15.08.2013

ҒУРУРЛИ КИШИ КАТТА ИШЛАРГА ҚОДИР БЎЛАДИ

Обод турмуш йили — бу бутун халқимизнинг руҳиятидаги кўтаринкилик, қалбида гўзалликка бўлган буюк интилишнинг айни ўзи экан. Кўтаринкилик — ғайрат экан, шижоат экан, янгиликлар яратишга, бунёдкорликка, ҳамкорлигу аҳилликка юксак имконият экан. Меҳрли, муҳаббатли муаллимлар, мактаб, коллежларда илмга, юксакликка интилаётган ўқувчилар билан бўлган учрашувларимда, бобо деҳқону ғайратли ёшлар билан суҳбатлашганимда бу олийжаноб қадриятни янада теранроқ ҳис қилдим.

Бу гўзал ҳолатни яқинда Пискент туманида бўлганимда такрор кўрдим, кузатдим ва имкон даражасида эслаб қолдим. Кузатганим юксак кайфиятни туманнинг поёнсиз пахтазорларида, буғдойи ўриб олиниб такрорий экин экиш учун ҳайдаб қўйилган унумдор ерларига сабзи, картошка экаётганлар орасида кўрдим. Яқинлашиб ке­лаёт­ган катта тўйимизга яхши ният билан тўёна ҳозирлаётганлар билан суҳбатда бўлдим.

Тоғ этакларидан Тошкент денгизигача бўлган серунум ерларда 80 мингдан ортиқ аҳоли яшайди, 10185 гектар ерга чигит қадалади. 9200 гектар майдонга буғдой экиб, юксак хирмон кўтарилади. Бу хирмонлар ҳақида кўп-кўп мақтовлар ҳам бўлиб туради. Пискентнинг шираси тилни ёрадиган ширин-шакар узумлари, ранг-баранг полиз экинлари, айниқса, шифобахш картошкалари, навбатдаги ҳосилгача бузилмай, таъмини йўқотмай етиб борадиган хуштаъм сабзиларига кўп таърифлар берилган. Аммо Пискентнинг энг катта бойлиги меҳнаткаш, танти, ғурури баланд одамларидир.

Улар бу йил пилла тайёрлаш шартномасини вилоятда биринчи бўлиб бажарганлар, мақтовлар эшитганлар. Ғаллакорлари эса шартномани ҳам тез, ҳам сифатли бажаришда вилоятда биринчи ўринни эгаллаганлар.

— Биз биринчимиз!

— Биз ғолибмиз!

— Биз яна ғолиб бўламиз!

Қалбларга рағбат берувчи, ғайрат бағишловчи сўзларни ғаллакору пахтакорлар, чорвадору боғбонлар билан суҳбатлашганимда қайта-қайта эшитдим. Мақтаниш учун эмас, вужудларида беркиниб ётган кучни, иродани кўпроқ ишга солиш учун айтаётганларини сезиб турдим. Ғурурли кишиларнинг мақсади юксак бўларкан, юксак мақ­садлилар билан суҳбатлашиш кишига мароқ бағишларкан.

Файзиёб далаларни, шиғил мевага кирган боғларни, менга қачон экин экасан деб бағрини очиб турган далаларни айланиб қайтгач, ҳокимиятда раҳбарлар билан учрашмоқчи бўлдик.

Ҳоким далада, экан.

Ўринбосарини сўрасак:

Ҳозир ҳамма далада, — деган жавобни олдик.

Тўғрида, ҳозир бўлиқ ўсган ғў­залар айни ҳосил йиғадиган пал­ла. Вақтида суғорилмаса, ўғит берилмаса, культивация қилинмаса, ҳосилнинг бир қисмини йў­қотиб қўйиш мумкин.

Ҳа, бундай пайтларда раҳбар борки, далада бўлгани, муаммо ечимини ўша ерда топгани маъқул. Ана шундай пайтларда туман раҳбарлари тонг билан тенг уйғонишаркан. Қуёш ўз ётоғидан чиқиб, тоғлар оша кўтарилиб экинзорлар юзига қайноқ нурларини сочаётганда улар кўпинча далада деҳқонлар ёнида бўлар эканлар. Биргалашиб иш режаларини тузишаркан. Эҳтимол шунинг учундир биринчи кун мен қишлоқ хўжалик бўлимини бошқараётган йигитлар билан учрашиш имкониятини тополмадим. Ниҳоят, Шуҳрат Инъомжонов, Саидкарим Тўланов билан учрашиш имконияти туғилди. Ҳар бирида ўзига яраша қувонч, далада кўриб келган муваффақиятли ишлар учун ғурур борлиги шундоққина сезилиб туради.

