01.08.2013

“Ўзбек халқига тинчлик ва омонлик керак” рисоласи жаҳон жамоатчилиги эътиборида

Бугунги кунда халқаро вазиятнинг шиддат билан ўзгариши, давлатлараро зиддиятларнинг кучайиши, кескинликнинг янада ортиши, ер юзининг турли нуқталарида янги низо ўчоқларининг пайдо бўлиши – айни мана шундай ўткир масалалар жаҳон жамоатчилигида катта ташвиш ва хавотир уйғотмоқда.

Бу фикримизга қўшни Афғонистондаги ўттиз йилдан зиёд давом этаётган уруш ва қон тўкишлар яққол мисол бўла олади. Бугун, орадан шунча вақт ўтишига қарамасдан, Афғонистондаги мавжуд вазиятни кўпчилик халқаро сиёсатчилар ночор, ўта оғир ва қалтис, деб баҳоламоқда.

Ушбу мамлакатдаги вазият бизнинг ҳудудимиз, Марказий Осиё минтақасида тинчлик ва барқарорликка энг катта хавф-хатар бўлиб қолмоқда.

Бу можаронинг ечимини топиш, жафокаш афғон заминида тинч ва осуда ҳаётни қарор топтириш масаласи Ўзбекистон ва қўшни мамлакатлар, қолаверса, дунёдаги кўпгина йирик давлатларнинг эътибор марказида бўлиб келаётгани, ўттиз йилдан ортиқ тарих давомида бу минтақада қанча-қанча қон тўкилгани, миллионлаб одамлар бошқа ўлкаларда қочоқ бўлиб кун кечираётгани, минглаб кишилар бедарак йўқолгани, қанча маблағ ва саъй-ҳаракатлар сарфлангани ҳақида кўп гапириш мумкин.

Афғонистон заминидаги уруш алангаси ён-атрофдаги мамлакатлар, эл-юртимиз учун қандай катта хавф-хатар ва нотинчлик туғдиргани ҳеч кимга сир эмас.

Шу боис, Ўзбекистон мустақилликка эришган биринчи кунларданоқ “Қўшнинг тинч – сен тинч”, деган азалий халқ ҳикматига амал қилиб, афғон можаросини тинч йўл билан ҳал этиш ҳаракатида бўлиб келаётгани, бу муаммо доимо бизнинг эътиборимиз марказида тургани, давлатимиз раҳбарининг нуфузли халқаро минбарларда бу қарама-қаршиликни бартараф этиш мақсадида жон куйдириб, дунё ҳамжамиятига такрор ва такрор мурожаат қилгани барчамизга яхши маълум.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов бундан йигирма йил аввал, яъни, 1993 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг 48-сессиясида Афғонистон можаросини жаҳон ҳамжамияти ёрдами билан ҳал этишга чақирди;

1995 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг 50-сессиясида Афғонистонга қурол-яроғ киритилишига қарши халқаро эмбарго қўйиш таклифи билан чиқиб, бу мамлакатнинг ички ишларига ташқи кучларнинг аралашувига чек қўйиш зарурлигини таъкидлади, Афғонистонда коалицион ҳукумат тузиш моделини таклиф этди;

1997 йили мамлакатимиз раҳбари афғон муаммосини ҳал қилиш учун “6+2” мулоқот гуруҳини ташкил этиш ташаббуси билан чиққани ва 1999 йили мазкур гуруҳнинг Тошкент учрашуви бўлиб ўтганидан барчамиз хабардормиз.

2001 йилда Президентимиз БМТ Бош котибига йўллаган мурожаатида Афғонистонни демилитаризация қилиш масаласини БМТнинг Хавфсизлик Кенгаши кун тартибига қўйиш таклифини илгари сурди;

2008 йилда НАТОнинг Бухарест саммитида БМТ шафелиги остида “6+3” мулоқот гуруҳини ташкил этиш таклифи билан чиқди. 
Бу рўйхатни яна давом эттириш мумкин.

Ана шундай муҳим ҳужжатлар қаторида давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолият концепцияси ва шу асосда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Қонуни минтақамизда тинчлик ва барқарорликни сақлаш ва мустаҳкамлаш йўлида ғоят муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлаш лозим.

