08.08.2013

ИНСОН ҲУҚУҚИ – ЭНГ ОЛИЙ ҚАДРИЯТ

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Истиқлолга эришгандан сўнг Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган дастлабки халқаро ҳужжатлардан бири Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси эди. Конституциявий суд, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази каби фаолияти бевосита инсон ҳуқуқларини муҳофаза қилишга қаратилган миллий  демократик институтлар ташкил этилди. Улар фуқаролик жамияти ривожида ҳамда демократик анъаналарнинг қарор топишида муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. 

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази 1996 йилда Президент Фармони билан ташкил қилинди. Фуқароларнинг инсон ҳуқуқ ва эркинликлари бузилиши тўғрисидаги мурожаатларини ўрганиш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини муҳофаза қилишнинг таъсирли воситасини барпо этиш, халқаро ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотлари билан ҳамкорликни кенгайтириш, давлат муассасалари ходимлари ва аҳолининг инсон ҳуқуқлари бўйича маданиятини ошириш каби масалалар Марказнинг асосий вазифалари қилиб белгиланган. БМТнинг инсон ҳуқуқлари ва бошқ­арув тизимини демократиялашни қўллаб-қувватлаш дастурига мувофиқ тузилган миллий марказ бугунга келиб инсон ҳуқуқини муҳофаза қилишда фуқароларнинг ишончли ҳамкорига айланиб бормоқда.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими мудири Отабек Норбоев  шикоят  билан келган фуқаронинг арзини тинглайди, унинг ҳужжатларини кўздан кечириб, аризасини рўйхатдан ўтказади.

Марказга ташрифидан натижа чиқишига астойдил ишонч билан чиқиб кетаётган аризачи бизнинг саволларимизга ҳам бажонидил жавоб беради.

– Миллий марказга мурожаат қилиш истаги қандай пайдо бўлди дейсизми? Марказ ҳақида эшитганман, газетада ўқиганман. Бир танишим ҳам бу ерга мурожаат қилгани ва аризаси ижобий ҳал этилганини айтганди.

Отабек Норбоевнинг таъкидлашича, фуқаролар марказга асосан ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини таъминлашда ёрдам сўраб мурожаат қилади.

Миллий марказга Тошкент вилояти Паркент туманидаги «Паркенттумангаз» корхонаси ходимларидан бир гуруҳи шикоят билан мурожаат қилиб, «Паркенттумангаз» корхонаси ва «Микрокредитбанк» ОАТБ туман филиали мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларидан норозиликларини баён этишди.

Шикоят ва унга тааллуқли ҳужжатлар вилоят прокуратурасига юборилди. Вилоят прокуратурасининг маълумотига кўра, шикоятда кўрсатилган фактлар тасдиқланган ва банк масъул ходимининг жавобгарлигида 6 миллион сўмдан ортиқ камомад аниқланган, прокуратура томонидан жиноят иши қўзғатилган.

Албатта, барча мурожаатлар бирдек тасдиғини топавермайди. Айрим ҳолларда эса фуқаролар ҳуқуқий билимлари етарли эмаслиги туфайли овора бўладилар. Мана бу вазиятни ўзингиз таҳлил қилинг: эр-хотин бундан ўн йиллар муқаддам танишларидан уй сотиб олган. Лекин олди-сотдини расмийлаштиришмаган, ҳатто уй учун пул олганлиги тўғрисида улардан тилхат  ҳам олишмаган. Энди ўша танишлари уларни уйдан чиқариб юбориш тўғрисида судга даъво аризаси киритмоқда. Эр-хотиннинг эса уйни сотиб олганлигини исботловчи бирор ҳужжати ёки гувоҳи йўқ.

Ўтган 2012 йилда марказга турли мазмунда 1400 дан ортиқ шикоят ва аризалар келиб тушган. Му­ро­жаат­лар мониторинги фуқароларнинг қайси ҳуқуқлари энг кўп бузилаётгани, фуқаролар қайси давлат органларидан ўз шикоятларига асосли жавоб ололмаёт­гани, фуқароларнинг ҳуқуқлари бузилишининг сабаблари ва шарт-шароит­лари нималардан иборат эканлиги тўғрисидаги масалаларга аниқлик киритишга имкон беради.

Миллий марказнинг тегишли бўлими фуқароларнинг мурожаатлари, шикоятлари, ариза ва таклифларини ўрганар экан, инсон ҳуқуқлари бузилганлиги тўғрисидаги маълумотларни олади, уларни ҳал этишга ваколатли давлат органига юборади ва уларнинг ўз вақтида кўриб чиқилиши устидан мониторинг олиб боради.

