавий мактаби асосида авлоддан-авлодга ўтиб келмоқда.

Президентимиз Ислом Каримов «Юксак маънавият – енгилмас куч» китобида «агар инсоннинг қулоғи енгил-елпи, тумтароқ оҳангларга ўрганиб қолса, бора-бора унинг бадиий диди, мусиқа маданияти пасайиб кетиши, унинг маънавий оламини сохта тушунчалар эгаллаб олиши ҳам ҳеч гап эмас», деб таъкидлайди. Дарҳақиқат, мусиқа аввало инсонда юксак дид ва олижаноб туйғуларни уйғотиши лозим.

Санъатсевар ёшларимиз учун барпо этилган замонавий мусиқа ва санъат мактабларидаги шароитларни кўриб, ҳавасим келади. «Янги авлод», «Келажак овози», «Ниҳол», «Марду майдон», «Ягонасан, муқаддас Ватан!» каби кўрик-танловлар уларнинг истеъдоди ва ижрочилик маҳоратини юзага чиқаришга хизмат қилаётир.

Бугунги ёшларимиз бошқа соҳалар қатори мусиқа ва қўшиқ санъатида ҳам ҳеч кимдан кам эмаслигини, кам бўлмаслигини дунёга намоён этмоқда. Мусиқа мактабларида таълим олаётган ўғил-қизларимиз халқаро танловларда ғолиб бўлиб, ўз ижро маҳорати билан жаҳон аҳлини лол қолдирмоқда.

«Шарқ тароналари» IX халқаро мусиқа фестивали ҳам миллий мусиқа меросимизни жаҳонга тараннум этишга қодир янги истеъдодларни кашф этиши шубҳасиз. Фестивалнинг энг улуғ, энг азиз байрамимиз – Ватанимиз мус­тақиллигининг 22 йиллиги арафасида ўтказилиши истиқлол ўзлигимизни анг­лаш, бой тарихимиз, маданий меросимиз, миллий қадриятларимизни тиклаш, асраб-авайлаш ва келажак авлодга бус-бутун етказишда кенг имкониятлар берганини бутун дунёга яна бир бор намойиш этади. Мен оддий бир ҳофиз ҳамда шу табаррук заминнинг фарзанди сифатида бундан чексиз фахр-ифтихор ва шукрона туяман.

ЎзА мухбири

Байрам АЙТМУРОДОВ ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.