27.07.2013

МУСТАҚИЛЛИК ҚИШЛОҚЛАРИ

ёки «Президент уйлари» деб номланган намунавий уй-жойлар қурилиши ва бу борада олиб борилаётганкенг кўламли ишлар хусусида

Халқимизда уй-жой ватанга менгзалади: «Уй қурдим», «Уй сотиб олдим» десангиз «ватанли бўлибсиз» деб олқишлашади. «Ўз уйингни ўзинг асра» чорловини ватанингни ҳимоя қил тарзда тушунилади. Бола-чақаси ва оиласи учун жонкуяр киши «уйим-жойим дейдиган» сўзлари билан ҳурматланади. Уй биз учун бор-йўғи бошпана ёки қароргоҳ эмас, у муқаддас илдиз, ҳаётга, аждодлар заминига, эътиқодига, турмуш тарзига, дунёқарашига мустаҳкам боғлаб турувчи мўътабар ришта.

Дарҳақиқат, ўтган асрнинг 80-йиллари охиридан бошлаб халққа уй-жой солиш учун томорқа бери­ла бошланиши халқимиз ўз уйига ўзи эга бўлаётган­лигининг дастлабки муждалари эди. Юрт­бошимиз томонидан 1989 йил 17 ав­густда «Қишлоқда яшовчи ҳар бир оилани томорқа билан таъминлаш, уларга якка тартибда уй-жой қуриш учун барча шарт-шароитларни яратиб бериш ҳа­қида» қарор қабул қилинди. 1990 йилнинг ўзидаёқ шахсий таморқа хўжаликлари учун 205 минг гектар ер ажратилди. Бу юртимиз ҳаётида янги даврнинг бошланаётгани нишонаси бўлди. Ажратилган ерларда минг-минг­лаб янги уйлар қурилди. Янги кўчалар, маҳаллалар, гузарлар пайдо бўлди. Бу ростдан ҳам янги давр, янги

турмуш белгилари эди.

Дарвоқе, торгина бир ҳовлида узоқ йиллар бирга яшаётган уч-тўрт оиланинг ҳар бири алоҳида шахсий томорқа ерига эга бўлиши кўп нарсани англатарди — мулк ҳуқуқи, даромад манбаи, мус­тақиллик, янги ҳаёт...

— Бир ҳовлида уч хўжалик яшар эдик, — деб эслайди Қашқадарё вилояти, Қамаши тумани, Чим қишлоғида истиқомат қилувчи Бахтиёр Ибрагимов. — Алоҳида ер сўраб, бир неча марта мурожаат қилганимиз беҳуда кетди. Уйимиз ён атрофи бепоён пахтазор, лекин уй қуриш учун бир парча ерга рухсат йўқ. Президентимизнинг қароридан кейин юзлаб қишлоқдошлар сингари менга ҳам шахсий томорқа учун ер тегди. Томорқа ери айнан пахта даласидан ажратилди. Ўзимиз пахта экиб юрган далада бир йил ичида янги қишлоқ пайдо бўлди.

Аҳолини уй-жойли қилиш, уларни шу йўл билан ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва фаровонлигини таъминлаш сиёсати кейинчалик ривожлантирилди. 1998 йилга келиб шахсий томорқалар учун ажратилган ер майдони 550 гектардан ошиб кетди. Бугунга келиб эса ушбу жараён янги бос­қичга кўтарилди. Президент томонидан қишлоқларда намунавий лойиҳалар асосида якка тартибда уй-жойлар қуриш ташаббуси илгари сурилди. Бу борада махсус давлат дас­тури қабул қилинди. Бундай уй-жойлар, албатта, пишиқ ғишт­дан қурилиши, болалар хонаси, меҳмонхона, ошхона, айвон, хуллас, халқимизбоп тарзда бўлиши, қулайликлар — газ, ичимлик суви, иссиқлик ва электр таъминоти шаҳарникидан кам бўлмаслиги белгиланди.

