08.08.2013

ФАРҒОНА: ЯНГИЛАНИШЛАР, ЮКСАЛИШЛАР, БУНЁДКОРЛИКЛАР

Мустақиллик юртимизга инъом этган улкан имко­ниятлар сама­раси Фарғона вилояти ҳаё­тида ҳам ўзининг ёрқин ифодасини топмоқда. Шаҳар ва қишлоқлар кўркамлашиб, турмуш фаровонлашиб бораётгани одамлар дунё­қа­раши, онги ва тафаккури, ҳаётга бўл­ган муносабатини ҳам ўзгартирмоқда.

Маълумки, ҳар қандай натижа рақамларда ўз ифодасини топади. Фарғона ви­лоятида 2013 йил 1-ярим йил­лик якунида 2208,3 млрд. сўмлик саноат маҳ­сулотлари ишлаб чиқарилиб, ўсиш суръати ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 108,8 фоизни ташкил этди. Ташқи савдо айланмаси 531,6 млн. долларни, шундан маҳ­сулот экспорти 239,4 млн. долларни ташкил этиб, ўсиш 115,8 фоизга етди.

Давлатга пилла, дон сотиш шарт­номавий режалари ортиғи билан адо этилди. 6 ойдаги ялпи ҳу­дудий маҳсулот ҳажми 3,6 триллион сўмликни ташкил этган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нис­батан 640 миллиард сўмга кўп дегани.

Ҳукуматимиз ташаббуси билан 2013-2015 йилларда Фарғона вилоятининг саноат салоҳиятини ошириш Дастури ишлаб чиқилган эди. Унга кўра, жами 473 та ло­йиҳа амалга оширилиши белгиланиб, унинг умумий қиймати 243,8 млн. долларни ташкил этади. Ло­йиҳаларнинг бажарилиши натижасида 10376 та янги иш ўрни яратилади. Ҳозиргача 235 та лойиҳа амалга оширилди. Бундай ёруғ мисолларни ҳар соҳадан келтириш мумкин.

Омборлар донга, дастурхонлар ноз-неъматга тЎлиб-тошди

Бу йил водий аҳли давлатга дон топшириш шартномасини қисқа вақт ичида ортиғи билан адо этди. Ҳар гектардан ўртача 59,1 центнердан жами 660 минг тонна дон етиштирилди. Фарғо­на боғларининг меваларига нафақат вилоят, балки бутун республикамизда ҳам талаб жуда катта. Ҳатто хориждан ҳам харидорлар оз эмас. Пишиқчилик туфайли бозорлар арзон, дастурхонлар тўкин.

Қишлоқ хўжалигидаги бундай ютуқлар ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, тупроқ унумдорлигини ошириш борасидаги амалий ишлар билан ҳам боғлиқдир. Вилоятни етарли сув захираси билан таъминлаш мақсадида сиғими 350 миллион куб бўлган Марказий Фар­ғона сув омборининг биринчи навбати қурилиши якунланиб, янги мавсумда фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Бу деҳқон ва фермерлар учун сув таъминотида катта имкониятлар туғдиради. Шунингдек, Риштон, Олтиариқ, Ёзёвон, Боғдод туманларида 56 минг гектар майдоннинг мелиоратив ҳолати ва сув таъминотини яхшилаш учун Жаҳон банкининг салкам 68 мил­лион 500 минг доллар, «Беш­ариқ», «Фурқат-1» ва «Данғара» насос станцияларини реконс­трукция қилиш учун Осиё тараққиёт банкининг 33 миллион 500 минг доллардан ортиқ кредит маблағи жалб этилди. Буларнинг барчаси қишлоқ хўжалиги ривожини янги поғонага кўтариш, деҳқон меҳнатини енгиллатиш, халқ фаровонлигини оширишга қаратилгани билан эътиборлидир.

