15.08.2013

МАҚСАДГА ЭРИШИШ УЧУН ИШГА МАСЪУЛИЯТ ВА ТАЛАБЧАНЛИК БИЛАН ЁНДАШМОҚ ЛОЗИМ

Сайловчи партияга катта ишонч билдириб, унинг номзодларига овоз берди. Депутатликка партия кўрсатган номзод халқ вакили сифатида сайланди. Билдирилган ишончни оқлаш учун эса одамлар қувонч ва ташвишларига шерик бўлиб яшаш, уларнинг манфаатларини дадил туриб ҳимоя қилиш керак.

ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси Ҳотамжон Кетмонов Навоий вилоятида маҳаллий партия кенгашлари раислари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари раҳбарлари иштирокида ўтказилган семинарда фаоллар эътиборини ана шу масалага қаратди.

Семинарда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда партия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳлари иштирокини янада кучайтириш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш, жойларда электорат вакилларини ўйлантираётган масалаларни ечишда депутатлар ваколатидан самарали фойдаланиш бўйича фикр-мулоҳазалар ўртага ташланди.

Депутат катта ваколат ва имкониятга эга, — деди Ҳотамжон Кетмонов. — Биз депутатларимизнинг куч ва салоҳиятидан унумли фойдаланишимиз керак. Партиямиз электорати манфаати билан боғлиқ қатор ижтимоий масалалар жойларда ўз ижобий ечимини топиши учун  ҳар бир депутат зиммасидаги масъулиятни чуқур англаши, ишни мутлақо янгича асосда ташкил этиши лозим.

Янги иш ўринлари ташкил этиш бўйича партиямиз Дастурида белгиланган вазифалар ижросини кучайтириш учун жойлардаги муаммоларни таҳлил этиб, улар ечимини топиш учун сессиялар муҳокамасига олиб чиқиш тажрибасини изчил ривожлантириш зарур. Очиғини айтиш керак, барча депутатлик гуруҳларимиз фаолиятини ижобий деб бўлмайди. Айрим туманларда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами дуч келаётган муаммолар ҳамон ечимини топмасдан ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Депутат ўз сайлов округидаги масалаларга бефарқ қараб турса, амалий натижага эришиб бўлмайди.

— Жамоатчилик қабулхоналари электорат манфаатини ҳимоя қилишнинг самарали воситаси экани бугун барчамизга аён, — дейди халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгаши депутати Гулжаҳон Қаршиева. — Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида маҳаллий партия кенгашлари Жамоатчилик қабулхоналарига 160 та мурожаат тушди, мутасадди ва ҳамкор ташкилотлар ёрдами билан ҳозиргача уларда кўтарилаётган муаммоларнинг 73 фоизи ижобий ҳал этилди. Қабулхонага тушган мурожаатларни ечишда партия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳлари ўртасидаги ҳамкорлик яхши самара бермоқда.

Энди биз электоратимиз вакиллари қўяётган муаммоларни шунчаки ечиб беришдан, уларни таҳлил этиш, бир турда учраётган кўплаб муаммоларни маҳаллий вакиллик ҳокимиятидаги кучимиздан фойдаланиб бирданига ечиш амалиётига ўтишимиз зарур.

— Партиямиз Сайловолди дастурида белгиланган устувор вазифалар қай даражада ижро этилиши партия бошланғич ва ҳудудий ташкилотлари етакчилари тажрибаси ҳамда талабчанлигига боғлиқ, — деди ЎзХДП Навоий вилоят кенгаши раиси Шерали Умаров. — Бугунги кунда вилоятда 16 минг­дан ортиқ сафдошимиз бор. Улар 439 та бошланғич ташкилотга бирлашган. Қуйи бўғин фаоллигини кучайтириш, етакчилар маҳоратини оширишда партия кенгаши ва депутат билан бошланғич ташкилот ўртасида ҳамкорликни изчил кучайтириб бориш долзарб вазифа, деб ўйлайман. Бу фаолиятимиз самарасини янада оширишга, электорат манфаати ҳимояси кафолатини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

— Бугунги кунда депутатларимиз асосий эътиборни янги иш ўринлари ташкил этиш билан бир қаторда, ҳудудимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш жараёнларини жадаллаштиришга қаратмоқда, — деди ЎзХДП Навоий шаҳар кенгаши раиси Лола Собирова. — Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида депутатлик гуруҳимиз ташаббуси билан халқ депутатлари Навоий шаҳар Кенгаши сессиясида 1 та, доимий комиссиялар йиғилишларида 4 та масала муҳокама қилинди. Тўғри, муайян масалада амалий натижага эришиш учун уни доимий комиссия ёки сессияда муҳокама қилишнинг, камчиликларни бартараф этиш бўйича чоралар белгилашнинг ўзи етарли эмас. Яқинда битирувчилар бандлигини таъминлаш бўйича бир масалани ўргандик. Маълум бўлишича, Навоий техника иқтисодиёт касб-ҳунар коллежини «Авиация асбоблари ва электр жиҳозларини таъмирлаш ва ўрнатиш бўйича механик», «Авиация техникасини йиғиш бўйича механик» ихтисосликлари бўйича битираётган ёшлар ишга жойлашишда  қийинчиликка дуч келмоқда. Таҳлиллар ушбу ихтисосликларнинг ўрнига бошқа, иқтисодиёт тармоқлари талаб этаётган, хусусан, «Газ ва сув таъминоти» каби йўналишларни очиш мақсадга мувофиқ эканини кўрсатаяпти. Биз ваколатдан фойдаланиб, тегишли идораларга бу борада ҳам ўз таклифларимизни беришимиз зарур.

Семинарда, шунингдек, ички партиявий интизом, кадр­лар захирасини шакллантириш, партия ташкилотлари моддий-техник базасини мус­таҳкамлаш, замонавий ахборот-технологияларидан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш масалаларида ҳам сўз юритилди. Партия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳлари ишини янги босқичга кўтариш борасида амалий тавсия­лар берилди.

Илҳом САТТОРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


DB query error.
Please try later.