– Марказимиз давлатга қарашли таҳлил, маслаҳат, идоралараро ва мувофиқлаштириш органи ҳисобланади,– дейди Миллий марказ директори ўринбосари Аҳмаджон ­Исмоилов. – Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий ҳаракат режасини, шунинг­дек, Конституция, қонунлар ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги умум­эътироф этилган халқаро ҳуқуқ меъёрлари қоидаларини амалга ошириш стратегиясини ишлаб чиқиш, инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро ва миллий ташкилотлар билан ҳамкорлигини ривожлантириш, Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқларига риоя қилиниши ва бу ҳуқуқларнинг муҳофаза этилиши юзасидан миллий маърузалар тайёрлаш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига, шунингдек, инсон ҳуқуқлари бўйича жамоат бирлашмаларига маслаҳатлар бериш фаолиятини амалга ошириш марказнинг асосий вазифаларидир. Шунингдек, давлат органларининг инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва муҳофаза қилиш соҳасида таҳсил бериш, тар­ғибот, ўқув-услубий адабиётларни нашр этиш борасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш, Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқларини амалга ошириш ва ривожлантириш бўйича маълумотларнинг ахборот базасини барпо этиш, давлат органларининг инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва бу ҳуқуқларни муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолиятини такомиллаштириш юзасидан уларга тавсиялар тайёрлаш, инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва муҳофаза қилишнинг турли жиҳатлари бўйича тадқиқотларни ташкил этиш ва ўтказиш каби ишлар ҳам марказ фаолияти асосини ташкил этади.

Ўтган йиллар давомида бу вазифаларни бажариш йўлида кўламли ишлар амалга оширилди. Шу давр ичида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг олтита конвенциявий органларига  ўттиздан ортиқ миллий маърузалар тайёрланиб тақдим этилди. Марказнинг инсон ҳуқуқ ва эркинликлари соҳасида фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлик муносабатлари йил сайин ривожланиб бормоқда. Бугунги кунда мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтлари инсон ҳуқуқларига риоя қилиш ва ҳимоя қилиш миллий тизимини такомиллаштиришда қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш, уларни жамоатчилик экспертизасидан ўтказиш, қонунлар ва бошқа норматив ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини кенг муҳокама қилишни ташкил этиш, инсон ҳуқуқлари  бўйича асосий халқаро ҳужжатлар қоидалари тўғрисида аҳолини кенг хабардор қилиш, уларни амалга оширишда иштирок этиш орқали қатнашиши мумкин.

Ўтган йил Марказ юқоридаги йўналишларни, биринчи навбатда болалар, ёшлар, аёллар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа ижтимоий заиф гуруҳлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича қўллаб-қувватлашга қаратилган мувофиқлаштирувчи ва маслаҳат эксперт тадбирларни амалга оширди.

Марказнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги ахборот маърифий ва ноширлик фаолияти диққатга сазовор. Ўтган йиллар давомида марказ томонидан турли ҳамкор ташкилотлар билан инсон ҳуқуқларига оид турли адабиётлар, халқаро ҳужжатлар тўпламлари, рисолалар нашр этилди. Улар бола ҳуқуқлари мониторинги борасидаги ўқув услубий қўлланмадан тортиб, одил судлов соҳасида инсон ҳуқуқлари туркумига кирувчи қатор рисола буклетлардан иборат.

Масалан, «Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси»нинг боғча болалари учун мўлжалланган нашрида ушбу муҳим ҳужжатнинг мазмуни болаларбоп қувноқ, рангли расмлар орқали тушунтириладики, инсон ҳуқуқига оид асосий қоидалар болалар онги-шуурига осон ва тез сингади. Дарҳақиқат, инсон ўз ҳуқуқларини болалигиданоқ англаши лозим. Шунда у келажакда ўз имкониятларини тўлиқ намоён қила олади, жамият ва давлат тараққиётига муносиб ҳисса қўшади.

Ҳар бир фуқарога ўз ҳуқуқини таниш, уни ҳимоя қилиш  имкониятини мустақиллик берди. Куни кеча ҳуқуқи бузилган одам қайси идора эшигини қоқишни билмай турган бўлса, бугун аҳолининг қонуний манфаатларини муҳофаза қилувчи ўнлаб, юзлаб идоралар бор. Айнан мустақиллик йилларида фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилувчи давлат ва жамоат ташкилотлари фаолияти кенг ривожланди, уларнинг ваколати ва таъсири кенгайтирилди. Бу яна бир бор мустақиллик, аввало, ҳуқуқ эканлигини, мамлакатимизда инсон ҳуқуқи ва қадри олий қадрият ҳисобланишининг амалдаги исботидир.

Шарофат ЙЎЛДОШЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.