13.08.2013

ИСТИҚЛОЛ МАНЗАРАЛАРИ

Ҳар куни эрталаб ишга келаётиб, Тошкент автомобиль ҳалқа йўли бўйидаги автомобиль двигателлари ишлаб чиқарадиган «General Motors Powertrain Uzbekistan» заводи ёнидан ўтаман. Юртбошимиз ташаббуси билан ташкил этилган ва замонавий стандартлар асосида энг сўнгги русумдаги технологиялар билан жиҳозланган мазкур корхонада ишлаб чиқариш жараёни тўла компьютер технологиялари ёрдамида бошқарилади. Дунёда саноқли мамлакатлардагина мавжуд бундай замонавий корхона дарвозасидан кириб бораётган шодон ёшларни кўриб, ҳавас ва фахрдан кўксим тоғдек кўтарилади.

Атиги чорак аср муқаддам иқтисодиёти фақат хомашё тайёрлашга йўналтирилган, бир ёқлама ривожланиш ҳисобидан мўрт ва ночор ҳолга тушиб қолган бир ўлкадан жаҳон талаблари даражасидаги тайёр маҳсулот экспорт қиладиган давлатга айланган Ўзбекистонимизда бугун бундай улкан саноат корхоналари тобора кўпаймоқда.

Мустақиллик йилларида Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар са­марасида Ўзбекистон харитасида саноат шаҳарлари сафи жадал кенгайди. Бу ҳақда гап кетганда Асака, Ғузор, Муборак, Қўнғирот, Қоровулбозор, Навоий, Деҳ­қонобод каби шаҳар ва туманлар кўз ўнгимизга ке­лиши табиий. Дарҳақиқат, бу номларни бугун нафақат Ўзбекистон, балки узоқ-яқин хорижда ҳам яхши билади.

Ваҳоланки, атиги 25-30 йил муқаддам аксарияти эртаклардаги каби «қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куядиган» саҳро бўлган бу ҳудудларда истиқлол йилларида Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида барпо этилган замонавий корхоналар, бир-биридан кўркам турар-жойлар, муҳташам спорт ва маданият саройлари, маиший хизмат шохобчалари бугун ҳар қандай кишини лол қолдиради. Ўша пайтлар оддийгина қишлоқларда иқтисодиётимиз тараққиётининг локомотивига айланадиган йирик корхоналар пайдо бўлишига, одамлар фаровон ҳаёт кечирадиган обод ва файзли гўшага айланишига ким ҳам ишонар эди.

Бугун мазкур шаҳару қиш­лоқларда барпо этилган кор­хоналарда ўзимизнинг фарзандларимиз ишлаб чиқа­раётган замонавий маҳсулотлар жаҳоннинг кўплаб мам­лакатларига экспорт қи­линмоқда. Айниқса, ўзбек авто­мобилларининг тури ва со­ни тобора кўпайиб, ўнлаб хорижий давлатлар бозо­ридан мустаҳкам ўрин эгаллаб бораётгани қалбимизни фахр-ифтихорга тўлдиради.

1994 йили хорижлик бир иқтисодчи олим ўзича шундай «башорат» қилган эди: «Агар Ўзбекистонда замонавий машинасозлик заводи қуриладиган бўлса, унга хизмат қиладиган кадрларни шакллантириш учун тахминан 25 йил вақт керак бўлади». Халқимизнинг интеллектуал салоҳияти, бун­ёдкорлик иштиёқи туфай­ли замонавий машина заводи қуриш учун ҳалиги олим киноя билан айтган 25 йил эмас, 25 ой ҳам етиб ортди. Кўп ўтмай ана шундай камситилган халқнинг ёш ўғил-қизлари тайёрлаган турли русумдаги енгил автомобиллар ўша «башоратчи» олим юрти бозорини ҳам забт эта бошлади. Бугун ўша мамлакат бозоридаги энг харидоргир машиналардан бири айнан «Made in Uzbekistan» тамғаси остида ишлаб чиқарилган автомобиллардир. Изоҳ­га эҳтиёж йўқ.

Маълумотларга қараганда, 1990 йили Ўзбекистондаги ҳар ўн оиланинг бор-йўғи биттаси машинали бўлган. Бугун эса ҳар уч оиладан бирининг ҳовлисида ўзимизда ишлаб чиқарилган замонавий автомобилни кўрасиз.