Яна бир хайрли ишнинг гувоҳи бўлдим. Туманни 8 ҳудудга бў­лишган. Ҳар бир ҳудуднинг ном чиқарган карвонбошиси ҳам бор. Бу карвонбошилар экишда, парваришда, ҳосилдорликни оширишда маслаҳатлар бериб тураркан. Алиқул Исҳоқов, Шуҳрат Дўстбеков, Беҳзод Ота­қўзиев сингари фикрли, мулоҳазали, кўпни кўрган, тажрибали кишилар раҳбарлик қилаётган «Жаҳонгир», «Шуҳрат», «Ота­қўзиев Машраб», «Башорат барака» сингари хўжаликлар ҳа­қида алоҳида урғу билан, тўл­қинланиб гапиряптилар.

Улар экиш, экинни парваришлаш бўйича маслаҳат қилишар экан. Гоҳи баҳслашиб ҳам олишаркан. Энг муҳими, улар бир-бирларига ҳамкор, ҳамнафас экан. Бу гапларни бизга ёш мутахассислар айтиб беришди. Айниқса, иқтисодчи Саидкарим Тўланов ёниб, куйиб гапиряпти. Далада туғилиб, далада ўсиб, далада камолга етган бу йигит мана 17 йилдан буён шу бўлимда иш олиб борар экан. Қизиқ, ҳамма хўжаликларни «ипидан игнасигача» билиб олган экан.

Биз у билан суҳбатлаша, суҳбат­лаша мақтовга тушган «Каримов Холмурод» хўжалиги томон бор­япмиз. Даласидаги текис ўсган ғўзалар қийғос гулга кирган. Гул шонага, шона кўсакка айла­наётган бир табиий ҳолатни кўр­гандек бўламиз. Гоҳ дала боши­да, гоҳ ўртасида тўхтаб ҳар бир тупда очилган гулу, шонаю, кў­сакларни санаб кўрамиз. Бўлиқ ўсган ғўза навларининг бир хиллари ҳосилини кўз-кўзлаб, яна шунча гул шона, яна шунча кўсак бераман деётгандек, бир хил нимжон ўсган ғўзалар эса кўсак тугишга улгура олмаганидан хижолат ичра бошларини эгиб тургандек. Фарҳоджон исмли ёқимтойгина, сўзлаганда кулиброқ, гоҳо ўйланиб-ўйланиб, тўхтаб-тўхтаб гапирадиган бир йигит раҳбарлик қилар экан. Ёши 26 да. Енг шимариб, белини маҳкам боғлаб далага чиққанига 9 йил бўлибди. 9 йилдан буён тунлари, ойдин кечаларда осмондаги чарақлаб турган юлдузлар билан, кундузлари ҳар дақиқада юксакка интилаётган, бўй чў­заётган ғўзалари билан гаплашаркан. Пахта ҳосилдорлигини 40 центнерга етказибди.

Йигит сўзлашдан тўхтаб, тў­сатдан:

— Ёзувчи амаки, бир нарса сўрасам майлими? — деди.

— Айтинг, — дейман.

— Нега ёш фермерлар ҳақида китоб ёзмаяпсизлар?

— Ёзилаяпти.

— Ёзилган бўлса айтинг, қайси дўконда сотиляпти.

Бир сўз айтишим керак эди, ўша сўзни тополмайроқ турибман. Фарҳоджон ҳамон эътирозли оҳангда саволлар беряпти:

— Сувчилар ҳақида ҳам китоб ёзилмаган, тўғрими?

— Зўр сувчиларингиз борми? — деб сўзни сал бошқачароқ томонга бурмоқчи бўламан.

— Зўр сувчиларим бор. Ҳув ана, пайкал ичида юришибди. Улардан бирининг исми Отабек. Китобдаги Отабекдан ҳам зўр. Тунлари осмондаги ой билан гаплашади, ойга қараб ашулалар айтади. Яна айтайми, эгат охиридаги ғўзалари сувга қонмай қолса ўтириб олиб йиғлайди.

Билиб қўйинг, менинг сувчила­рим қўшни хўжаликда ишлаётган сувчиларни доғда қолдиради, керак бўлса ўргатиб ҳам қў­йишади.

«Ватан» хўжалиги Фарҳоджоннинг ерлари билан туташ, ёндош, ораларини паст-баланд марзалар ажратиб туради. Лекин буларнинг ўртасида «сендан кам эмасман» дегандек ғайратга, шижоатга ундовчи кучли рақобат бор экан. Фарҳоджон «менинг сувчиларим «Ватан» хўжалигининг сувчиларидан яхшироқ» дея гапини тугатгач, «Ватан» хўжалиги чайласига бордик.

«Ватан» хўжалиги йигитлари тушликка чиққан пайт экан. Баҳаво, ёнидан шарқираб сув оқаётган қамиш чайлада 11 йигит билан бақамти ўтириб тушлик қилдик. Юзлари саратон офтобидан қорайган, кўксилари баланд, беллари бақувват бу йигитлар билан тезгина суҳбатга ҳам киришиб кетдик.