 Хорижий инвестиция, хорижлик Ҳамкорлар

Бугун вилоятда хорижий инвестиция иштирокида 109 та корхона фаолият кўрсатяпти. Унинг 87 таси саноат йўналишида. Фарғоналик тадбиркорлар Россия, Хитой, Корея, Туркия, АҚШ, Германия, Буюк Британия, Канада, Италия, Франция ва бошқа Осиё ҳамда Европа давлатлари билан ҳамкорлик муносабатларини йўлга қўйган. 84 та қўшма корхона 50 дан зиёд турдаги маҳсулот ишлаб чиқармоқда. Чет эл инвестицияси иштирокидаги корхоналар томонидан жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида 414,5 млн. долларлик маҳсулот экспорт қилинди. Бу 2012 йилнинг шу даврига нисбатан 101,1 фоизни ташкил этади. Яқинда Венгриянинг Ўзбекистондаги ма­даният-савдо ваколатхонаси Фарғона вилоят озиқ-овқат саноати корхоналари уюшмаси билан амалий шартнома тузди. Унга кўра, Венгрияга консерва, қишлоқ хўжалиги, жумладан, гўшт-сут маҳсулотлари экспорт қилинади. Ўз навбатида, ҳамкорларимиз Фарғона кичик бизнес вакилларини замонавий технологиялар билан таъминлайди.

2013 йилнинг ўтган 6 ойида 14 та янги хорижий инвестиция иштирокидаги корхона ташкил этилди. Марғилон шаҳрида калава ип ишлаб чиқаришга ихтисослашган Ўзбек-Буюк Британия «Экспо Коллор Прин текс», ипак маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган Ўзбекистон-АҚШ «Бектонио Силк», ёғоч маҳсулотларини қайта ишлашга ихтисослашган Ўзбек-Россия «Yunusbek almaz invest» қўшма корхоналари шулар жумласидандир. Тараққиётнинг «Ўзбек модели» амалий ифодаси бўлган бундай йирик лойиҳалар аҳоли фаровонлигини юксалтириш, халқимиз, айниқса, ёшларимизни ҳеч кимдан кам бўлмаган, баркамол авлодлар этиб вояга етказишда муҳим аҳамият касб этади.

бири биридан гЎзал ва обод

Сўнгги йилларда қадимий Марғилон ва Қўқоннинг қиёфаси мутлақо ўзгариб, Ўзбекистоннинг энг замонавий ва гўзал шаҳарларига айланиб бормоқда. Пирсиддиқ меъморий мажмуаси, Улуғмозор зиёратгоҳи, Жаҳон отин Увайсий мақбараси ва музейи каби тарихий-маданий ёдгорликлар қайтадан тикланди.

Қўқон шаҳридаги кўримсиз бинолар ўрнида замонавий иншоотлар қад ростлади, Озодлик хиёбони ва Ўрда майдони қўшилиб, яхлит шарқона меъморий ансамбль кўринишини касб этди. Бу ерда шахмат-шашка клуби, боулинг маркази, болалар хиёбони бунёд этилди. Чорсу, Кимёгарлар майдонлари, Туркистон, Алишер Навоий кўчалари, темир йўл шоҳбекатида амалга оширилган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари туфайли шаҳарнинг қиёфаси янада кўркамлашди.

Фарғона шаҳри эса бугун улкан қурилиш майдонига айланган. Юртбошимиз ташаббуси би­лан бу ерда олиб борилаётган бундай улкан ҳажмдаги ишларга катта-ю кичик ўзини дахлдор деб, билади. Фарғона шаҳрининг бош режасига мувофиқ 2012-2015 йилларда ҳудудда жами 1,3 трлн. сўмликдан зиёд қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилиши белгиланган. Дастур асосида ўтган давр мобайнида 164,5 млрд. сўм ва 12,5 млн. доллар маблағ сарфланиб, кенг кўламли ишлар бажарилди.