«У пайтлар бутун қишлоғимиздаги машиналар сони бир қўлнинг бармоғидан ошмас эди, — дейди Сурхондарё вилояти Қумқўр­ғон туманида яшовчи Ашурбой ака. — Яқинда эринмай санадик, ҳозир қишлоғимизда 87 енгил машина, йигирмага яқин шахсий юк автомобили бор экан, тракторларни-ку айтмаяпман. Мен 34 йил қишлоқда фельдшер бўлиб ишладим ва автомашинанинг қадрини яхши биламан. Оғир бемор ва ҳо­миладор аёлларни мото­циклга ўтирғизиб, қишнинг қорли-қировли кунларию тунларида ҳам туман марказига олиб борган пайт­ларим кўп бўлган».

Мустақиллик йилларида мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти таркибида саноатнинг улуши изчил ўсиб бормоқда. Ўтган даврда саноат ишлаб чиқариш ҳажми 3,4 баробар ошиб, унинг салкам 40 фоизи экспорт қилинмоқда. Ҳозирги вақтда мамлакатимиз аҳоли учун энг зарур саноат маҳсулотлари — сифатли мебель, телевизор, кондиционер, музлатгич, кир ювиш машинаси каби маиший техника воситалари, енгил автомобилларга бўлган эҳ­тиёжни деярли тўлиқ таъминлай олади.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлашга ихтисослашган замонавий минитехнологиялар билан жиҳозланган корхоналарнинг пухта ишлаб чиқилган дастур асосида бутун мамлакатимиз бўйлаб ташкил этилиши эса мева-сабзавот ва гўшт-сут маҳсулотларини қайта ишлаш ҳажмини бир неча баробар ошириш имконини берди.

Шу ўринда бир рақам ёдга тушади. Яқинда газетада ўқидим — Самарқанд туманида мева-сабзавотни қайта ишлашга ихтисослашган «Агромир» қўшма корхонасида халқаро талабларга тўла жавоб берадиган 55 турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 50 фоиздан орти­ғи истеъмолчиларга қадоқланган ҳолда етказиб берилаётган экан.

Истиқлол йилларида мамлакатимизда «илгари тушимизга ҳам кирмаган» бутунлай янги — автомобилсозлик, нефтгаз-кимё саноати, нефтгаз машинасозлиги, замонавий қурилиш материаллари саноати, темир йўл машинасозлиги, маиший электроника, фармацевтика ва замонавий озиқ-овқат саноати каби тармоқларга асос солинди.

Йўл ўтган манзил тараққиёт, юксалиш сари юз буради. Шу маънода Тошгузар — Бойсун — Қумқўрғон темир йўли қурилиши билан, таъбир жоиз бўлса, мамлакатимизнинг жану­бий вилоятлари ҳам ўз келажагининг мустаҳкам темир йў­лига тушиб олди. Зеро, тоғли ҳудудларнинг ривож­ланишида, у ерда истиқомат қилаётган аҳолининг ҳаёти янада обод бў­лишида бу муҳим комму­никация воситасининг аҳа­миятини ҳеч нарса билан солиштириб бўлмайди.

«Мана шу темир йўл, калийли ўғитлар заводи қу­рилиши туфайли Деҳқон­обод ҳам саноатлашган туманлардан бирига айлан­ди, — дейди деҳқонободлик мактаб ўқитувчиси Нурбой ­Абдулҳакимов. — Илгари биз томонларда одамлар истироҳат боғларида сайр қи­лиш, невараларини замонавий аттракционларда учириш ёки турли спорт секциялари, мусиқа мактабларига беришни орзу ҳам қила олмас эди. Бугун уларнинг барчаси муҳайё. Буларнинг ҳаммаси Ватанимиз мустақиллигининг шарофотидан».

Манбаларда қайд этилишича, Термизга темир йўл бундан юз йил муқаддам, 1914 йили қўшни давлат ҳудуди орқали ўтган. Шўро ўзини қанчалик қудратли санамасин, бу томонларда бошқа темир йўл қурмаган. Йўқ, қураман деса, балки кучи ҳам, қурби ҳам етарди, фақат буни хоҳламаган. Бу жойларнинг обод бўлиши, бу юртлар элининг фаровон яшаши унинг манфаатларига тўғри келмаган.

Поездда Соҳибжон Икромов деган дарбандлик йигит билан ҳамроҳ бўлиб қол­дим.

