06.08.2013

АҲОЛИ БАНДЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ

ва турмуш фаровонлигини оширишда фермер хўжаликлари фаолияти кучайиши муҳим ўрин тутади

Партиямиз ўз Дастурига мувофиқ фермер хўжаликларини бундан буён ҳам ривожлантириш йўлини қўллаб-қувватлайди. ЎзХДП фермер хўжаликлари маҳсулотлари кўпайиши, сифати ошиши, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашга, янги иш ўринлари яратишга бўлган интилишини рағбатлантириш тарафдори.

Фермер хўжаликлари фао­лиятининг ривожланиши ЎзХДП учун муҳим аҳамиятга эга бўлган қишлоқ аҳолиси бандлигини ошириш, кўп маблағ талаб этмайдиган, бозорга мослашувчан маҳаллий ишлаб чиқаришни кенгайтириш, ички бозорни ўзимизда ишлаб чиқарилган сифатли ва арзон маҳсулотлар билан бойитиш масалалари ижобий ҳал қилинишига ёрдам беради. Шунинг учун ЎзХДП электорат манфаатларини кўзлаган ҳолда фермерлик фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш муҳим масала, деб ҳисоблайди.

Маълумки, фермер хўжаликлари бугунги кунда қишлоқ хўжалигидаги ишлаб чиқаришнинг етакчи бўғинига айланди. Ҳозирда республикамиз бўйича 66 мингдан зиёд фермер хўжалиги мавжуд бўлиб, жами ҳайдаладиган ерларнинг 85 фоиздан ортиғи, етиштириладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг асосий қисми айнан фермер хўжаликлари ҳиссасига тўғри келаяпти. Мус­тақиллигимизнинг 22 йиллиги тан­таналари арафасида деҳ­қон ва фермерларимиз давлатга ғал­ла сотиш режасини ортиғи би­лан бажаргани мисолида ҳам бунинг тасдиғини кўриш мумкин. Бу йилги мавсумда ғалладан ўр­тача ҳосилдорлик 55 центнерга етказилди. Бу ўтган йилга нисбатан қарийб 500 минг тонна кўп ғалла олишга эришилди, деганидир.

Бундай ютуқларга эришишнинг асосий омили қишлоқ хўжалигида олиб борилаётган ислоҳотлар, албатта. Мисол учун, 2008-2012 йилларда ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш учун 800 миллиард сўм маблағ ажратилди. Натижада 1 миллион 100 минг гектар ернинг мелиоратив ҳолати яхшиланди. Ҳар гектар ердан олинадиган ўртача ҳо­силдорлик миқдори ҳар йили ўртача 5-7 центнерга ошиб бормоқда.

Фермер хўжаликлари фао­лияти кучайиши қишлоқларни ривожлантириш ва аҳоли фаровонлигини оширишда му­ҳим ижтимоий аҳамият касб этади. Шу нуқтаи назардан қараганда, Вазирлар Маҳкамаси томонидан ишлаб чиқилиб, Олий Мажлис Қонунчилик палата­сига киритилган «Фермерлик фао­лиятини ташкил қилишни янада такомиллаштирилиши ва уни ривожлантирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўз­гартиш ва қў­шимчалар киритиш ҳақида»ги қонун ло­йиҳаси долзарб ҳужжат эканини таъкидлаш жоиз.

Президентимиз­нинг 2012 йил 22 октябрдаги «Ўз­бекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қи­лишни янада такомиллаштириш ва уни ривож­лан­тириш чора-тадбирлари тўғ­рисида»ги Фармони ижросини таъминлаш юзасидан ишлаб чиқилган мазкур қо­нун лойиҳаси фермер хўжаликларининг кўп тармоқларда фаолият олиб боришини таъминлашни ҳам назарда тутади.

