01.08.2013

ЁШ АВЛОД ТАҚДИРИГА БЕФАРҚ ҚАРАШГА ҲАҚҚИМИЗ ЙЎҚ

Гулноза ЭРНАЗАРОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси

Таълим, тарбияга эътибор мамлакат келажагини ҳал қиладиган муҳим омилдир. Эртанги кунимиз қандай бўлиши бугун бу соҳада қандай ишлар олиб борилаётгани билан бевосита боғлиқ.

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда 9760 дан ортиқ умумтаълим мактаби, 300 га яқин мусиқа ва санъат мактаби, 143 та академик лицей, 1406 та касб-ҳунар коллежи, 59 та олий ўқув юртида катта ҳажм­даги қурилиш ва реконструкция ишлари олиб борилди, уларнинг моддий-техник, ўқув-методик базаси мустаҳкам­ланди. Давлат бюджетидан таълим соҳаси учун ажрати­лаётган маблағ ҳар йили ортиб бораяпти.

Бугун дунё бўйича миллионлаб болалар таълим олиш имкониятига эга бўлмаган бир пайтда мамлакатимизда юз фоиз болалар умумий ўрта таълимга жалб этилади, мактабларни битираётган ёшлар академик лицей, касб-ҳунар коллежларига тўлиқ қамраб олинмоқда.

Буларнинг ҳаммаси ёшлар учун, уларнинг келажаги учун, мамлакатнинг эртанги куни учун қилинмоқда.

Мамлакатимиздаги касб-ҳунар коллежлари ва акаде­мик лицейларда 1,5 миллиондан ортиқ ўқувчи таълим олмоқда. Улар иқтисодиётимизнинг турли соҳа ва тармоқларида фаолият кўрсата оладиган замонавий кадрлар бўлиб етишиши керак. Бунинг учун давлатимиз томонидан етарли шароит яратилиб, қатор чо­ра-тадбирлар амал­га ошири­лаяпти.

«Таълим тўғрисида»ги қонуннинг 3-моддасида умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими мажбурийлиги, 30-моддасида эса вояга етмаган фарзандларнинг умуммажбурий ўн икки йиллик таълим олиши учун ота-оналар (қонуний вакиллар)нинг жавобгарлиги белгилаб қўйилган.

Фарзанднинг яхши билим олиши, ҳаётда ўз ўр­нини топиб кетишидан биринчи навбатда унинг ўзи ва ота-онаси манфаатдордир. Аммо қонун ижроси юзасидан ўтказилган назорат-таҳлиллар унинг талаблари ҳар доим ҳам тўлиқ бажарилмаётганини кўрсатмоқда. Республика Бош прокуратураси таҳлилларига қараганда, 2012-2013 ўқув йилида академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида 10 мингдан ортиқ ўқувчи дарс машғулотларига сабабсиз қатнашмаган. Бу табиийки, таълим-тарбия сифатига, бошқа ўқувчилар руҳиятига салбий таъсир этмасдан қолмайди, албатта. Шунинг учун болаларнинг таълим олишига тўсқинлик қилиш ҳоллари бўйича жавобгарлик, масъулиятни кучайтириш муҳим аҳамиятга эгадир.

Республика Бош прокурори томонидан болаларнинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш, бу борада ҳуқуқий механизмни такомиллаштириш мақсадида тегишли қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилди. Мазкур қонун лойиҳаси Маъмурий жавобгарлик тўғриси­даги кодекснинг 47-моддасини тегишли қўшимчалар билан тўлдиришни назарда тутади. Унга асосан ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахс­лар ўз фарзандларининг мажбурий умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими олишига тўсқинлик қилса, бу уларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солинишига сабаб бўлиши белгиланмоқда.

Мазкур қўшимча Кадрлар тайёрлаш Миллий дастурини ҳаётга янада самарали татбиқ этиш, таълимга оид қонуний талаблар ижросини таъминлаш, энг муҳими, болаларнинг таълим олишга бўлган устувор ҳуқуқини тўла-тўкис амалга оширишга қаратилгани билан аҳамиятли ҳисобланади.

Фракциямиз қонун лойиҳасини шу нуқтаи назардан муҳокама қилди, пар­тиямиз дастурий мақсадларига ҳар томонлама мувофиқлигини ҳисобга олган ҳолда, унинг қа­бул қилинишини қўллаб-қувватлади.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси ёшларнинг замонавий билимларни эгал­лаши келгусида улар ўз қизиқиш­ларига мос соҳани танлашида, шу орқали қобилиятини тўлиқ на­моён қилишида муҳим аҳа­миятга эга, деб ҳисоблайди. Билимли ёшлар ўз соҳасида ютуқларга эришади, ижти­моий-иқтисодий фаол бўла­ди, ўзи ва оиласи фаровонлигини таъминлайди. Шу маънода, соҳалар ривожи, мамлакат тараққиёти бугунги ёш­ларнинг қай даражада билим олиши ва касб-ҳунарли бўлиши билан чамбарчас боғлиқдир.

Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш Дастури ижросини ўрганиш жараёнида пухта билим эгалламаган, касби бўйича етарли кўникмаси бўлмаган айрим коллеж битирувчилари жойлашган иш жойида ишлаб кетишга қийналаётгани маълум бўлди. Табиийки, бундан иш берувчи ҳам, ишга жойлашган ҳам зарар кўради. Бежизга касб-ҳунар коллежларида ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан кучли билим беришга эъти­бор қаратилмайди. Ҳозирги иқтисодиётда замон талабла­рига жавоб берадиган кадрларгина ишлаб кета олади.

Фарзандлари тақдирига бефарқ қарамайдиган ҳар бир ота-она буни яхши тушунади, албатта. Фарзандлар билим олиши бўйича ота-оналар жавобгарлиги кучайиши касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш жараёнларида юзага келаётган шу билан боғлиқ масалалар ҳам ўз вақтида ҳал этилишига ижобий таъсир кўрсатади.



DB query error.
Please try later.