30.07.2013

САЙЛОВОЛДИ ДАСТУРИНИНГ ИЖРОСИНИ ТАЪМИНЛАШ

депутат ва партия фаолларидан янада фаол ҳамда қатъиятли бўлишни талаб қилаётир

Ҳаёт ҳар куни олдимизга янги-янги вазифалар, долзарб масалаларни қўймоқда. Уларни бажариш, ҳудудларда кечаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга ўз ҳиссамизни қўшиш эса ҳар биримиздан изланиш, интилиш, шижоат ва фидойилик талаб қилиши табиий. Шундай экан, биз мавжуд имкониятлардан қандай фойдаланаяпмиз, партия фаоли сифатида дастурий мақсадларимизни бажаришда қай даражада иштирок этаяпмиз? Бу борадаги ютуқ ва камчиликларимиз кўпроқ нималарда кўринаяпти?

ЎзХДП Сирдарё вилоят кенгашида ўтказилган амалий семинарда ана шу саволлар ўртага ташланди. Тадбирда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси Ҳотамжон Кетмонов иштирок этиб, мамлакатимиз ижтимоий-сиё­сий ҳаётида партияларнинг тутган ўрни, хусусан, ЎзХДП томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳамда пар­тия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳлари олдида турган муҳим масалалар тўғрисида фикр билдирди. Аҳолининг ижтимоий муҳофазага муҳтож қатлами манфаатини ҳимоя қилиш бўйича янги-янги ташаббуслар билан чиқиш, фойдаланилмай келинаётган имкониятларни ишга солиш, бу борада ваколатлардан унумли фойдаланиш масалаларига фаоллар эътиборини қаратди.

Маҳмуджон АҲМЕДОВ, ЎзХДП Сирдарё туман кенгаши раиси:

— Туманимизда партиямизнинг 1772 нафар аъзоси, 54 та бошланғич ташкилоти бор. Бундай олиб қараганда, бу жуда катта куч. Аммо ҳамма гап биз ундан қай даражада фойдалана олаётганимизда. Биз бугун кўпроқ маҳаллалар билан ҳамкорлик қилишга алоҳида эътибор қаратаяпмиз. Жамоатчилик қабулхоналарини ҳам уларнинг илтимосига кўра, кўчма тарзда айнан маҳаллаларнинг ўзида ташкил этаяпмиз. Бу айниқса, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами вакилларини, бирор-бир муаммони ҳал этиш учун кимга мурожаат этишни билмай турган кишиларни ташвишлантираётган масалалар тез ва самарали ҳал этилишида муҳим аҳамиятга эга бўлаяпти.

Шу билан бирга, депутатларимизнинг сайловчилар билан учрашувларини мунтазам ташкил этиш, муаммоли масалаларнинг ечимини топишда уларнинг иштирокини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Депутатлик назоратининг таъсирчан воситаларини қўллаш, каттароқ аҳамиятга эга масалаларни уларнинг ваколати доирасида халқ депутатлари туман Кенгаши доимий комиссиялари, сессиялари муҳокамасига олиб чиқишга ҳаракат қилаяпмиз.

Аммо бу борада яна кўп ишларни амалга оширишимиз лозим. Бугунги куннинг ўзи янада қатъийроқ ҳаракат қилиш, партиямиз дастурий мақсадлари доирасида тумандаги бирор-бир масалани ўз зиммамизга олиб, у охирига қадар ҳал бўлмагунча фаол иш олиб боришни талаб этаяпти. Шу тариқа ҳар йили ҳеч бўлмаганда битта-иккитадан жиддий ижтимоий масалани ҳал этишга эришсак, партиямиз Сайловолди дастури босқичма-босқич амалга ошиб боради.