Президентимиз 2013 йил 9 майда Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан оммавий ахборот воситаларига берган интервьюсида ўз эътиборини яна бир бор Афғонистондаги мавжуд воқеликка қаратиб, ушбу муаммонинг нақадар жиддийлиги ва унинг ечими бўйича қандай амалий ҳаракат ва чора-тадбирлар зарурлиги хусусида сўз юритди.

Юртбошимизнинг ана шу интервьюсини ўз ичига олган, ўзбек ва инглиз тилларида чоп этилган “Ўзбек халқига тинчлик ва омонлик керак” рисоласи бугунги кунда нафақат мамлакатимиз, балки жаҳон жамоатчилигида катта қизиқиш уйғотмоқда, кенг муҳокама қилинмоқда.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаб ўтганидек, Афғонистондаги мавжуд ўта оғир ва таҳликали бир вазиятда АҚШ ва Европа давлатларининг АЙСЕФ, яъни тинчлик ўрнатиш кучлари деб ном олган ҳарбий қўшинларининг 2014 йилнинг охиригача ушбу мамлакат ҳудудидан олиб чиқиб кетилиши билан Афғонистонда ўзаро қарама-қарши кучлар ўртасидаги курашнинг авжига чиқиши, террорчилик, қурол-яроғ савдоси, наркотрафик, турли диний, миллатлараро низоларнинг кучайиб, фуқаролар урушининг яна қайтадан бошланиш хавфи ортади.

Президент Ислом Каримов афғон можаросини бартараф этишнинг ягона йўли – сиёсий йўл бўлиб, қанчалар қийин бўлмасин, қарама-қарши кучларни музокаралар орқали ўзаро келишувга олиб келиш экани тобора ўз тасдиғини топаётганлигини алоҳида таъкидлади. Айни шу аснода вақтинчалик ҳукумат тузиш, сайловлар ўтказиш, Афғонистон олдида турган оғир муаммоларни ҳал этишга ўтиш имкони пайдо бўлишини бугунги кунда кўпчилик эътироф этмоқда.

Юқорида зикр этилган Ўзбекистон Республикаси Ташқи сиёсий фаолият концепциясида мамлакатимиз “тинчликсевар сиёсат юритади ва ҳарбий-сиёсий блокларда иштирок этмайди”, деб аниқ-равшан баён қилинган. “Ўзбекистон қўшни давлатлардаги қуролли можароларга ва кескинлик ўчоқларига тортилишининг олдини олиш юзасидан барча зарур чора-тадбирларни кўради, шунингдек, ўз ҳудудида хорижий давлатларнинг ҳарбий базалари ва объектлари жойлаштирилишига йўл қўймайди”, дея таъкидланади.

Шу борада мамлакатимиз раҳбарининг мазкур концепцияга асосланган ҳолда билдирган қуйидаги фикрларини келтириш ўринлидир: “Ўзбекистон Афғонистоннинг ички ишларига аралашмаслик, Афғонистонга қарши қаратилган турли ҳарбий-сиёсий блокларда қатнашмаслик, Афғонистон билан алоқаларимиз ва ҳамкорлигимизни фақатгина икки томонлама асосда ташкил қилиш, афғон халқи танлаган ҳукуматни қўллаб-қувватлаш сиёсатини ўзига маъқул топади”.

Бундай қатъий, шу билан бирга, узоқни кўзлаган, чуқур ўйланган сиёсатни олдинга суриш учун Афғонистоннинг яқин қўшниси бўлмиш Ўзбекистонда барча асослар бор. Авваламбор, бу Афғонистон билан узоқ тарихий ўтмишга бориб тақаладиган яхши қўшничилик, ўзаро ҳурматга асосланган алоқаларимиз, мамлакатимизнинг Марказий Осиёда тутган алоҳида ўрни ва минтақамизда тинчлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган ва жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилган мустаҳкам ва собитқадам ташқи сиёсатидир.

Айнан мана шу омиллар сабаб, “Ўзбек халқига тинчлик ва омонлик керак” рисоласида минтақамиз ва унинг атрофида рўй бераётган кескин ўзгаришлар таҳлили, Афғонистондаги вазият ва афғон муаммосини ҳал этиш борасида билдирилган амалий хулоса ва таклифлар бугун нафақат мамлакатимизда, балки халқаро майдонда ҳам кенг акс-садо бермоқда.Чет давлатларнинг сиёсий-ижтимоий, эксперт ва илмий-академик доиралари, оммавий ахборот воситалари ва халқаро ташкилотлар томонидан кенг қўллаб-қувватланмоқда ва баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда.

