13.08.2013

БИТИРУВЧИЛАР БАНДЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ

бўйича белгиланган вазифалар ижроси партия ташкилотлари, депутатлик гуруҳлари ва бошқа манфаатдор идоралар ҳамжиҳатлиги ҳамда ҳамкорлигига боғлиқ

Олий Мажлис Сенатининг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссиясига ёрдам берувчи Тошкент шаҳар Кенгаши Ишчи гуруҳи фаолият юритиб келмоқда. Яқинда мазкур Ишчи гуруҳи халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши ҳамда Мирзо Улуғбек туман ҳокимлиги билан бирга оилавий тадбиркорлик, касаначиликни ривожлантириш ҳисобига янги иш ўринлари ташкил этиш ва касбунар коллежлари битирувчиларининг бандлигини таъминлаш масалаларига бағишлаб амалий семинар ўтказди.

  Унда Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳи аъзолари, Мирзо Улуғбек туман ҳокимлигининг масъул ходимлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ҳамда тумандаги касбунар коллежлари раҳбарлари иштирок этди.

Амалий семинарда халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳи раҳбари, Ишчи гуруҳ аъзоси Учқун Шойимқулов аҳоли, хусусан, касбунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлашда давлат, маҳаллий ривожланиш дастурларининг аҳамияти, уларнинг ижросини ўз вақтида таъминлаш, бу борада депутатлик ва жамоатчилик назоратини кучайтириш масалаларига эътибор қаратди.

Шунингдек, тадбирда Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ишчи гуруҳ раҳбари, ЎзХДП депутатлик гуруҳи аъзоси ­Фарида Абдураҳимова «Обод турмуш йили» Давлат дастурида белгиланган вазифалар амалга оширилиши, бандликни таъминлаш, ижтимоий-иқтисодий дас­турларнинг ижросини ўрганиш натижалари, йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этишда партия фаолларининг иштироки тўғрисида фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Янги иш ўринлари ташкил этиш, касбунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлаш ҳар биримизга дахлдор масала, — деди у. — Жорий йилда пойтахтимиздаги касбунар коллежларини битираётган 24 мингдан ортиқ ёшларни иш билан таъминлаш кўзда тутилган. Ўқув йили бошида деярли барча битирувчилар билан уч томонлама шартномалар тузилганлиги тўғрисида маълумотлар берилган. Ўрганиш натижалари шуни кўрсатмоқдаки, ҳозирга қадар иш жойига эга бўлмаган битирувчилар оз эмас. Ваҳоланки, касбунар коллежларига қабул амалга оширилаётган вақтда битирувчиларни иш билан таъминлаш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилган. Яъни, бу борада изчил тизим яратилган. Маълумки, ҳукумат томонидан ҳар йили ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дас­турлари ишлаб чиқилади. Бу дастурларга кўра, коллеж талабаси қаерда ишлаши икки-уч йил олдин аниқ бўлади. Афсуски, мазкур дастурлар ҳамма жойда ҳам ўз вақтида бажарилмаяпти. Натижада битирувчилар бандлиги билан боғлиқ масалалар ҳам юзага келаяпти. Бу борада бизнинг барча партия ташкилотларимиз ва фаолларимиз ҳам талаб даражасида иш олиб бормоқда, деб айта оламизми? Бизнинг фикримизча сиёсий пар­тия­лар ташкилотлари, депутатлар ва ҳамкор ташкилотлар бу масалага алоҳида эътибор қаратиши, ижтимоий шерикчилик асосидаги муносабатларни кучайтириш зарур.

Шунингдек, семинарда ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурлари ижросини таъминлашда депутатлик назоратини кучайтириш масалалари юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракция­си аъзоси Дилбар Холиқова сўз юритди.

Депутат ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини чуқур билиши, ишлаб чиқилаётган ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурлари хусусида тўлиқ маълумотга эга бўлиши керак, — деди у. — Шунда депутатлик назорати самарали бўлади. «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида»ги Қонунда депутатлик назоратини амалга ошириш билан боғлиқ муносабатлар белгиланган. Қонунга мувофиқ, депутат тегишли ҳудудда жойлашган давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига уларнинг ваколатларига кирадиган масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки ўз нуқтаи назарини баён қилиш талаби билан депутат сўрови юборишга ҳақли. Давлат ҳокимияти ва бош­қаруви органларининг мансабдор шахслари мазкур сўров олинган кундан бошлаб ўн кундан кечиктирмай депутат сўровига жавоб беришга мажбур.

Семинарда муҳокама этилаётган масалаларни самарали ҳал этишда депутатлик назоратини кучайтириш муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Тадбир давомида Мирзо Улуғбек туманида янги иш ўринлари ташкил этиш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлашнинг ҳолатига доир масалалар ҳам кўриб чиқилди. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, оилавий тадбиркорлик, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш, мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланиш ҳисобидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида туманда 863 та янги иш ўрни яратилган.

Жорий йилда касб-ҳунар коллежларининг 2771 нафар битирувчисини иш билан таъминлаш режалаштирилган, — деди Мирзо Улуғбек туман банд­ликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази раҳбари Озодбек Фозилов. — Битирувчиларни иш билан таъминлаш борасидаги тадбирларни мониторинг қилиш, юзага келаётган камчиликларни таҳлил этиб бориш мақсадида 8 нафар ходимимиздан иборат ишчи гуруҳ ишлаяпти. Касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлаш борасида жиддий ишлашимиз зарур. Ҳамкор ташкилотлар, ҳокимлик, Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлари билан ўзаро изчил алоқани йўлга қўйишимиз лозим.

— Ҳудудимизда 52 та маҳалла бор, — деди «Маҳалла» хайрия жамоат фонди Мирзо Улуғбек туман бўлими раҳбари Нурхон Алланазарова. — Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлари ва мутасадди ташкилотлар билан бирга туманимизда 1653 нафар ишсиз фуқаро борлиги аниқланиб, улар рўйхати тузилган эди. Ҳозирги кунга қадар уларнинг 1500 нафардан ортиғини иш билан таъминлашга эришдик. Ҳар бир маҳалла идорасида туманда мавжуд бўш иш ўринлари бўйича маълумотлар тахтаси ташкил этилган. Маҳаллада яшаёт­ган фуқаролар исталган пайт­да маҳалла биносига келиб, иш ўринлари бўйича маълумотни олиши мумкин.

Семинар якунида билдирилган таклиф-тавсиялар асосида аҳоли ва касб-ҳунар коллежлари битирувчилари банд­лигини таъминлаш ишларини янада кучайтириш, мавжуд муаммоларни бартараф этишда ЎзХДП ташкилотлари, фаоллари ва депутатлик гуруҳининг фаол иштирокини таъминлаш, ташаббускорлигини ошириш билан боғлиқ аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Нурали ОРИПОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.