Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Noyabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 31 1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 1 2
15.08.2013

ДЎСТЛИК ВА ЭЗГУЛИК ОҲАНГЛАРИ

Ҳар бир халқнинг ўзига хос санъати, мусиқаси, ижрочилик анъаналари бор. Мусиқа санъатининг ноёб намуналарини тарғиб этиш орқали жаҳон халқлари ўртасида дўстлик ва маданий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, инсонларни эзгулик ва бунёдкорлик ғоялари атрофида бирлаштиришда Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан 1997 йилдан буён ўтказиб келинаётган «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали беқиёс аҳамият касб этмоқда.

«Шарқ тароналари» III халқаро мусиқа фестивалининг биринчи ўрин соҳиби, Ўзбекистон халқ ҳофизи Абдунаби ИБРОҲИМОВ билан Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги — ЎзА мухбирининг суҳбати мазкур фестивалнинг мумтоз мусиқа меросимизни асраб-авайлаш ва ривожлантиришдаги роли, бу борада амалга оширилаётган изланишлар хусусида бўлди.

— Ҳар бир халқ умумин­со­ний тамаддунга ҳисса қў­шиш мақсади билан яшайди. «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали жаҳон халқларини ана шу эзгу мақсад йўлида бирлаштирмоқда, — дейди А.Иброҳимов. — Бу Ватанимиз азалдан жаҳон тамаддуни бешикларидан бири бўлгани, истиқлол халқимиз учун чинакам маънавий тикланиш ва юксалиш йўлини очиб берганининг амалдаги яна бир ифодасидир.

Президентимиз Ислом ­Каримов раҳнамолигида миллий мусиқа санъати ривожига қаратилаётган юксак эътибор, мунтазам ўткази­лаётган турли кўрик-танлов ва фес­тиваллар мумтоз меросимиз­ни асраб-авайлаш ва ўрганиш, янги истеъдод соҳибларини аниқ­лаш ва юксак ижодий марралар сари илҳомлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

«Шарқ тароналари» фестивалининг мамлакатимизда амалга оширилаётган маънавий-маърифий ислоҳотлар жараёнида миллий маданиятнинг ривожланиш йўлларини белгилаб олиш, миллий ўзига хослик ва дунёвийлик мутаносиблигига эришиш, мумтоз меросимизни ривожлантириш ва келгуси авлодларга етказишдаги аҳамияти ғоят муҳимдир.

Ушбу фестиваль кунлари қа­димий ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳри жаҳон мусиқаси маданияти марказларидан бирига айланади. Зеро, тенгсиз меъморий обидалари ва замонавий қиёфаси билан Шарқ оламининг ўлмас руҳини, унинг бетакрор жозибасини намоён этадиган бу боқий шаҳар фестивалнинг маъно-мазмуни ва фалсафасини бойитишда катта ўрин тутади.

— «Шарқ тароналари» халқ­аро мусиқа фестивалининг ижодингиздаги тутган ўрни ҳа­қида нима дея оласиз?

— Мақом шундай йўналишки, уни танлаган ва машаққатлардан чўчимай астойдил интилган ижодкор, албатта, халқнинг олқишини олади. Санъатда ўз йўлимни топишимда мазкур фестивалнинг аҳамияти ғоят катта. Чунки ўтган йиллар давомида таниқли санъаткорларимиз Муножот Йўлчиева, Насиба Сатторованинг мазкур фестивалдаги ёрқин чиқиши миллий мусиқа меросимизнинг жаҳон маданиятидаги ўрни ғоят буюк эканини яна бир бор исботлади. Уларнинг ютуғи мени ҳам мазкур нуфузли анжуманда иштирок этишга даъват этди. Аммо дунёнинг барча қитъаларидан келган санъаткорлар билан ижодий баҳсга киришиш осон бўлгани йўқ.

Ўша йили Сойибжон Ниёзов билан биргаликда Фаттоҳхон Мамадалиев мусиқаси ва Ҳайратий ғазали билан айтилувчи «Топмадим» катта ашуласини ижро этдик. Шунда мумтоз қў­шиқчилигимизнинг жаҳон классик мусиқасидаги ўрни ғоят буюк эканига яна бир бор амин бўл­дим. Миллий либосда, ликопча тутиб қўшиқ куйлашимиз турли миллат вакилларида катта ҳая­жон уйғотди. Фестивалнинг бир неча давлат вакилларидан иборат нуфузли ҳайъат аъзолари ижроимизни юқори баҳолаб, биринчи ўринга лойиқ кўрди.