Энг аввало, давлатимиз раҳбарининг фикрларига бевосита Афғонистоннинг ўзида катта қизиқиш кузатилмоқда. Президентимизнинг интервьюси ушбу давлатнинг етакчи оммавий ахборот воситаларида инглиз, дари ва ўзбек тилларида нашр этилди. Жумладан, Афғонистоннинг етакчи “Daily Outlook Afghanistan” газетаси, “Саҳро” ижтимоий-сиёсий журнали интервьюнинг тўла матнини “Ўзбек халқига тинчлик ва омонлик керак” сарлавҳаси остида чоп этди.

Ислом Каримов интервьюси Афғонистон билан қўшни бўлган Покистоннинг “Balochistan today” ва “Ittihad” газеталарида, Эроннинг “Iran News” газетасида ва Хитойнинг “Lookwe”журналида, АЙСЕФ иштирокчилари бўлмиш АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Италия, Бельгия, Латвия, Туркия ҳамда мусулмон дунёсида ўз мавқеига эга бўлган Саудия Арабистони, Кувайт, Малайзия ва бошқа давлатларнинг босма ва электрон нашрларида кенг ёритилди.

Таъкидлаш жоизки, хорижий оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган мақолалардаЎзбекистоннинг Афғонистонда тинчлик ва барқарорликнинг ишончли тарафдори экани ва ушбу мақсадлар учун фаол сиёсий-дипломатик саъй-ҳаракат кўрсатаётганлиги алоҳида урғуланмоқда. Энг муҳими, барча нашрлар Ўзбекистоннинг принципиал позицияси – Афғонистондаги низони бартараф этишнинг ягона йўли – сиёсий йўл эканлигини тўлалигича қўллаб-қувватлаган ҳолда, мазкур муаммонинг ечимига ўзаро курашаётган қарама-қарши томонларни музокаралар столи атрофига тўплаш ва уларни муросага олиб келиш орқали эришиш мумкинлигини эътироф этишмоқда.

Интервьюда Президент Ислом Каримов томонидан Афғонистон борасида билдирилган фикр ва таклифлар жаҳоннинг етакчи сиёсатчилари, эксперт ва олимлари томонидан ҳам қизғин муҳокама этилиб, юқори баҳоланмоқда.

Жумладан, АҚШнинг Жон Хопкинс университети қошидаги Марказий Осиё ва Кавказ институти раҳбари Фредерик Старрнинг таъкидлашича, Президент Ислом Каримов Афғонистондаги вазиятни “ўта оғир ва нозик” дея, аниқ ва равшан таҳлил этди. Бугунги кунда афғон муаммосини ҳарбий йўл билан ҳал этиб бўлмаслигини реал фикрлай оладиган ҳар бир инсон тушуниб етмаслиги мумкин эмас.

Нью-Йорк давлат университети профессори П.Морвиж Афғонистондан чет эл ҳарбий кучларининг олиб чиқиб кетилиши бу мамлакатдаги вазиятни тангликка олиб келиши мумкинлигини қайд этган ҳолда, Президент Ислом Каримовнинг бу борадаги сўзларини ўз халқининг тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш ҳақида қайғурадиган чинакам давлат раҳбарининг ҳаракатидир, деб изоҳлайди. Мана шу сабаб, Ислом Каримов Афғонистондаги асосий кучларни ўзаро қарама-қаршиликларни музокаралар столи атрофида ечишга, ҳарбий тўқнашувларнинг янгитдан авж олиб кетмаслигига ва ушбу давлатдаги беқарорликнинг қўшни давлатларга тарқалишининг олдини олишга чақирмоқда, дейди П.Морвиж.

АҚШнинг Карнеги фонди эксперти М.Олкотт Ўзбекистон афғон муаммоси атрофидаги ўзгаларнинг ўйинларига қўшилмаслигини ва жанубдаги қўшниси билан муносабатларини фақатгина икки томонлама асосда, ички ишларга аралашмаслик, тинчликсеварлик ва яхши қўшничилик принциплари асосида қуришини ижобий баҳолайди.