Унга кўра, хусусан, «Фермер хў­жаликлари тўғрисида»ги қо­нуннинг 22-моддаси фермер хўжалиги ўз уставида ва ер участкасини ижарага олиш шартномасида назарда тутилган ихтисослашувга мувофиқ фаолияти йўналишларини, ишлаб чиқариш тузилмаси ва ҳажмларини мустақил равишда белгилаши, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг ҳар қандай тури билан, жумладан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, сақлаш ва реализация қилиш, саноат ишлаб чиқариши, ишлар­ни бажариш, хизматлар кўрсатиш, шунингдек, қонун ҳужжатла­рида таъқиқланмаган бошқа фаолият турлари билан шуғулланишга ҳақли бўлиши мумкинлиги тўғрисидаги меъёр билан тўлдирилди.

Таъкидлаш жоизки, кўп тармоқли фермер хўжаликларини ташкил этиш ва уларни янада ривожлантириш фермер хўжаликларининг фаолият самарадорлигини оширади, молиявий барқарорлигини таъминлашга ҳам имкон яратади. Масалан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашни йўлга қўйган фермер хўжаликлари бу билан нафақат ян­ги иш ўринлари яратади, балки пишиқчилик айни авжига чиққан пайтда исроф бўлиб ке­тиши мумкин бўлган кўп миқдордаги қишлоқ хўжалиги маҳ­сулотларини сақлаб қо­лишга ҳам муваффақ бўлади. Энг му­ҳими, иш ўринлари яратилиши қишлоқларимизда яшаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар бандлигини оширишга хизмат қилади.

Юқоридаги моддага киритилаётган меъёрга асосан фермер хўжаликлари саноат ишлаб чиқаришини йўлга қўйиши мумкин. Бундан кўзланган мақ­­сад қишлоқларимизга мини-технологиялар асосида са­ноат корхоналарининг кириб боришини таъминлашдир. Мазкур ишлар амалга оширилган тақдирда фермер хўжаликлари нафақат қишлоқ хўжалиги маҳ­сулотини етиштирувчилар, бал­ки ўз маҳсулотларини саноат асосида қайта ишловчи корхоналар сираси­га ҳам киради. Натижада қиш­лоқ ёшлари юқо­ри ҳақ тўланадиган иш ўринлари билан таъминланади, замонавий ишлаб чиқаришда фао­лият юритиш им­конига эга бў­лади.

Шунингдек, қо­нун лойиҳасида фермер хўжаликлари ишларни бажариши, хизматлар кўр­сатиши мумкин­лиги белгиланди. Бугун кўп тармоқда фаолият олиб боришнинг, бир йўналиш билан чекланиб қолмасликнинг аҳа­мияти катта. Ма­салан, фермер хўжалиги етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсу­лотларини ўзи жойлашган ҳу­дудда қурган ош­хонасида пишириб сотиши, автомобиль ювиш, автомобилларга техник хизмат кўр­сатиш, кир ювиш, эркаклар ва аёллар сартарошхоналари ҳамда бошқа йў­налишларда хизматларни йўл­га қўйиши мумкин. Бу каби иш­лар орқали фермер хўжалиги қўшимча даромадга эга бўлади. Энг муҳими, қишлоқ инфратузилмаси замонавийлашади, аҳолига хизмат кўрсатиш тури ва сифати ортади, одамлар учун барқарор даромад манбаи яратилади.

Шунингдек, Солиқ кодексининг 179-моддасига янги меъёр киритилди. Унга кўра, пахта йи­ғим-терими учун мавсумий қиш­лоқ хўжалиги ишларига жалб қилинган жисмоний шахсларнинг ушбу ишларни бажарганликдан олган даромадларига солиқ солинмаслиги белгиланди. Бу пахта йиғим-теримига мавсумий жалб қилинган барча жисмоний шахслар даромад солиғидан озод қилинади, деганидир.

Мамлакатимиз ижтимоий-иқ­тисодий тараққиётидаги аҳа­мияти ҳисобга олиниб, мазкур қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида қабул қилинди ва Сенатга юборилди. Унинг қабул қилиниши фермер хўжаликларининг иқтисодий мустақиллиги, молиявий барқарорлигини ошириш билан бирга, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларнинг ишли бўлиш билан боғлиқ ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлашга, қишлоқлар тараққиётини янада юксалтиришга хизмат қилади.

Жўрақўзи ҚЎЛДОШЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзоси, ЎзХДП фракцияси аъзоси.



DB query error.
Please try later.