08.08.2013

ҚИШЛОҚ МЎЪЖИЗАСИ

Уй-жой масаласи одамзод онгли ҳаёт кечира бошлабдики, энг муҳим ҳаётий эҳтиёжлардан бири ҳисобланиб келинади. Турмуш учун зарур бўлган турар-жой муаммосини ҳал этиш, унинг мақбул ечимларини топиш бўйича дунёнинг ҳатто ривожланган давлатларда ҳам муаммолар етарли эканлиги бор гап. Афсуски, жаҳонда иқтисодий инқироз юзага келган бир шароитда аксарият минтақа ва мамлакатларда бошпанасиз фуқаролар сони камайиш ўрнига кўпайиб бораётгани кузатилмоқда.

Уй-жой муаммосини ҳал этиш аҳоли тез суръатлар билан кўпаяётган бир вазиятда ҳар қайси оила, ҳар қайси фуқаро учун муносиб яшаш шароитларини яратиш бўйича Мустақиллик йилларида юртимизда амалга оширилаётган ишлар нафақат халқимиз, қолаверса, хорижликлар эътибори ва эътирофига ҳам сазовор бўлмоқда.

— Жиззах туманига қарашли Учтепа қишлоғига бундан 10-15 йил олдин ҳам бу ерларга келиб яшаш истагини билдирган кишиларни топиш қийин эди, — дейди меҳнат фахрийси Суннат Орипов. — Чунки, қишлоғимиз ичимлик суви билан таъминланмаган, табиий газ, электр энергияси бир кун бўлса, икки кун бўлмас, кўчалари ёзда чанг-тупроқ, қишда эса лой бўларди. Турмуш учун зарур бўлган энг оддий шароитларнинг ҳам йўқлигидан аҳоли азият чекарди. Кейинги йиллар ичида қишлоғимиз қиёфаси таниб бўлмас даражада ўзгарди. Намунавий лойиҳалар асосида шаҳар шароитидан кам бўлмаган 168 та замонавий уй-жойлар қурилди. Янгидан ичимлик суви, газ, электр энергия­си таъминоти, коммунал ва маиший хизматга доир инфратузилма тармоқлари бунёд этилди. Тунда ҳам кундузгидай чароғон равон кўчалар, боғ-роғлар, гулзор ва хиёбонларни айтмайсизми? Бундай иморатларни тиклаш осон эмаслигини, қанча ишчи кучи, қанча маблағ, қанча материал, ойлаб, йиллаб вақтингиз кетишини, овора-ю сарсонгарчиликларни бир кўз олдингизга келтиринг-а? Бу ўринда эса сиз қурилиш баҳосининг бир қисмини бошланғич бадал сифатида тўлайсизу, уй битгач, калитини олиб, кўчиб кираверасиз. Қолгани ўн беш йил мобайнида банк кредити ҳисобига қопланади. Энди ўзингиз айтинг: инсон учун бундан ортиқ яна қандай қулайлик, ғамхўрлик бўлиши мумкин?

— Истиқлол шарофати билан оддийгина қишлоғимизда содир бўлаёт­ган ўзгаришлардан ақлинг шошади, — дейди янги уйлардан бирига кўчиб кирган оила бекаси Гулистон Жайсанова. — Уйимиз пишиқ ғиштдан тикланган, мустаҳкам пойдеворга эга, баланд ва кўркам кошонани эслатади. Хоналари кенг, ёруғ, шинам. Ошхонаси, ювиниш хонаси ичкарида. Айвони, меҳмонхонаси ҳам бор. Жўмракни бурасангиз зилол сув оқиб турибди, табиий газга чойгумни қўйсангиз бир зумда қайнаб чиқади. Болалар хонаси, дам олиш хонаси алоҳида. Озода ва ораста, саранжом-сариштали ҳовли-жойини айтинг. Қисқаси, биз — аёллар орзу қилган уйнинг айнан ўзи! Ҳузур қилиб яшаяпмиз. Бундай уй-жойлар қурилишининг ташаббускори бўлган Президентимизга минг раҳмат!

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, намунали лойиҳалар асосида қурилаётган уй-жойлар ҳудудида болалар учун ўйин майдончаси, деҳқон бозори, маиший хизмат мажмуаси, бир неча савдо дўконлари, нон ва қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехи ҳам барпо этилди. Кўча ва йўлаклар четига замонавий ёритгичлар ўрнатилди. Экилган каштан, эман, қарағай, япон сакураси, сирень каби манзарали дарахатлар, барқ уриб очилиб турган гуллар ўзига хос, бетакрор ландшафт яратган. Кўз қувнайди, дил яйрайди.

Бугун намунавий лойиҳалар асосида барпо этилаётган уй-жойлар ҳудудлар чиройига ўзгача кўрк бағишлаяпти. Президентимизнинг 2009 йил 3 августдаги «Қишлоқ жойларда уй-жой қурилиши кўламини кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида вилоятда 2009 йили 60 та, 2010 йили 325 та, 2011 йили 360 та, ўтган йили 370 та намунали уй-жойлар барпо этилди. Обод турмуш йилида яна 550 та шундай уйлар қад ростлаяпти.

Қишлоқ аҳолисига яратилаётган бу шароитлар, бу тажриба халқаро миқёсда ҳам кенг эътироф этилаяпти. Жорий йилнинг апрель ойида юртимизда бўлиб ўтган «Замонавий уй-жой қурилиши — қишлоқ жойларни комплекс ривожлантириш ва қиёфасини ўзгартириш ҳамда аҳоли ҳаётининг сифатини яхшилаш омили» мавзуидаги халқаро конференция қатнашчилари томонидан билдирилган кўпдан-кўп фикр-мулоҳазалар бунинг ёрқин тасдиғидир.

Истиқлол меваси сифатида қишлоқларимизда қад ростлаётган янги, кўришга, ҳавас қилишга арзигулик замонавий уй-жойлар нафақат аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга, балки одамларнинг онгу шуури, тафаккури, дунёқараши, ишга, ҳаётга муносабатини ўзгартиришга, ҳаётдан рози бўлишга, ўз кучи, имкониятлари ва келажакка бўлган ишончини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилаётир.

Иброҳим ЖОНУЗОҚОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.