Америкалик мутахассис Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг Афғонистонга етказиб берилиши ушбу давлатнинг иқтисодий ва ижтимоий тикланишига улкан ҳисса қўшаётганини таъкидлайди. Икки давлатни боғлаб турувчи темир йўл ҳамда тезюрар автомобиль йўлларининг барпо этилиши Афғонистон иқтисодиётини тиклашда муҳим аҳамият касб этаётганига эътиборини қаратади.

М.Олкотт, “Ўзбекистон, шубҳасиз, бундан кейин ҳам ўзининг икки томонлама муносабатлари доирасида Афғонистонни иқтисодий ва ижтимоий тиклаш жараёнида муҳим роль ўйнайди”, дея ишонч билдиради.

Британия – Ўзбекистон жамияти раиси лорд Ф.Понсонби Ўзбекистон раҳбарияти Афғонистондаги ҳозирги вазиятни чуқур англаши ва уни келажакдаги ривожи борасида қайғураётганини таъкидлаган ҳолда, Ислом Каримов томонидан илгари сурилган БМТ шафелиги остида “6+3” мулоқот гуруҳининг ташкил этилиши афғон муаммосини тинч йўл билан ҳал қилинишида муҳим роль ўйнаган бўлур эди, деб ҳисоблайди. Британиялик сиёсатчининг фикрича, Афғонистондаги ўтиш жараёнида ва бу мамлакатда тинчлик ва барқарорликни таъминлашда барча қўшни давлатларнинг иштироки катта аҳамият касб этади.

Буюк Британиянинг Кембриж университети профессори С.Саксенанинг қайд этишича, Президент Ислом Каримов ўта чигал ва мураккаб ҳисобланмиш афғон муаммосини тинч йўл билан ҳал этиш учун батамом янгича концептуал ёндашувни таклиф этиб, уни содда, лўнда ва кучли мантиққа таянган ҳолда баён этди. Хусусан, Ўзбекистон раҳбари асосий эътиборни афғон халқи ва жамиятини жипслаштиришга қаратиш, ҳар қандай шароитда ҳам, авваламбор, афғон халқининг иродасига таяниш лозимлигини таъкидлади. Айнан мана шундай ижобий ёндашувгина Афғонистонда неча ўн йиллардан буён давом этаётган зўравонлик ва қон тўкилишини тўхтатиши мумкин, деб ҳисоблайди олим.

С.Саксенанинг сўзларига кўра, “Афғонистон, ўз назорати ва гегемониясини ўтказишга ҳаракат қилаётган бошқа давлатлардан фарқли ўлароқ, Ўзбекистондек тинчлик ва ҳамкорликка чорлаётган ишончли қўшниси борлигидан фахрланса арзийди”.

“Менга Ислом Каримовнинг Хотира ва қадрлаш кунида билдирган фикрлари, айниқса, уруш инсоният учун нақадар даҳшатли қирғин экани, бу офатнинг олдини олиш ва тинчлик-осойишталикни асраш дунёдаги ҳар бир инсоннинг бурчи эканини куюниб айтган сўзлари ниҳоятда қаттиқ таъсир қилди, – дейди германиялик эксперт Ф.Лемке. – Ўзбекистоннинг тинчликсевар ташқи сиёсат юритиши, дунёни қайтадан бўлиб олишга интилаётган давлатларнинг турли хил геосиёсий ўйинларида иштирок этмаслиги ҳам менда катта таассурот қолдирди”.

Ф.Лемкенинг фикрича, Ўзбекистон Президентининг “тинчликсиз ривожланиш бўлмайди, ривожланишсиз эса келажак ҳам бўлмайди” деган сўзларини ҳеч ким инкор эта олмайди. Шундай экан, Ислом Каримовнинг ўз халқига, қўшни халқлар ва жаҳондаги барча давлатларга Афғонистонда тинчлик ўрнатиш ҳақидаги чақириғи эзгулик ва ривожланишга қаратилган таклифларни қўллаб-қувватлаш нақадар муҳим эканлигини, ҳарбий йўл билан ҳеч қандай муаммони ечиб бўлмаслигини англатади.

“Президент Ислом Каримов Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий принципларини мамлакат мустақиллигининг 22 йиллик байрамини нишонлаш арафасида яна бир бор очиқ ва равшан баён этди”, – дейди Францияда жойлашган Европа келажаги ва хавфсизлигини тадқиқ қилиш институти раҳбари Э.Дюпюи. Мутахассиснинг сўзларига кўра, Ўзбекистоннинг ҳар қандай ҳарбий-сиёсий блокларда ва ҳарбий интервенцияларда иштирок этмаслик принципи қонуний асосга эга. Тошкентнинг бундай стратегияси Афғонистон билан икки томонлама ҳамкорлигини янада ривожлантиришга ёрдам беради, дея ишонч билдиради Э.Дюпюи.

