Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
08.08.2013

ШАРОИТ ВА ИМКОНИЯТ ЕТАРЛИ

фақат ишга масъулият билан ёндашиш зарур

Халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгашидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳи ҳамда Қишлоқ ва сув хўжалиги, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари бўйича доимий комиссиянинг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда дастлаб Президентимизнинг «Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонининг Тошкент вилоятидаги ижроси ҳақида»ги масала муҳокама этилди.

Масала юзасидан вилоят фермерлар Кенгаши раиси Тўлқин Тўраевнинг ахбороти эшитилди. Таъкидландики, вилоятда Фармон ижроси юзасидан муайян ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, кўп тармоқли фермер хўжаликларини ташкил этиш, уларни ҳар жиҳатдан ривожлантиришга катта эътибор қаратилаяпти. Жорий йилда вилоятда кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш бўйича дастур қабул қилинди. Унга асосан, шу йилнинг ўзида 2256 та кўп тармоқли фермер хўжалиги ташкил этиш, шунинг ҳисобидан 11 минг­дан ортиқ иш ўрни яратилиши керак.

Вилоят ва туман фермерлар Кенгашлари томонидан фермерларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича кенг кў­ламли ишлар олиб борилаяпти. Бироқ айрим мутасадди ташкилотлар томонидан бу борада белгиланган талабларни бузиш ҳоллари учраб турибди. Жорий йилнинг июль ойига қа­дар фермер хўжаликларининг манфаатларини кўзлаб, судларга жами 83 та, яъни 1 миллиард 360 миллион сўмдан ортиқ қарз­дорликни ундириш бўйича даъ­во аризалари киритилган.

Депутатлар етиштириладиган қиш­лоқ хўжалиги маҳсулотларини тайёрловчи ташкилотлар ва маҳсулот етиштирувчилар ўр­тасида тузилган контрактация шартномасида белгиланган мажбуриятлар бажарилишида учраётган хато ва камчиликларни бартараф этиш масаласига эътибор қаратишди. «Тошкент­пахтасаноат» ҳудудий акциядорлик бирлашмасининг пахта хомашёси контрактация шартномалари бўлими бошлиғи Шомансур Нуримов таъкидлашича, айрим фермер хўжаликлари шартномавий мажбуриятларини бажармагани сабабли ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари, минерал ўғит ва бошқа харажатлар учун олинган кредит қарзларни ёпишда муаммолар туғилмоқда.

Депутатлар масала муҳокама­сидан сўнг муаммоларни ечиш­га қаратилган таклифларини билдиришди. Халқ депутат­лари вилоят Кенгашидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳи аъзо­си Саидислом Сайдуллаевнинг фикрича, мазкур йўналишдаги хато ва камчиликларнинг олди­ни олиш учун тегишли ташкилот ҳамда тузилмалар масъулиятини, керак бўлса, жавобгарлигини ошириш зарур.

— Депутатлик гуруҳимиз бу масалага эътибор қаратгани бежиз эмас, — дейди ЎзХДП Тошкент вилоят Кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари Сирожиддин Аъзамов. — Аграр соҳада фермерларнинг юқори сифатли қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтиришга бўлган қизиқиши, моддий фаровонлигини таъминлайдиган ердан фойдаланишнинг мақбул тизимини қўллашга кўмаклашиш борасида ЎзХДП Дастурида қатор вазифалар белгиланган. Демак, фермерлик фаолияти ривожланишини қўллаб-қувватлаш, фермер хў­жаликларида меҳнат қилаётган минглаб қишлоқ аҳолисининг манфаатлари, ҳақ-ҳуқуқини ҳи­моя қилиш биз учун муҳим масала. Шу боис ҳар бир депутат ҳудудларда фермер хўжаликлари фаолиятида юзага келаётган масалаларни чуқур ўрганиши, уларни ҳал этиш юзасидан таклифлар шакллантирилишида фаол қатнашиши зарур.

Мамлакатимизда суғориладиган ерлардан оқилона фойдаланиш ва ер маҳсулдорлигини оширишга катта эътибор қаратилмоқда. Негаки, бу масала мамлакат иқтисодиётини юксалтириш билан бевосита боғлиқ. Шу боис ерларнинг захини қочириш, соғломлаштириш, ариқ-зовурлар, коллекторларни қайта тиклаш, реконс­трукция қилиш ва тозалаш ишлари кенг кўламда амалга оширилмоқда. Бироқ, шунга қарамай, баъзи ҳудудларда ерларнинг табиий унумдорлиги пасайиши, шўрланиш ва сизот сувларнинг кўтарилиш ҳоллари учраб турибди. Бу эса қишлоқ хўжалик экинларининг ҳосилдорлиги пасайиши, қиш­лоқ хўжалик маҳсулотлари етиш­тирувчиларнинг даромадлари камайишига олиб келади. Демак, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш тадбирлари изчил олиб борилиши устидан маҳаллий вакиллик ҳокимияти назоратини кучайтириш талаб этилмоқда.

Йиғилишда, шунингдек, Чирчиқ-Оҳангарон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси қошидаги Гидрогеология ме­лиоратив экспедиция бошлиғи Уйғун Очиловнинг вилоятда ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш борасида олиб борилаётган ишлар бўйича ҳисоботи тингланди. Шу асосда «Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбир­лари тўғрисида»ги Президент Фар­монининг Ўрта Чирчиқ, Қуйи Чирчиқ ва Юқори Чирчиқ туманларида ижро этилиши ҳақидаги масала кўриб чиқилди.

Депутатлар, мутасадди ва мутахассислар мазкур туманларда ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича амал­га оширилаётган ишларни бирма-бир таҳлил қилди. Коллектор, дренаж тармоқларини таъмирлаш, тиклаш ишлари, ҳудудий дастурларга киритилган лойиҳалар ва уларни амалга ошириш механизмлари ҳақида атрофлича сўз юритилди. Фармон ижросини таъминлаш жараёнида учраётган камчиликларни ечишга қаратилган таклифлар билдирилди.

Қўшма йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қи­линди.

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.