30.07.2013

БУЮК ЭЛНИНГ ТОЛЕИ БАЛАНД ФАРЗАНДЛАРИ

бугун ўз иқтидори, салоҳияти ва билими билан дунёни ҳайратга солмоқда

Комила КАРОМОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси.

Мустақиллигимизнинг 22 йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисидаги Президентимиз Қарорини ўқир эканман, беихтиёр кечаги кун хотиралари кўз ўнгимдан ўта бошлади: иқти­содиёт ночор – фақат пахта етказиб беришга йўналтирилган, ишлаб чиқариш, саноат ривожланмаган, ижтимоий муаммолар қалашиб, мамлакат жар ёқасига келиб қолган пайтлар. Мустақилликкача 6 миллион тонна ғалла четдан сотиб олинган. Кўпи билан 10 фоиз майдонда буғдой экилган. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 80 фоиздан кўпи қайта ишланмасдан, четга чиқарилган.

Бугун 22 ёшли Мустақиллик тенгдошлари бўлмиш ўғил-қизларимиз бунга ишонмайди. Куни-кеча ғалладан улкан хирмон яратган фермерлар орасида 20-25 ёшдаги йигитлар ҳам оз эмас. Улар ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этиб, халқимиз истеъмоли учун керакли тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришмоқда, янги иш ўринлари яратишмоқда.

Бугун фарзандларимизнинг ақл-заковати, салоҳиятига дунё қойил қолмоқда. Ёшларимиз фанлар бўйича халқаро олимпиадаларда қатнашиб, ғолиб ва совриндорлар сафидан жой олишмоқда. Шу йилнинг апрель ойида 17 мамлакатдан 117 нафар иштирокчи қатнашган 47-халқаро Менделеев олимпиадасида болаларимизнинг барчаси медаль олиб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринга лойиқ, деб топилди.

Спортдаги ютуқларимизни айтмайсизми. Мустақиллик йилларида ёшларимиз жаҳон чемпионати ва олимпиада ўйинларида Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келишаяпти.

Илгари вилоятдан Тошкентга келиб ўқиш катта гап эди. Бугун энг чекка қишлоқ болалари ҳам АҚШ, Англия, Германия, Япония ва Корея Республикаси ва бошқа мамлакатларда таълим олишаяпти. Энди яқин ўтмишдаги имкониятларимиз қандай бўлганини ёдга олайлик.

Институтда ўқитувчи отам ҳар йили ёз келди дегунча мактаб муаллимаси бўлган онамга «Шу йил талабаларим билан яганага чиқмасак, Тош­кент­га олиб бораман. Метрони томоша қиламиз», дерди. Аммо ҳар йили пахта мавсуми қишгача чўзилар, баҳордан яна қишлоқ хўжалиги ишлари бошланиб кетарди. Дадам талабалари билан, онам ўқувчилар билан гоҳ пилла, гоҳ ягана ташвишидан ортмас, Тошкент­ни кўриш орзуси ҳар йили ке­йинги йилга қолаверарди.

Бугунчи? Кечагина Тошкентни бир марта кўришни орзу қилган юртдошларимиз дунё кезиб юрибди. Болаларининг ютуқлари ҳақида бири қўйиб, бири тилидан бол томиб сўзлаяпти...

Албатта, бу дориламон кунлар, фаровон, тинч-осойишта замонга ўз-ўзидан эришилгани йўқ. Оғир шароитга қарамай, мустақиллигимизнинг биринчи кунлариданоқ ёш авлоднинг жисмоний ва маънавий камолоти учун изчил сиёсат юритилди, бу борада маблағ аялмади. 12 йиллик мажбурий таълим тизими жорий қилинди.

Агар дунё миқёсида қарайдиган бўлсак, бугун жаҳон бўйича 110 миллион бола мактабга жалб этилмаган. Ҳар йили юз минглаб бола очликдан, қаровсизликдан нобуд бўлмоқда. Бу рақамлар кишини мушоҳадага ундайди.

Бугун дунё жамоатчилиги бизнинг Кадрлар тайёрлаш миллий дастуримиз афзалликларини тўла эътироф этиб, тажрибамизни ўрганмоқда. Тошкентда 2012 йил 17 февраль куни Президентимиз ­Ислом Каримов ташаббуси билан ташкил этилган «Юксак билимли ва интеллектуал ривожланган авлодни тарбиялаш — мамлакатни барқарор тараққий эттириш ва модернизация қилишнинг энг муҳим шарти» мавзуидаги халқаро конференцияда юқоридаги фикр яна бир бор ўз исботини топди. Кўплаб йирик халқаро ташкилотлар ва молия институтлари, жумладан, БМТ, Осиё тараққиёт банки, Жаҳон банки, Ислом тараққиёт банки вакиллари, Буюк Британия, Германия, Италия, Хитой, АҚШ, Жанубий Корея, Япония, Россия каби дунёнинг 48 давлатидан ташриф буюрган таълим тизими раҳбарлари, олим ва мутахассислар таълим тизимидаги ютуқларимизни эътироф этишди. Бу борада Ўзбекистон тажрибаси андоза сифатида ўрганишга ло­йиқлигини таъкидлашди.

2010 йилда Олий Мажлис томонидан қабул қилинган «Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғ­рисида»ги, «Реклама тўғрисида»ги Қонунларга ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1781 моддасига киритилган ўзгартиш ва қў­шимчалар ёшларимизнинг маънавий ва жисмоний камолотига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Мамлакатда соғ­лом турмуш тарзини қарор топтиришда давлат идоралари билан бирга, нодавлат ташкилотларининг ҳиссаси ошаётганини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим.

Ҳар йили ўтказилаётган «Ниҳол» ва Зулфия номидаги давлат мукофоти танловлари, «Янги авлод» ва «Келажак овози» кўрик-танловлари минглаб ёш истеъдод эгаларини кашф этмоқда. Натижада ёшларимиз халқаро миқёсда муносиб мав­қега эга танлов, фестиваль ва анжуманларда муносиб иштирок этмоқда. Ўзбекистон фарзандлари иқтидорини ҳақли равишда дунё тан олмоқда. «Умид ниҳоллари», «Баркамол авлод», «Универсиада» каби спорт мусобақалари мунтазам ўтказилаётгани эса ёшлар ўртасида соғ­лом турмуш тарзи шаклланишига хизмат қилаяпти.

Амалга оширилаётган бу каби эзгу ишлар, қабул қилинаётган қонунлар, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар замирида ягона улуғ мақсад, тоза ният, эзгу ғоя мужассам. Бу ғоя, Президентимиз таъбири билан айтганда, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни тарбия­лаш ва ёшларимизнинг замонавий билим ҳамда касб соҳиби бўлишини, жамиятимиз ҳаётида муносиб ўрин эгаллашини таъминлашдан иборат.



DB query error.
Please try later.