Айни кунларда шаҳарнинг ўзига хос меъморий кўринишини сақлаган ҳолда узоқни кўз­лаб давом эттирилаётган бун­ёдкорлик ишлари авж палласида. Узунлиги 14,4 километр, эни 40 метрли 6 йўлакли кичик ҳал­қа йўлини қуриш ишлари ни­ҳоясига етди. Бундан ташқари, Республика йўл жамғармаси ҳисобидан Алишер Навоий шоҳкўчасининг 2,4 километр қисми мукаммал таъмирланди. Бу ердаги барча кўп қаватли турар-жой бинолари, ижтимоий объ­ектлар реконструкция қилинди. «Фарғона кимёвий бирикмалар заводи» кўчирилгач, бўшаган 20 гектар майдонда «Мустақиллик шаҳарчаси»ни бунёд этиш ишлари бошлаб юборилди. Бу ер­да 35 та кўп қаватли турар-жой биноси қад ростлайди. Шаҳардаги 28 маҳалла ҳудудида янги гузарлар, болалар майдончалари барпо этиш ишлари давом эттирилмоқда.

Алишер Навоий, Қувасой ва Юксалиш кўчалари кесишган ҳудудларда ҳам савдо, маиший хизмат кўрсатиш марказлари, фавворалар барпо этилди. Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, тиббий хизмат кўламини кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон кўчасида қурилган тиббиёт маркази дастлабки мижозларни қабул қилишни бошлади. Замонавий хиёбон ва йўлаклар, кўприк ва мусиқали рангли фавворалар мажмуасини қуриш ишлари поёнига етказилмоқда. Қувасой кўчасида қад ростлаётган ёпиқ сузиш ҳавзаси, минг нафар томошабинга мўлжалланган санъат кошонаси, 20 минг ўринли замонавий футбол стадиони қурилиши жадал суръатларда олиб борилмоқда.

МустаҚиллик уйлари

«Обод турмуш йили» вилоят ҳудудий дастурида жами бўлиб 450,4 млрд. сўм, 53,7 млн. доллар ҳамда 1,8 млн. евродан ортиқ маблағ сарфланиши кўзда тутилган. 6 ой давомида йиллик режага нисбатан 286,1 млрд. сўм ва 38,2 млн. АҚШ доллари сарфланди. Ўнлаб янги иншоотлар қурилди, минглаб иш ўрни яратилиб, аввало ёшлар бандлиги таъминланди.

Халқ орасида «Мустақиллик уйлари» деб ном олган уйлар нафақат қишлоқлар чиройига кўрк бағишлаяпти, балки ёш оилаларни барча қулайликларга эга шинам уй-жой билан таъминлаб, улар ҳаётига янгича, замонавий турмуш тарзини олиб кирмоқда. Агарда ўтган йилларда вилоятда намунавий лойиҳалар бўйича 2 минг 25 та янги турар-жой биноси қурилиб, унга мос тарзда муҳандислик ва транспорт коммуникация тармоқлари, ижтимоий ва бозор инфратузилмаси объектлари барпо этилган бўлса, бу йил 31 та қишлоқ массивида 850 та худди шундай якка тартибдаги уй-жой қуриляпти. Уларнинг дастлабкилари энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган.

МустаҚил юрт ёшлари

Фарғона политехника институти қошидаги «Ёрмозор» академик лицейи битирувчиси Нав­рўза Аслонова халқаро иншолар танловида ғолиб бўлиб, Германиядаги ўқув курсларида иштирок этиб қайтган эди. Лондонлик кинорежиссёрлар эса айнан Наврўза ёзган матн асосида Ўзбекистон, Фарғона ҳақида фильм ишлагани юртимизга келди.

Яқинда Наврўза Германияда ўтказилган «Келажак устахонаси» деб номланган яна бир нуфузли халқаро семинарда иштирок этди. Дунёнинг ўнлаб мамлакатидан таклиф этилганлар орасида у Марказий Осиёдан ягона вакил эди.