Францияда чиқадиган “Les milieux des empires” таҳлилий журналининг бош муҳаррири С.д'Изарннинг таъкидлашича, Ислом Каримов интервьюси Ўзбекистон раҳбариятининг Афғонистондаги вазият борасида билдираётган асосли ташвишлари билан бирга, ҳар қандай шароитда ҳам Ўзбекистоннинг ушбу давлат билан яхши қўшничилик алоқаларига таянадиган қатъиятли позициясини кўрсатади.

2014 йил охирида АЙСЕФ қўшинларининг Афғонистондан олиб чиқилиши вазиятни янада кескинлаштириб юбориши мумкинлигини инобатга олган ҳолда, С.д'Изарн ушбу муддатга қадар Президент Ислом Каримовнинг умумафғон сиёсий музокараларини бошлаш ва зарурий келишувларга эришиш кераклиги ҳақидаги фикр ва таклифлари жаҳон ҳамжамияти томонидан сўзсиз қўллаб-қувватланиши лозим, деб ҳисоблайди.

Бельгия Сенати аъзоси Доминик Тильманс “Жаҳон” ахборот агентлиги мухбирига берган интервьюсида шундай деди: “Мен Ўзбекистон Президентининг Марказий Осиёда тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга қаратилган интилишлари билан мутлақо ҳамфикрман. Албатта, минтақадаги вазият оддий эмас. Бу борада Ўзбекистонинг турли ҳарбий блокларга кирмаслик ва уларда қатнашмаслик позицияси мутлақо тўғри ва долзарбдир”.

“Биз Ислом Каримовнинг Хотира ва қадрлаш кунида Ўзбекистон Афғонистонга нисбатан икки халқнинг туб манфаатларидан келиб чиққан ҳолда сиёсат олиб боради, деган сўзларини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз”, дея таъкидлайди Хитойнинг Ижтимоий фанлар академияси ҳузуридаги Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиёни тадқиқ этиш институти ходими Су Чан.

Мутахассиснинг фикрига кўра, Хитой ва Ўзбекистон Афғонистоннинг қўшнилари сифатида ушбу мамлакатдан коалицион кучларнинг чиқиб кетишидан сўнг юзага келиши мумкин бўлган салбий вазият борасида жиддий ташвишланмоқда. “Биз Афғонистон муаммоси фақат афғон халқи томонидан ҳал этилиши, ҳар қандай ташқи кучларнинг аралашуви эса бу мамлакатдаги аҳволни янада оғирлаштириши ва минтақавий хавфсизликка салбий таъсир кўрсатиши мумкин, деб ҳисоблаймиз. Шу билан бирга, Афғонистонга кўрсатилаётган иқтисодий ва гуманитар ёрдамни янада кучайтириш зарур”, – дейди Су Чан.

Япониянинг Шарқий Осиё тадқиқотлари институти директори У.Магосакининг фикрича, Ўзбекистоннинг минтақавий хавфсизликни таъминлаш, халқаро терроризм, экстремизм ва гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланувига қарши кураш сиёсати Марказий Осиёнинг барқарор ривожланиши учун энг муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

“Ҳақиқатан ҳам, Афғонистондан халқаро кучларнинг олиб чиқиб кетилиши миллатлараро можароларнинг кучайишига ва чуқурлашишига олиб келиши мумкин. Шу сабабдан,Афғонистондаги мавжуд муаммоларни муваққат ҳукумат тузиш ва сайловлар ўтказиш йўли билан ҳал этиш кечиктириб бўлмайдиган вазифа ҳисобланади. Бу мураккаб жараёнда энг муҳим омил – янги сиёсий орган тузиш йўлида Афғонистоннинг турли сиёсий гуруҳлари орасида умумий келишувга эришишдир. Ушбу жараёнда ҳал этувчи бўғин сифатида БМТ ва НАТО каби халқаро ташкилотлар, шунингдек, қўшни мамлакатлар иштирок этиши лозим. Муваққат ҳукуматнинг тузилиши Афғонистонда барқарор давлатчиликни шакллантириш ва кўпмиллатли афғон халқининг тинч-тотув яшаши учун қулай шароитлар яратишга имконият туғдиради”, деб ҳисоблайди У.Магосаки.

