13.08.2013

ЎЗХДП САЙЛОВОЛДИ ДАСТУРИДА БЕЛГИЛАНГАН ЯНА БИР ВАЗИФА АМАЛГА ОШДИ

Бунга партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси таклифи билан эришилди

Яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи йиғилиши бўлиб ўтди. Унда бир қатор қонун ҳужжатларига, жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш билан боғлиқ қонун лойиҳаси қабул қилиниб, Сенатга юборилди.

Меҳнат кодексига киритилаётган мазкур ўзгартиш ва қўшимчалар мамлакатимизда қатъий ва изчил равишда амалга оширилаётган бандлик сиёсатининг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш, меҳнатга оид муносабатларни такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этади.

Қонунчилик палатасидаги муҳокамаларда Меҳнат кодексига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар бўйича сиёсий партиялар фракциялари томонидан турли фикр-мулоҳазалар, хилма-хил таклифлар ўртага ташланди. Хусусан, таълим муассасалари битирувчилари ишга жойлашишида қўшимча кафолатлар белгилаш, бу борада иш берувчилар масъулиятини ошириш билан боғлиқ масалаларда фракциямиз ва ЎзЛиДеП фракцияси ўз дастурий мақсадлари, электорат манфаатларидан келиб чиқиб, ўзаро қарама-қарши ёндашувларни ҳимоя қилди. Қонун ижодкорлиги жараёнидаги бундай тортишув муҳити меҳнатга оид қонунчиликни ҳар томонлама чуқур таҳлил этиш, меҳнат муносабатларини такомиллаштиришда манфаатлар мувозанатини таъминлаш имконини берди.

Ҳар бир фуқаронинг турмуш фаровонлиги аввало унинг доимий иш билан таъминланганлигига боғлиқ, албатта. Шунда у ўз қобилиятини рўёбга чиқариш, жамият учун фойдали иш қилиш имконига эга бўлади.

Сўнгги уч йил давомида ЎзХДП фракцияси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги билан ҳамкорликда Янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури ижроси юзасидан ўтказган мақсадли назорат-таҳлил ишларининг хулосалари, шу масаладаги парламент эшитувлари натижалари таълим муассасалари битирувчиларини иш билан таъминлаш кафолатларини қонун орқали янада мустаҳкамлаш зарурлигини кўрсатди.

Меҳнат кодексига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг энг муҳим хусусиятларидан бири меҳнат бозорига кириб келаётган таълим муассасалари битирувчиларини иш билан таъминлаш асосларини мустаҳкамлаш, улар билан биринчи марта меҳнат шартномаси тузилганда иш берувчи ва мутасадди идоралар масъулиятини оширишдан иборат. Фракциямиз аъзолари бу меъёрлар қонунда аниқ акс эттирилиши, бандликка оид қонунчиликда ижтимоий ҳимоя тамойили янада мустаҳкамланиши учун қатъий позицияда турганини таъкидлаш жоиз.

Хусусан, ЎзХДП фракцияси Меҳнат кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича бир қатор таклифлар берди. Масъул қўмита ва ишчи гуруҳи томонидан мазкур таклифлардан 10 га яқини Меҳнат кодексига киритиш учун қабул қилинди. Шу орқали электорат манфаатини ҳимоя қилишга қаратилган принципиал масалалардаги таклифларимизни ҳимоя қилишга эришдик.

Энди Меҳнат кодексига киритилаётган муҳим ўзгартиш ва қўшимчаларга эътибор қаратсак. Меҳнат кодексининг 84-моддасига ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасаларини ҳамда олий ўқув юртларини тамомлаб, дастлабки уч йил ичида ишга кираётган шахслар ишга қабул қилинганда (ходим билан меҳнат шартномаси тузилганда) даст­лабки синов муддати белгиланмаслиги тўғрисида меъёр киритилаяпти.

Шу ўринда қайд этиш жоизки, қонунчиликка асосан меҳнат шартномаси ходимнинг ишга лаёқатини текшириб кўриш, ишни давом эттиришнинг мақсадга мувофиқлиги ҳақида бир қарорга келиш учун дастлабки синов муддати билан тузилади. Синов муддати уч ойдан ошиб кетмаслиги белгиланган. Бу даврда ходимларга меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва корхонада ўрнатилган ички тартиб қоидалари тўлиқ татбиқ этилади. Синов натижаси қониқарсиз бўлса, иш берувчи меҳнат шартномасини бекор қилиши мумкин.

Гап шундаки, таълим муассасаларини тамомлаган ёшлар бирор-бир ташкилот ёки корхонада ишлаб кетиши учун улар дастлаб қўллаб-қувватлашга муҳтож бўлади. Шарт-шароитга, муҳитга кўникиб олиши учун маълум вақт талаб этилади. Таълим муассасалари битирувчиларини ишга қабул қилишда даст­лабки синов муддати белгиланмаслиги ёшларнинг ишлаб кетиш кафолатини оширади. Энг муҳими, битирувчини расмиятчилик учун ишга қабул қилиб, бироз вақт ўтгач, ишдан бўшатиш билан боғлиқ салбий ҳолатларга чек қўйишга хизмат қилади.

Фракциямиз таклифи билан Меҳнат кодексига таълим муассасалари битирувчиларини ишга қабул қилиш кафолатларини кучайтириш бўйича меъёрлар киритилмоқда. Мазкур меъёрлар ёшларни иш билан таъминлаш, ишлаб кетиши учун уларни қўллаб-қувватлаш кафолатларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Шу орқали таълим муассасаси битирувчисини ишга қабул қилиш бўйича иш берувчининг масъулияти ва жавобгарлиги оширилаяпти. Таълим муассасасини битириб, дастлабки уч йил мобайнида ишга кирган шахс билан тузилган меҳнат шарт­номаси бир йил давомида иш берувчи ташаббуси асосида бекор қилиниши мумкин эмаслиги белгиланмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, Меҳнат кодексига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар аҳоли бандлигини таъминлаш, таълим муассасалари битирувчиларини ишга жойлаштириш, бу борада ижтимоий муҳофазани кучайтириш, партиямиз электорати манфаатларини ишончли ҳимоя қилишда ҳаётий аҳамият касб этади.

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Сайловолди дастурида аҳолини, шу жумладан, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини эгаллаган мутаxассис­лик­ларига мувофиқ иш билан тўлиқ таъминлаш бўйича давлат ва xўжалик бошқаруви маҳаллий органлари ҳамда мулкчиликнинг барча шаклларидаги корxоналарнинг масъулиятини ошириш меxа­низмларини ишлаб чиқиш ва қонун билан мустаҳкамлаш вазифаси белгиланган эди. Меҳнат кодексига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилишини таклиф этиш орқали фракциямиз партия Сайловолди дастурида белгиланган яна бир вазифани амалга оширишга эришмоқда.

Улуғбек ҲОЖИБЕКОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси.



DB query error.
Please try later.