«Тошгузар — Бойсун — Қумқўрғон темир йўли қурилиши қишлоғимизнинг қиё­фасини, одамларимизнинг дунёқарашини бутунлай ўз­гартириб юборди. Биз гўё юз йилларга илгарилаб кетдик, — дейди у. — Бу ҳеч қан­дай муболаға эмас. Илгари тузукроқ автомобиль йўли ҳам бўлмаган тоғли Бойсун туманига бугун поездлар қатнаб турибди, оддий пахтани ҳам қўшни туманга бориб титтирган уй бекаси бугун ўз қишлоғида замонавий дастгоҳни бошқармоқда. Бу йўл бизни дунё­га олиб чиқди. Бугун жаҳон темир йўллар харитасида қишлоғимиз Дарбанд номи билан аталадиган вокзал борлигидан фахр­ланамиз».

...Равон йўллар, маҳобатли кўприклар, замонавий инфратузилма иншоотлари, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт масканлари, пишиқ ғиштдан қад кўтарган кўркам уйлар... Йўқ, бу Ғарбдаги қайсидир ривожланган мамлакатнинг замонавий шаҳарлари эмас, ўзимизнинг тоғли Бойсун, Деҳқонобод йўллари бўйидаги бугунги манзара. Истиқлолимиз манзаралари!

Ўзбекистон қўлга кири­таётган бундай улкан ютуқ ва марралар бугун жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳам кенг эътироф этилмоқда, мутахассислар ва экспертлар мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар бераётган самараларга юксак баҳо бермоқда. Чунончи, 2012 йилнинг 12-14 сентябрь кунлари Тошкентда бўлиб ўтган «Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий сиёсатни амалга оширишда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг роли ва аҳамияти» мавзусидаги халқаро конференция иштирокчилари буни алоҳида таъкидлади.

«Ўзбекистоннинг бой тажрибасини илгарироқ ўрганишимиз зарур экан, — деди ўшанда Ўзбекистон — Буюк Британия кенгаши ҳамраисининг ўринбосари Майкл Томас. — Ўзбекистон эришаётган бундай юксак ўсиш суръатларига Европада ҳавас қилишади. Сизлардан ўрнак олса арзийдиган жиҳатлар кўп экан».

Бундай юксак эътирофни ўтган куни сени билмаган, кеча эса унчалик ҳам писанд қилмаганлардан эшитиш, рости, ғоят фараҳбахш.

Purdue университетининг кичик бизнес институти директори, Америка тадбиркорлик ва ривожланиш фонди президенти Жамолуддин Ҳусайннинг гапларига эътибор беринг:

«Ўзбекистонга биринчи бор келишим. Илгари айрим хорижий муаллифлар томонидан ёзилган мақо­лаларни ўқиб, менда Ўзбекистон иқтисодий ривожланишдан анча ортда қолаётгани ҳа­қида тасаввур пайдо бўлган эди. Бироқ Самарқанд, Бухоро, Тошкент шаҳарларида амалга оширилаётган ўзгаришларни кўриб ва Президент Ислом Каримовнинг анжумандаги нутқини эшитганимдан сўнг, фикрим мутлақо ўзгарди. Ўзбекистон тўғри йўлдан изчил бормоқда ва бу таҳсинга сазовордир. Мен ўз нутқимни олдиндан ёзиб келгандим. Аммо маърузам энди ўз долзарблигини йў­қотга­ни сабабли, ундан тўла воз кечишга мажбур бўл­дим. Маърузамни бутунлай янгидан ёздим».

Қўлга киритаётган бундай улкан ютуқларимиз — мамлакатимиз иқтисодиётининг жадал ривожланаётгани, хал­қимиз фаровонлигининг изчил юксалиб бораётга­ни, аввало, истиқлолимиз шарофати, Президентимиз Ислом Каримов раҳнамо­лигида мустақил давлатимизнинг тамал тоши аввал-бошидан тўғри ва узоқни кўзлаб, мустаҳакам қўйилганининг амалдаги самараларидир.

Тараққиётнинг «ўзбек модели» сифатида жаҳонда кенг эътироф этилган ушбу ривожланиш йўлининг ҳаётбахш самаралари — озод ва обод Ватанимизнинг гўзал ва бетакрор қиёфаси, шаҳару қишлоқларимиз жамоли, халқимиз фаровонлигида намоён бўлмоқда!

Жуманазар МЕЛИҚУЛОВ

(ЎзА)



DB query error.
Please try later.