Япониянинг Ниагата университети профессори Шигеки Хакамаданинг таъкидлашича,Афғонистон ҳудуди ташқи кучларнинг “катта геосиёсий ўйини” майдони бўлиб қолмоқда – улар Афғонистондаги вазиятдан фойдаланиб ўз таъсир доираларини кенгайтириш ва мавқеларини кучайтиришга ҳаракат қилишмоқда. Эътиборлиси шундаки, Афғонистондаги вазиятнинг ўта нозиклиги ва унинг олдиндан айтиб бўлмайдиган оқибатларга олиб келишига қарамасдан, ҳанузгача жаҳон ҳамжамияти ва расмий Кобул афғон муаммосини ҳал этиш бўйича ягона бир фикрга келмади, дея фикр билдиради япониялик мутахассис.

Малайзиянинг собиқ Ташқи ишлар вазири ўринбосари, “Геракан” партияси раисининг ўринбосари, сенатор Кохилай Пилай Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда минтақавий хавфсизликни таъминлаш борасидаги олиб бораётган сиёсати ва афғон муаммосини ҳал этишдаги ташаббус ва саъй-ҳаракатларини юқори баҳолайди. Унинг фикрича, Афғонистоннинг қўшниси сифатида Ўзбекистон бошқа давлатларга нисбатан ушбу мамлакатда рўй бераётган мураккаб сиёсий жараёнларни аниқ ва чуқур ҳис эта олади.Шунинг учун ҳам, Президент Ислом Каримов жаҳон ҳамжамияти эътиборини Афғонистонда ўзаро курашаётган томонлар ўртасида келишувга эришиш зарурлигини ва унинг асносида барча этник ва диний гуруҳлар манфаатини ифода этувчи коалицион ҳукумат тузишга жалб этмоқда. Фақат шу йўл билангина бу мамлакатда тинчлик ўрнатиш мумкин, дея таъкидлайди К.Пилай.

Малайзиялик яна бир эксперт, “Binary” университети профессори Зулфиқли Ҳожи Сентери: “Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатилиши Ўзбекистон ва Марказий Осиё мамлакатлари учун улкан бозорга эга бўлган Осиё ва Тинч океани давлатларига энг яқин масофа билан чиқиш имкониятини яратади. Бу эса ушбу минтақаларда жойлашган мамлакатлар ўртасида савдо-иқтисодий ва инвестицион алоқаларни янада ривожлантиришга катта туртки беради. Шуларни инобатга олган ҳолда, АСЕАН ташкилотига кирувчи давлатлар ҳам Афғонистонда тинчлик ва осойишталик ўрнатилишидан ғоят манфаатдор”, дея таъкидлайди.

Латвияда жойлашган Болтиқ халқаро академияси профессори И.Стеценконингсўзларига кўра, Ислом Каримовнинг яхши қўшничилик, ўзбек халқининг осойишталиги ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган оқилона сиёсати нафақат Марказий Осиё, балки Европа давлатларининг ҳам тинчлик ва хавфсизлигини таъминлашга катта ҳисса қўшади. “Ишончим комилки, Ибн Сино, Улуғбек, Беруний ва Навоий каби буюк алломаларнинг фалсафаси ва дунёқарашларини ўзида мужассам этган ўзбек халқи ўз аждодларининг меросини давом эттирган ҳолда, халқлар ва давлатлар ўртасида тинчликни сақлаш, маданий ва маърифий ҳамкорликни кучайтириш, донишмандлик, одамийлик ва бағрикенгликни тарғиб этади”, – дейди И.Стеценко.

Мухтасар қилиб айтганда, Президент Ислом Каримовнинг жорий йилнинг 9 май куни Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан берган интервьюсига хорижий мамлакатларнинг оммавий ахборот воситалари, сиёсий, академик, эксперт ва таҳлилий доира вакиллари томонидан билдирилаётган фикр-мулоҳазалар Ўзбекистоннинг Афғонистонда тинчлик ўрнатиш, Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича чуқур ўйланган позицияси жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг қўллаб-қувватланаётганининг яққол далилидир.

“Жаҳон” ахборот агентлиги



DB query error.
Please try later.