Семинарда иштирокчилар ўз келажаклари қандай бўлишини немис тилидаги шеър, қўшиқ ва моҳирона чиқишлари билан кўрсатиб беришлари керак бўлди. Германиянинг нуфузли университетлари ректорлари, олимлари, жамоатчилик вакилларининг саволларига тўлиқ ва аниқ жавоб берган ўзбек қизи Ўзбекистон ёшлари нималарга қодирлиги, қандай салоҳиятга эга эканини намойиш этди.

— Германиялик журналистларга берган интервьюмда, — дейди Наврўза Аслонова. — Мамлакатимизда таълим соҳаси, айниқса, ёшларга катта эътибор қаратилаётганини, нимага эришган бўлсам, бу — Президентимизнинг бизларга кўрсатаётган ғамхўрлиги ва яратиб берилган шароитлар туфайли эканини мамнуният билан айтдим.

Ҳавас

Хизмат тақозаси билан Шоҳи­мардонга борган эдим. Қайтишда қирғизистонлик чегарачилар ёш болали аёлни йўл-йўлакай Қадамжой тумани марказига олиб кетишни илтимос қилишди. Рози бўлдим. Аёл машинага минди-ю, орқа ўриндиқдаги «Фарғона: истиқлолдан истиқболга» номли суратли китобни олиб варақлай бошлади.

— Фарғонаданмисиз, — сў­ради у.

— Ҳа, — дедим.

— Бу китобда Фарғонадаги катта ўзгаришлар ҳақида ёзилган экан. Биз боткенликлар Фар­ғона телевидениесини ҳам кў­риб турамиз. Уҳ-ҳу қандай қурилишлар бўляпти-а, одамнинг ҳаваси келади!..

У бироз ўйга толиб тургач, шундай деди:

— Сизларнинг Ислом Каримов­дек Президентингиз борда!

Шу иборада ҳамма гап айтилган эди: Ўзбекистондаги буюк бунёдкорликлар, фаровон турмуш, тинчлик, халқнинг эртанги кунига қатъий ишончи, эришилаётган улкан ютуқлар... ҳамма-ҳаммаси!

ЎзХДПнинг Ўз Ўрни бор

Бу янгиланиш ва юксалишларда ЎзХДП Фарғона вилоят Кенгаши ва депутатларимизнинг ҳиссаси қандай бўлмоқда?

— Депутатлик гуруҳларимизнинг ҳудудларни ижтимоий-иқ­тисодий ривожлантиришнинг аниқ вазифаларини ҳал қилишдаги таъсирини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз, — дейди ЎзХДП Фарғона вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Маҳмуджон Маҳкамов. — Биз партиямизнинг дастурий мақсадларини амалга ошириш ҳамда ҳудудларни ҳар томонлама тараққий эттиришга қаратилган ташаббусларимизни ҳуқуқий ваколатларимиз доирасида амалга оширишга ҳаракат қилаяпмиз. Жорий йилнинг шу даврига қадар халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессиялари муҳокамасига 11 та масала киритилди. Доимий комиссияларда эса бизнинг ташаббусимиз билан 42 та масала кўриб чиқилди.

Халқ депутатлари Ёзёвон туман Кенгашидаги депутатлик гуруҳимиз ташаббуси билан туман Кенгашининг шу йил 7 май куни бўлиб ўтган сессияси муҳокамасига «Кўп меҳнат талаб қилмайдиган енгил саноат, озиқ-овқат, қурилиш материаллари ва мебелсозлик саноатини янада ривожлантириш ҳисобига аҳоли бандлиги даражасини ошириш тўғрисида»ги масала киритилди. Халқ депутатлари Фарғона шаҳар Кенгашининг 5 июнда бўлиб ўтган сессиясида шаҳар халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимининг халқ таълими муассасаларида 2013-2014 йил куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш борасида олиб бораётган ишлари муҳокама этилди. Риштон туман Кенгашининг 9 июлда бўлиб ўтган сессиясида туманда коммунал хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва мавжуд муаммоларни бартараф этиш масаласи, Ўзбекистон туман Кенгашининг 1 июнда бўлиб ўтган сессиясида туманда мева-сабзавотчилик, узумчиликни, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш, саноат салоҳиятини ошириш билан боғлиқ масалалар батафсил муҳокама этилди. Бу муассасалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди, айни пайтда улар ижроси бўйича ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, «Овчи» қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги консерва заводини ишга тушириш чора-тадбирлари белгиланди, янгидан 3 та узумчилик фермер хўжалиги ташкил этилди.

