06.08.2013

СОҒЛОМ СИЁСИЙ РАҚОБАТ

мамлакат тараққиёти, демократик жараёнларнинг чуқурлашувига хизмат қилади

Сиёсий партияларнинг давлат ва жамият бошқарувида бевосита иштирок этиш ҳуқуқининг кенгайиши уларнинг мавқеи ҳамда масъулиятини янада оширди. Бугун ҳар бир сиёсий партия ўз сайловолди дастурини изчил амалга ошириш, электорат манфаатини самарали ҳимоя қилиш учун курашмоқда. Табиийки, бу жараёнда ўз-ўзидан сиёсий рақобат юзага келади.

Хўш, соғлом сиёсий рақо­бат қандай бўлиши керак? Рақобатни кучайтириш, бундан электорат манфаатдорлигини ошириш учун нималарга кўпроқ эътибор қаратиш зарур?

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши томонидан «Ўзбекис­тон ово­зи» ва «Голос Узбекистана» газеталари бирлашган таҳририятида ташкил этилган давра суҳбатида ана шу масалалар хусусида фикр алмашилди.

Шарбат АБДУЛЛАЕВА, ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари:

Мамлакатимизда давлат бошқарувини демократлаштириш жараёнини кўппартиявийлик тамойили асосида ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Бу давлат ва жамиятни тараққий эттириш бўйича ҳаётий таклифлар шаклланиши, аҳоли ижтимоий қатламлари ўртасида манфаатлар мувозанати таъминланишида муҳим аҳамиятга эга. Шу боис ҳар бир сиёсий партия ўз дастурий мақсадларини амалга ошириши, электорати манфаати ҳимояси йўлида курашиши учун мустаҳкам ҳуқуқий асослар ривожлантирилмоқда.

Сиёсий партиялар ўз дастурий мақсадларига мувофиқ равишда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича муайян позицияни илгари сурмоқда. Шундай қилиб, турли қарашлар, нуқтаи назарлар ўртасида рақобат юзага келмоқда.

Сиёсий партиянинг ҳақиқий кучи, партия ташкилотлари ва депутатларининг ташаббускорлиги, электорат манфаатларини қай даражада ҳимоя қила олиши ана шу рақобат жараёнида яққол намоён бўлади.

Албатта, рақобат фақат рақобат учун бўлиб қолмаслиги керак. Унинг амалий натижаси бўлиши учун нафақат Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциямиз, балки халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги депутатлик гуруҳларимиз ҳам фаол ишлаши, сессиялар, доимий комиссияларда муҳокамага киритилаётган масалалар бўйича партия ғоясидан келиб чиқиб, ўз нуқтаи назарини, қатъий позициясини ҳимоя қилиши зарур. Бу сессиялар, доимий комиссияларда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш билан боғлиқ масалалар чуқур муҳокама қилинишига, хато ва камчиликларни бартараф этиш бўйича изчил қарорлар қабул қилинишига олиб келади. Сиёсий партиялар ўртасида соғлом ва табиий рақобат кучайиши ислоҳотлар самарадорлигини оширишнинг муҳим омилига айланади.

Ҳафиза КАРИМОВА, Олий Мажлис Қонунчилик пала­таси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— «Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида»ги Конституциявий қонун сиёсий партияларнинг давлат ҳокимияти тизимидаги нуфузи янги босқичга кўтарилишига хизмат қилди. Қонуннинг муҳим жиҳатларидан бири унда фракциялараро рақобат ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинганидадир.

Мaмлaкaтимиздa дeмoкрaтик ислоҳoт­лaрни янaдa чуқурлaштириш вa фуқa­рoлик жaмиятини ривoжлaнтириш концепцияси асосида Конституциямизнинг 98-моддасига киритилган ўзгартиш, яъни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзоди Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайловда энг кўп депутатлик ўринларини олган сиёсий партия ёки тенг миқдордаги энг кўп депутатлик ўринларини қўлга киритган бир неча сиёсий партия томонидан таклиф этилиши белгиланди. Бош вазир номзодини кўрсатиш ҳуқуқини қўлга киритишга интилиш ўз ўзидан сиёсий партиялар ўртасида рақобатни кучайтиради.

«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшим­чалар киритиш ҳақида»ги қонун партиялараро, хусусан, фракциялараро рақобатнинг ҳуқуқий механизмларини янада ривожлантирганини алоҳида таъкидлаш лозим. Унга кўра, эндиликда масъул қў­мита фракцияларнинг фикрлари ва таклифларисиз қонун лойиҳаси юзасидан ўз хулосасини чиқариш ҳуқуқига эга эмас. Сиёсий партиялар фракцияларининг қонун лойиҳасига доир фикрлари ва таклифлари Қонунчилик палатаси мажлисларида эълон қилинади. Таклифлари ош­кор этилишини яхши билган фракция номигагина таклиф билдирмайди. Аввало, масалани чуқур ўрганади, электоратининг манфаати, эҳтиёжларини доимий таҳлил этади ва шундан кейингина қонун лойиҳаси юзасидан ўз муносабатини билдиради. Мазкур меъёрлар қонун ижодкорлиги жараёнида фракция­лар ўр­тасида рақобат муҳитининг амалда кучайишини таъминламоқда.

