01.08.2013

ҲОКИМ ЎРИНБОСАРИ ҲИСОБОТ БЕРДИ

ЎзХДП Бухоро вилояти Қоракўл туман кен­гаши раиси, халқ депутатлари туман Кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари Файзулла Бебутов деярли ҳар куни Жамоатчилик қабулхонасига тушган мурожаатлар билан танишади.

Туман Кенгашидаги депутатлик гуруҳи аъзолари электорат манфаати билан боғлиқ ижтимоий масалаларда туманда амалга оширилаётган ишлар бўйича ҳоким ўринбосари ҳисоботини эшитиш, шу асосда амалий таклифлар ишлаб чиқиш лозим, деган фикр­га келди.

Яқинда ЎзХДП депутатлик гуруҳи йиғилишида туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Баҳодир Жумаевнинг йўл қурилиши, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, саноатни маҳаллийлаштириш ҳисобига янги иш ўринлари ташкил этиш масалалари бў­йича ҳисоботи тингланди. Йиғилишда нафақат халқ депутатлари туман Кенгашидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳи аъзолари, партия кенгаши фаоллари, балки мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, мутахассислари ҳам иштирок этди.

Ҳоким ўринбосарининг қайд этишича, Қоракўл туман йўл хўжалиги пудрат таъмирлаш фойдаланиш корхонасига қа­рашли 374 км автомобиль йў­лининг 31 километрини халқаро, 128 километрини давлат, 215 километрини маҳаллий аҳамиятга эга йўллар ташкил қилади.

Туман ҳудудида йўлларни таъмирлаш, янги йўллар қуриш бўйича қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жорий йилда 12,98 километр ички хўжалик автомобиль йўлини қуриш режалаштирилган бў­либ, ҳозирги кунга қадар 9,47 км қисми тугалланиб, фойдаланишга топширилди. Қоракўл шаҳри — Темир йўл вокзали — Янгибозор — Ямонжон насос станцияси автомобиль йўлининг лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланмоқда. Яқинда бу йўлда қурилиш мон­таж ишлари бошланади.

Ҳоким ўринбосари таъкидлашича, яқинда 495 километр ички хўжаликлараро йўллар тўлиқ хатловдан ўтказилган ва 2014-2016 йилларга мўлжалланган туманни ижтимоий-иқ­тисодий ривожлантириш дастурига киритиш орқали қайта таъмирланиши режалаштирилган.

— Равон йўллар нафақат ҳудуд, балки мамлакат та­раққиётини белгиловчи му­ҳим восита ҳисобланади, — дейди ЎзХДП Қоракўл туман кенгаши раиси, халқ депу­татлари туман Кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари Файзулла Бебутов. — Шу боис мамлакатимизда йўл қурилиши, коммуникация соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса Обод турмуш йили билан ҳамоҳанг тарзда шаҳар ва туманларимиз, маҳаллаларимиз обод бўлишига хизмат қилади. ЎзХДП Сайловолди дастурида уй-жой хўжалиги, замонавий йўл ва коммуникация тармоқларини барпо этиш масаласига алоҳида эътибор берилганини инобатга олсак, масаланинг партия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳлари учун ҳам нақадар муҳим экани ой­динлашади. Шундан келиб чиқиб, биз бу борада назорат-таҳлил ишларини янада тизимли олиб боришни режалаштирдик.

Чунки бугун тумандаги катта айланма йўл ва хўжалик­лараро йўлларнинг айрим жойлари ҳолати аҳолининг норозилигини келтириб чиқараяпти. Шунинг учун депутатлик гуруҳимиз йўлларни таъмирлаш ва янги йўллар қуришга ажратиладиган маблағлардан самарали фойдаланиш, туман йўл хўжалиги пудрат таъмирлаш корхонаси молиявий аҳволини яхшилаш, унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш чораларини кўриш лозим, деб ҳисоблайди.

Йиғилишда, шунингдек, олис қишлоқларда истиқомат қи­лувчи аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашни янада яхшилаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилаётгани, бу борада қатор лойиҳалар амалга оширилаётгани таъкидланди.

Қайд этилишича, жорий йилда «Сайёт-Солур» сув тозалаш иншооти қурилиши режалаштирилган. Бунинг учун 1,047 миллиард сўм маблағ ажратилган. Ушбу иншоотни ишга тушириш билан туманнинг Сайёт, Шўробод, Кулончи, Қораул қишлоқларида яшовчи қарийб 13 минг хонадон тоза ичимлик суви билан таъминланади. Ҳоким ўринбосари объектни 2014 йилда фойдаланишга топшириш учун барча чора-тадбирлар белгиланганини алоҳида таъкидлади.

Туманда аҳолини тоза ичимлик суви билан тўлиқ таъминлаш бўйича 2013-2017 йилларга мўлжалланган дастур ишлаб чиқилган. Уни амалга ошириш учун 113 миллион доллар, шундан 85 миллион доллари халқаро молия муассасалари грандлари асосида маблағ ажратилиши режалаштирилмоқда.

Баҳодир Жумаев ўз ҳисоботида 2014-2015 йилларда жами 1078,1 километр ичимлик суви қувурларини тортиш, шу орқали 24 та ҳудудда ичимлик суви таъминотини яхшилаш, «Сувоқава» корхонасининг моддий техника базасини мустаҳкамлаш кўзда тутилганини қайд этди.

— Партиямиз Дастурида қиш­лоқ аҳолисини сифатли ичимлик суви билан таъминлашни яхшилаш масаласига алоҳи­да эътибор қаратилган, — дейди халқ депутатлари туман Кенгашидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳи аъзоси Худоёр Жўраев. — Шу боис депутатлик гуруҳимиз ичимлик суви таъминотини яхшилаш бўйича ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланиши устидан тизимли назорат ўрнатиши талаб этилади.

Йиғилишда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш бўйича қилиниши лозим бўлган ишлар ҳақида таҳлилий фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Депутатлар туман ҳокими ўринбосари ҳисоботи асосида йўл қурилиши, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашни яхшилаш, шунингдек, саноатни маҳаллийлаштириш, шу соҳада янги иш ўринлари яратиш, ҳудудий дас­турлар ижросини таъминлаш масалаларини атрофлича таҳлил этишди. Шу асосда депутатлик гуруҳи қарор қабул қилди. Унга кўра, туманда ички йўл­ларни таъмирлаш чораларини кў­риш, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш лойиҳаларини белгиланган муд­датларда амалга ошириш, «Сайёт-Солур» сув тозалаш иншооти қурилишини ўз вақтида тугаллаш, саноатни маҳаллийлаштириш соҳасида барқарор иш ўринлари яратилиши масалалари юзаси­дан депутатлик назоратини кучайтириш, бу борадаги муаммоларни маҳаллий вакиллик ҳокимияти муҳокамасига киритиб бориш вазифалари бел­гиланди.

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.