06.08.2013

ДАСТУРИЙ МАҚСАДЛАР ИЖРОСИ

барча партия ташкилотлари, депутатлик гуруҳларининг доимий эътиборида бўлмоғи зарур

Сиёсий партиянинг дастурий мақсадларини амалга ошириш, ислоҳотлар жараё­нидаги фаоллигини таъминлашда жойлардаги партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари муҳим ўрин тутади. Шу боис сиёсий партия барча даражадаги ташкилотлари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари фаолиятини изчил кучайтириши талаб этилади.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Наманган вилоят кенгашида ўтказилган амалий семинар ана шу масалаларга бағишланди. Унда вилоят партия ташкилотларининг электорат манфаатини ҳи­моя қилиш борасидаги фаолиятини кучайтириш, халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларидаги депутатлик гуруҳларининг иш самарадорлигини ошириш, бу борадаги камчиликларни бартараф этиш ҳамда пар­тия ташкилотларининг мод­дий-техника базасини мус­таҳкамлаш масалалари му­ҳокама этилди.

Семинарда ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси Ҳотамжон Кетмонов иштирок этди.

— Ишимизнинг самараси биринчи навбатда партиямизнинг Сайловолди ҳамда Ҳаракат дастурларида белгиланган устувор вазифалар ижроси билан боғлиқ, — деди партия етакчиси. — ЎзХДПнинг барча даражадаги ташкилотлари ва депутатлик гуруҳлари бунинг ниҳоятда муҳимлигини англаган ҳолда, изчил фаолият олиб бориши зарур. Унутмаслик керакки, бизга электоратимиз, сайловчиларимиз аввало ўзимиз илгари сурган дастурларни қанчалик даражада амалга ошира олганимизга қа­раб баҳо беради.

Халқ демократик партия­сининг 195 та шаҳар ва туман кенгашлари ҳамда 10 мингдан ор­тиқ бошланғич ташкилоти фаолият кўрсатмоқда. Хусусан, Наманган вилоят партия кенгашида 800 га яқин БПТ бор. Айни кунларда бошланғич партия ташкилотларида ҳисобот-сайлов йиғилишлари ниҳоясига етди. Мазкур тадбирни ҳар бир бошланғич ташкилотда пухта ўтказиш, ҳар томонлама чуқур билимга эга, сиёсий жараёнларни яхши тушунадиган етакчилар сайланишига эришиш партиямизнинг бундан кейинги фаолиятини кучайтиришда ҳал қилувчи аҳамиятга эгадир. Шунингдек, халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашла­ридаги партиямиз депутатлик гу­руҳлари фаолиятини янада кучайтириш зарур. Айниқса, электорат манфаатлари билан боғлиқ масалаларни ўрганиш, дои­мий комиссия ва сессиялар муҳо­камасига олиб чиқишда ташаб­бускор бўлиш талаб этилади.

Амалий семинарда «Фаол аёллар» ва «Истиқбол» ёшлар қанотлари иши талаб даражасида ташкил этилмаётганига ало­ҳида эътибор қаратилди. Улар томонидан ўтказилаётган тадбирларда таъсирчанлик етиш­маслиги, тарғибот-ташвиқот иш­ларида сусткашликка йўл қўйилаётгани таъкидланди. Бу борадаги камчиликларни зудлик билан бартараф этишда туман ва шаҳар партия кенгашлари жиддий чоралар кўриши лозим.

Семинарда билдирилган фикр­лардан келиб чиққан ҳолда пар­тия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳлари олдига қатор долзарб вазифалар қўйилди. Хусусан, жойларда ЎзХДП Дастури, Сайловолди дастурининг бажарилишини таҳлил қилиш, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари фаолиятига танқидий баҳо бериш, депутатлик сўрови институтидан самарали фойдаланиш, депутатлик назоратини янада кучайтириш зарур. Шунингдек, семинарда кадрлар билан ишлашни тизимли йўлга қўйиш, улар малакасини оширишга қаратилган турли ўқув-семинар ва давра суҳбатлари ташкил этиш лозимлиги айтилди.

Иштирокчилар фикрига кўра, Жамоатчилик қабулхоналари фаолиятини тубдан яхшилаш, электоратни ўйлантираётган масалаларни депутатлар ва ҳамкор ташкилотлар кўмагида ўз вақтида самарали ҳал қилиш талаб этилади.

Амалий семинарда вилоят партия кенгаши фаоллари, депутат ва сиёсатшунос олимларнинг партия ташкилотлари, депутатлик гуруҳлари ҳам­да «Фаол аёллар», «Истиқбол» ёшлар қа­нотлари фаолияти самарадорлигини таъмин­лашга қаратилган фикрлари тингланди. Шулар асосида тегишли чоралар белгилаб олин­ди.

Абдуғаффор ТОШМАТОВ



DB query error.
Please try later.