Дилбар ХОЛИҚОВА, Олий Мажлис Қонунчилик пала­таси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Сиёсий баҳс-мунозара деганда, биз энг аввало, сиёсий партиялар ўртасидаги ғоявий рақобатни тушунамиз.

Аввало, сиёсий баҳс илмий-назарий асосланган, тажрибага таянган бўлиши керак. ОАВда сиёсий баҳсни олиб боришда бир кишининг эмас, балки кўпчиликнинг фикрини бериш ўқувчида қизиқиш уйғотади. Сиёсий баҳсда фикр қис­қа, тушунарли, яъни оддий тилда ифода этилиши жуда муҳим. Сиёсий баҳсни партиянинг лидерлари, экспертлари, маҳаллий партия кенгашлари раҳбар­лари, бошланғич ташкилотлар етакчилари ва фаоллари олиб бориши муҳим аҳамият касб этади. Чунки, партия номидан гапи­риш, унинг нуқтаи назарини ифодалашга уларнинг кўпроқ маънавий ҳаққи бор.

Сафар ОСТОНОВ, «Ўзбекистон овози» ва «Голос Узбекистана» газеталари Бош муҳаррири, ЎзХДП Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси аъзоси:

— Юқорида билдирилган фикр-мулоҳазалардан кўриниб турибдики, соғлом рақобат, соғлом сиёсий баҳс бор жойда демократик жараёнлар ҳам ривожланади. Бу жамият тараққиётига хизмат қилади. Лекин сиёсий рақобат, партиялараро баҳс-мунозара деганда, биз кўпроқ оғзаки баҳс, матбуот орқали бўладиган тортишувни тушунамиз. Энг асосий баҳс-мунозара эса амалий ишларда, партиянинг ташаббуслари ҳаётда ўз ифодасини қандай топаётганида намоён бўлиши керак. Партиянинг амалий иши қанча кўп бўлса, ҳаётий дастурларни қанча кўп илгари сурса, муаммоларни кўпроқ кўтариб, уларнинг ечими билан боғлиқ таклифларни давлат дастурлари, маҳаллий дастурларга киритса, бу ҳақиқий рақобатдир.

Тўғри, оммавий ахборот воситалари орқали олиб бориладиган баҳс жуда керак. Аммо бундай баҳс ғоялар, амалий таклиф, муқобил дастурлар, яъни масалага турлича ёндашувлар асосида бўлиши керак.

Яна бир масалага эътибор қаратиш керак. Баҳс-мунозара туман ва вилоят кенгашлари, депутатлик гуруҳлари ўртаси­да изчил йўлга қўйилмаса, партиялар­аро рақобат чинакам тус ололмайди.

Комила КАРОМОВА, Олий Мажлис Қонунчилик пала­таси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Ҳақиқатан ҳам, рақобатсиз жамият ҳам, инсон ҳам ривожланмайди. Шунинг учун ҳамма соҳада ошкора ва яширин рақобат мавжуд. Илм-фанда ҳам, санъатда ҳам, спортда ҳам, ҳатто тиббиётда ҳам рақобат бор. Бу — жуда яхши. Лекин рақобат соғлом бўлиши учун, аввало, инсонда фикр, билим бўлиши, баҳсга киришаётган киши узоқни кўра олиши керак.

Сиёсий рақобат, сиёсий баҳснинг энг муҳим йўналиши, шубҳасиз, парламент­да олиб борилаётган рақобат, парламент демократиясидир. Чунки, қонунлар лойиҳалари кўриб чиқилаётганда ҳар бир сиёсий партиянинг фракцияси ўз электорати манфаатидан келиб чиқиб фикр, таклиф айтади. Қонунлар лойиҳаларида акс этган меъёрлар устида тортишувлар бўлади. Аммо парламентдаги баҳсларни газеталаримизда етарли даражада ёритиб бера олмаяпмиз. Демак, бугун олдимиздаги энг муҳим масалалардан бири сиёсий рақобатнинг турли жиҳатларини кучай­тириш билан бирга, парламент журналистикасини ҳам изчил ривожлантириб боришдан иборатдир.

Сотиболди БОБОҚУЛОВ, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати:

— Ўз электорати билан самарали ишлай олган партия ҳар қандай сиёсий рақобатга тайёр бўлади ва унга бардош бера олади. Бунда, албатта, электорат билан иш олиб боришнинг замонавий усуллари, умумэътироф этилган сиёсий технологиялардан кенг фойдаланиш яхши самара беради.

Электорат билан ишлашнинг муҳим жиҳатларидан бири электорат орасига чуқур кириб бориш, аҳолини ўйлантираётган, қизиқтираётган масалаларни ўрганиш, уларни ҳал этиш бўйича астойдил ҳаракат қилишдир. Шу орқали партиялар орасида етакчи бўламиз. Табиийки, бошқа сиёсий партиялар ҳам қараб турмайди, етакчиликка интилади. Аҳоли ичига кириб борганимиз сари одамларнинг турмуш тарзи, яшаш шароити ва муҳити билан яхши таниша борамиз. Уларнинг кўнглига, қалбига йўл топа биламиз, ишончини шу йўсинда оқлаймиз. Маҳаллалар билан ҳамкорликни янада кучайтириб, электоратга қанча яқин бўлсак, ҳаётни қанча яқиндан билсак, сиёсий рақобатда бу бизнинг ютуғимиз бўлади.

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбирлари.



DB query error.
Please try later.