Халқ депутатлари Риштон туман Кенгашидаги партиямиз депутатлик гуруҳи йиғилишида «Бола ҳуқуқлари тўғрисида»ги Конвенция, «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида» ва «Таълим тўғрисида»ги қонунларнинг ижроси кўриб чиқилди. Депутатларимиз мазкур ҳужжатларнинг ижроси юзасидан қатор камчиликлар борлигини айтишди. Мисол учун туман ҳокимлиги ҳузуридаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиянинг фаолияти қониқарли эмас, деб топилди. Туман тиббиёт бирлашмасида ишлаётган икки ёшга тўлмаган болалари бор аёлларга меҳнат қонунчилигида назарда тутилган имтиёзлар жорий этилмаган. Бу айрим болалар ҳуқуқларининг тўлиқ таъминланмай қо­лишига олиб келган. Шу каби камчиликлар батафсил муҳокама этилиб, юқоридаги қонунлар ижроси билан боғлиқ масалани Ижтимоий-маданий ривожлантириш, ёшлар сиёсати ва соғлом авлодни тарбиялаш масалалари доимий комиссияси кун тартибига киритилди. Комис­сия тегишли қарор қабул қилди ва унинг асосида туманда юқо­ридаги қонунлар ижросини таъминлаш юзасидан кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Партия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳлари томонидан амалга оширилаётган бу ишлардан кўзланган мақсад битта — электорат манфаатини самарали ҳимоя қилиш. Электорат муаммоларини ўрганишда эса Жамоатчилик қабулхоналари фаолияти муҳим аҳамият касб этмоқда. Жорий йилнинг ўтган 6 ойида фуқаролардан Жамоатчилик қабулхоналарига 212 та мурожаат бўлган ва уларда кўтарилган масалаларнинг 80,5 фоизи тегишли давлат идоралари ва ташкилотлари орқали ҳал этилган. Масала ечимини таъминлашда депутатлик сўровининг ўрни алоҳида аҳамиятга эга. Партиядан сайланган депутатлар жамоатчилик қабулхоналаридаги мурожаатлар натижасида 23 бор тегишли ташкилот раҳбарларига депутатлик сўрови юбордилар. Айни кунларда касб-ҳунар коллежи битирувчиларини ишга жойлаштириш дастури якунланяпти. Маҳаллаларда хизмат кўрсатиш, сервис кўлами ва самарадорлигини ошириш юзасидан 426 та лойиҳа тўпланиб, унинг 128 таси Марказий банк вилоят Бош бошқармасига иқтисодий экспертизадан ўтказиш учун юборилди. Бу иш ниҳоясига етса, яна мингдан зиёд янги иш ўрни яратилишига эришилади.

Партия кенгашлари ташаббуси билан ижтимоий ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда олиб борилаётган ишлар натижасида касаначилик, оилавий тадбиркорлик билан шуғулланишни хоҳловчилар, жумладан, ёшлар ва аёллар, жами 149 нафар фуқарога 3 миллиард 492 млн сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилиб, 400 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди.

ЎзХДП Фарғона вилоят кенгаши, унинг партия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳлари ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш электоратимиз манфаатига хизмат қилишини ҳисобга олиб, маҳаллий дастурлар тўла ижро этилиши учун курашмоқда. Бу борада ўз таклиф ва ташаббусларини илгари сурмоқда.

Муҳаммаджон ОБИДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.