Отабек ДАВРОНОВ, ЎзХДП Гулистон шаҳар кенгаши раиси:

— Бошланғич ташкилотларни кучайтириш бугун олдимизда турган энг долзарб вазифалардан биридир. Шаҳримизда 56 та бошланғич ташкилот 1360 нафар аъзони бирлаштирган. Яқинда бўлиб ўтган ҳисобот-сайлов йиғилишларида 11 та бошланғич ташкилот етакчилигига янги ташаббускор ёшлар сайланди. Ҳозир сафимизни ёш аъзолар билан кенгайтириш келгусида кўпгина муваффақиятларга асос бўлиб хизмат қилади. Шу сабабли сиёсий фаолиятга, сиёсий жараёнларга қизиқадиган фаол ёшлар билан алоҳида иш олиб бориш ҳам муҳим масаладир. Айниқса, улар ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш, бошланғич ташкилотларда аъзоларнинг сиёсий-ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган сиёсий ўқув, семинар-тренинг, учрашув ва давра суҳбатларини мунтазам ташкил этиш зарур.

Амалий семинар давомида вилоятдаги 316 та бошланғич партия ташкилоти билан ишлаш, етакчиларнинг ташаббускорлиги, талабчанлигини ошириш, жойлардаги муаммоларни аниқлаш ва ечим топишда фаоллик кўрсатиш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

— Жамоатчилик қабулхоналари орқали аҳоли мурожаатларида кўтарилган муаммоларни ўз вақтида бартараф этишга ҳаракат қилаяпмиз, — деди ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси Ҳотамжон Кетмонов. — Аммо барча туман кенгашларида мурожаатларга муносабат, умид билан келган кишининг дарди-ташвишини ҳал этишга масъулият бирдек эмас. Аслида биз ҳар бир мурожаатга жиддий эътибор қаратишимиз лозим. Кўтарилаётган масала бошланғич ташкилот доирасида ҳал бўлмаса, туман, шаҳар партия кенгашига, унинг депутатлик гуруҳига, бу ерда ҳам ечими топилмаган тақдирда вилоят даражасига, керак бўлса, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракциясига олиб чиқилиши зарур. Шундай экан, маҳаллий Кенгашлардаги депутатларимиз билан фракциямиз ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга катта эҳтиёж сезилмоқда.

Айрим бошланғич ташкилотларимизнинг фаолият сустлиги, уларнинг йиғилишлари, ­оммавий-сиёсий тадбирлар номига ўтказилиши ҳам бор гап. Бундай ҳолларга чек қўйиш, бошлан­ғич ташкилотларни чинакам бош бўғинга айлантириш олдимиздаги энг муҳим вазифа бўлиши керак. Чунки, ЎзХДПни танлаган, шу сиёсий партия сафига кирмоқчи бўлган фуқаро, аввало, унинг бошлан­ғич ташкилотига боради. Шундай экан, бошланғич ташкилот фаолиятини кучайтириш, қўл­лаб-қувватлаш, етакчиларнинг билим савиясини муттасил ошириб боришга жиддий муносабатда бўлиш зарур. Туман ва шаҳар партия кенгашлари раислари, депутатлик гуруҳлари раҳбарлари кўпроқ жойларга чиқиши, бошланғич ташкилотларда бўлиши ва уларга амалий кўмак бериши керак.

Шунингдек, семинарда кадрлар билан ишлаш, жойларда ҳудудий семинарлар, қисқа муддатли ўқувлар ўтказиб туриш, «Истиқбол» ёшлар ва «Фаол аёллар» қанотлари фаолиятини партия Ҳаракат дас­турида белгиланган вазифаларнинг ижросига бевосита йўналтириш, электорат манфаатларига дахлдор аниқ, амалий ишларни кўпайтириш тўғрисида қатор таклифлар, фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Таъкидлаш керакки, электорат олдидаги бурч ва масъулият ҳисси депутатларимиздан ҳам, партия фаолларидан ҳам фаол, қатъиятли бўлишни талаб қилаётир. Амалий семинарда барча даражадаги партия ташкилотлари, депутатлик гуруҳларининг дастурий мақсадларимизни амалга оширишга қаратилган навбатдаги асосий вазифалари белгилаб берилди.

Иброҳим ЖОНУЗОҚОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.