— Бугунги ёшларда мумтоз санъатимизга меҳр ва иштиёқни кучайтиришда кўпроқ нималарга эътибор қаратмоқ керак?

— Халқимизда «олтин зангламас», деган нақл бор. Мақомчилик, катта ашулада аждодларимизнинг бой маънавияти ва маърифати, эзгу орзу-интилишлари мужассам. Ҳожи Абдулазиз Абдурасулов номидаги Самарқанд мусиқа коллежида, сўнгра ҳозирги Ўзбекистон давлат консерваториясининг анъанавий ижрочилик бўлимида таҳсил олганимда устозларимдан мақом санъатининг сирларини ўргандим. 1999 йили Юнус Ражабий номидаги Мақом ансамблида фаолият бошладим. Бу ерда Ўзбекистон халқ ҳофизлари Орифхон Ҳотамов, Эсон Лутфуллаев, Бекназар Дўстмуродов, Маҳмуджон Тожибоев, Ўзбекистон халқ артисти Абдуҳошим Исмоилов билан биргаликда мақом йўналишида ўнлаб куй-қўшиқларга сайқал бердик. Уларнинг кўпчилиги бугун халқимиз маънавий хазинасидан жой олган.

Мақомни англаб ижро этиш учун хонанданинг, аввало, руҳи тоза бўлиши керак. Ана шундай ижрони тинглаган мухлис ҳам ўзида руҳан покланишни ҳис қилади. Бунга ўзим гувоҳи бўлган бир воқеани айтай: Самарқандда «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали олдидан ўтказилган саралаш жараёнида барча қитъалардан келган хонанда-созандалар ўз санъатини намойиш этади. Ана шундай баҳслардан бирида Ўзбекистон халқ артисти Абдулаҳад Абдурашидов найда ҳинд, озарбайжон, араб, эрон ва Европа халқларининг классик мусиқаларини моҳирлик билан ижро этдики, барча ҳайратланди. Аммо ҳарчанд уринишмасин, бирор-бир миллат вакили «Чўли ироқ»ни чалиб беролмади. Мумтоз мусиқамиз ана шундай сирли, сеҳрли куч-қудратга эга.

Президентимиз ташаббуси билан олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнида мусиқага эътибор, истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг эркин ижод қилиши ва санъатимизни юксак чўққиларга кўтаришга муносиб ҳисса қўшиши учун яратилаётган барча шарт-шароит мумтоз санъатимизни янгича асосда равнақ топтиришда муҳим омил бўлмоқда. Давлатимиз раҳбарининг қарори билан тасдиқланган давлат дастури асосида болалар мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, фаолияти янада такомиллаштирилмоқда.

— «Шарқ тароналари» фестивалининг жаҳон мусиқа санъ­ати ривожидаги аҳамияти қандай?

— Мусиқа инсон ҳис-туйғуларини, орзу-истакларини ўзига хос бадиий тилда ифода этади ва кишининг ҳиссиётига, эстетик ва ахлоқий тарбиясига ижобий таъсир кўрсатади. Гўзалликка бўлган интилишнинг ривожланишига замин яратади. Шарқ мутафаккирлари минг йиллар аввал мусиқий фалсафа, мусиқий тарбиянинг инсон камолотидаги ўрнига алоҳида эътибор қаратган. «Шарқ тароналари» фестивалининг ўзига хос хусусияти ҳам яхши куй ва қўшиқ тимсолида элу элатлар ўртасидаги ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлаш, одамларни руҳий камолот, маънавий баркамолликка рағбатлантиришдир. Фестиваль шу жиҳати билан ёш авлод камолоти учун ғоят катта аҳамиятга эга.

Шу кунларда Самарқандда «Шарқ тароналари» тўққизинчи халқаро мусиқа фестивалини ўтказишга тайёргарлик ишлари қизғин давом этмоқда. Ватанимиз мустақиллигининг йигирма икки йиллик байрами арафасида бўлиб ўтадиган мазкур нуфузли анжуманда юртимизнинг бой маданий-маънавий меросини турли халқлар вакилларига яна бир бор намойиш этиш моҳир хонандаю созандалар, етакчи бадиий жамоаларимиздан алоҳида масъулият талаб қилади. Ўйлайманки, санъаткорларимиз буни аъло даражада уддалай оладилар.

ЎзА мухбири

Матназар ЭЛМУРОДОВ суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.