Йигитлар мендан ёзувчилар, китоблар ҳақида саволлар беришди. Мен улардан дала ишлари, режалари ҳақида сўрайман. Уларнинг саркори Расулжон Соипов сўзлашдан тўхтаб тўсатдан:

— Ёзувчи амаки, Фарҳоднинг ғўзаларини айландингиз-а, — деб сўради.

— Ҳа, — дейман.

— Ғўзаларнинг кўсагини ҳам санадиларинг-а?

— Ҳа, санадик, — дейман.

— Айтинг-чи, нечтадан кўсак олибди?

Мен қўшни фермер ғўзаларида 12-14 кўсак санаганимни айтаман.

— Майли, омадини берсин, лекин меники ундан кам бўлмаслиги керак, юринг, еримни айланамиз, яна айтмоқчиман, менинг сувчиларим ҳам унинг сувчиларидан кам эмас. Ёзсангиз, бизнинг сувчиларни ҳам қўшиб ёзасиз. Гектаридан 40 центнердан ошириб пахта олишимда мана шу сувчиларимнинг ҳиссаси бор.

Бу икки дўст ва рақобатчи суҳбат орасида «Амирхон Гулбаҳор» хўжалигини тез-тез эсга олиб туришди. Интилсак, ўшанга интилаётибмиз. Ўхшасак, ўшанга ўх­шаб кенг миқёсли хўжалик ташкил қиламиз, деган гапларни айтишаётибди. Улар мақтаган, тақлид қилаётган, ўшанга ўхшашга интилаётган «Амирхон Гулбаҳор» хўжалигига борамиз.

Беқиёс, катта шийпон, бир-биридан гўзал иморатлар, ўнг томонда мевазор боғ, чап томондаги ҳовузда ғозлар, ўрдаклар сузиб юрибди.

Тасодифни қарангки, бу ерда ҳам вақтимиз тушлик пайтига тўғ­ри келиб қолди. Тушлик давом этаяпти-ю, ўз-ўзидан китобхонлик ҳам бошланди-кетди. Даврадагиларнинг аксарияти ёшлар экан. Уларнинг раҳбари Сафармурод Каримов экан. Ёши улуғ бўлганиданми ёки ҳар бир ишчисига меҳр кўрсатиб меҳрибонлик билан бошини силаётга­ни учунми унга «Ота» деб мурожаат қилишар экан. Ота туман марказига кетган экан.

— Афсус, Отадан сўраб кўп нарсани ёзиб олмоқчи эдик, — деймиз.

Қизлар, йигитлар, тушлик қилгани келган сувчилару механизаторлар бирдан қўзғалиб «биз отанинг ёрдамчиси бўламиз, керак нарсани мана биз айтамиз», дейишди.

— Қани, айтинглар-чи, — деймиз ёзиб олиш учун чоғланиб. Тўпланганлар бир-бирига гал бермай мен сендан кўпроқ биламан, кўпроқ айтаман, дегандек навбат талаша бошладилар.

— Еримиз 400 гектар!

— Пахта майдонимиз 200 гектар!

— Буғдойзоримиз 190 гектар, гектаридан 45 центнердан ҳосил олдик.

— Пахтани 40 центнердан кам бермаймиз.

— Саксон бош қорамолимиз, 200 бош қўйимиз бор, кеккайиб сузадиган ғозларимиз, 4 та чопиқ тракторимиз бор.

— «Класс» комбайнимиз бор.

— 10 гектар мевазор боғимиз бор...

Рақамларни айтиш, бир-бирига сўз бермаслик, мен сендан кўпроқ биламан дейиш учун мақтаниш авжига чиқиб бораяпти. Ёшлар мана шу моддий бойликларни бамисоли менинг ўзим яратдим дегандек ғурур, ифтихор билан сўзлашяпти. Ҳатто миллион туп тераклари борлигини, уй қурмоқчи бўлган йигит-қизларга ҳар бирига 40 тупдан беришаётганини ҳам қўшиб айтишаяпти.

Гўё бу ерда тўпланган ёшлар бутун туман меҳнаткашларининг ғурури, ифтихорини ифодалаётгандек. Оталару оналаримиз ўрнига энди сўзни мана биз айтамиз, катта тўй яқинлашиб кел­япти, ўша тўйга катта тўёнани ма­на биз қиламиз, деяётгандек бир ҳолатда фикр билдиришяпти. Ўз орзу ниятларини талашиб-талашиб айтишаяпти. Улар бутун тумандаги кўтаринкилик кайфиятини сўзларига жамлаб айти­шаётганга ўхшайди.

Худойберди ТЎХТАБОЕВ,

Ўзбекистон халқ ёзувчиси.



DB query error.
Please try later.