2009 йил январида давлат раҳбарининг махсус қарори билан қишлоқ жойларида барпо этиладиган уйлар, ижтимоий иншоотлар, маиший хизмат кўрсатиш объектларининг намунавий лойиҳаларини ишлаб чиқиш мақсадида «Қишлоқ қурилиш лойиҳа» лойиҳа-тад­қиқот институти ташкил қилинди. Бу ишларни маблағ билан таъминлаш, соҳада узоқ муддатли кредитлашни амалга ошириш учун «Қишлоққурилиш банк», намунавий лойиҳаларни амалиётга татбиқ қилишга масъул идора — «Қишлоқ қурилиш инвест» ихтисослаштирилган шўъба инжиниринг компанияси иш бошлади. Президентимизнинг 2009 йил 3 августдаги «Қишлоқ жойларда уй-жой қурилиши кўламини кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» ва 2010 йил 17 июндаги «Қишлоқ жойларида намунавий лойиҳалар асосида хусусий уй-жой қурилишини кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорлари билан уй-жой шароитини яхшилаш орзусидаги юртдошларимизга қатор имтиёз ва қулайликлар яратилди, лойиҳаларни тез ва сифатли амалга ошириш механизмлари шакллантирилди. Масалан, 6 сотих ерли уй-жой асосан банк кредити маблағи асосида қурилади. Кредит маблағи йилига 7 фоизлик ставка билан 15 йилда тўланади. Бу Марказий банк­нинг йиллик 12 фоиз миқдорида белгиланган қайта молия­лаш ставкасидан, кўриб турганингиздек, анча паст. Янги уй эгалари ипотека кредитларини қайтариш ва уларнинг устама фоизларини қоплашга йўналтирилган даромад солиқларини тўлашдан озод қилинган. Уй-жойдаги мулк учун эса ипотека кредитини тўлиқ тўлагунга қадар солиқ тўламайдилар.

Махсус дастурнинг амалга оширилиши натижасида 2009-2012 йилларда 159 та қишлоқ туманида 650 та янги қишлоқ уй-жой массиви барпо этилди. Умумий майдони 3,2 миллион квадрат метр бўлган 23,6 минг­дан ортиқ якка тартибдаги уй-жой қурилди. «Қишлоққурилиш банк» акциядорлик-тижорат банки томонидан ўтган тўрт йилда 23,6 минг нафар якка тартибда уй-жой қурувчига қиймати 677 миллион доллардан зиёд ипотека кредитлари берилди. Банк нафақат аҳоли, балки қишлоқда уй-жой ва ишлаб чиқариш ҳамда ижтимоий инфратузилма объ­ектларини барпо этаётган қурилиш ташкилотлари, қурилиш материаллари ва конструкциялар ишлаб чиқарувчи корхоналарга ҳам кредит ажратмоқда. Дарвоқе, янги қишлоқ массивларида уй-жойлар билан бир қаторда болалар боғчалари, умумтаълим ҳамда мусиқа ва санъат мактаблари, спорт иншоотлари, тиббиёт муассасалари, маҳалла марказлари, савдо маж­муалари, хизмат кўрсатиш объ­ект­лари, ишлаб чиқариш корхоналари ҳам барпо бўлмоқда. Масалан, биргина ўтган йили 272 та қишлоқ массивидаги 8,5 минг уй-жой қурилиши баробарида 10 та мактаб, 26 та ҚВП, 75 та маҳалла гузари, 104 та савдо мажмуаси, 28 та минибанк, 35 та деҳ­қон бозори, 80 та ишлаб чиқариш цехи ва 41та маиший хизмат кўрсатиш шаҳобчаси бун­ёд бўлган. Жорий йилда 353 та қишлоқ массиви ҳудудида умумий майдони 1,4 миллион квадрат метр бўлган 10 мингта хонадон бунёд этилади. 300 ки­ло­метр­дан ортиқ ичимлик суви, 280 километрдан зиёд электр тармоқлари ишга туширилади, қарийб 240 километрлик автомобиль йўллари қурилади, кенг кўламли ижтимоий ва бозор инфратузилмаси яратилади.

Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, янги уй-жойлар қурилиши нафақат қишлоқлар қиёфаси ва ижтимоий инфратузилмасини ўзгартирмоқда, қолаверса, аҳо­лини, айниқса, қишлоқ ёшларини иш билан таъминлашда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Қисқа вақт ичида мамлакатимизда цемент ишлаб чиқариш ҳажми яна бир миллион тоннага кўпайган. Илгари вилоятларда икки ёки уч дона ғишт заводи бўлган бўлса, бугун ҳар бир туманда улар сони уч-тўртадан кам эмас. Республикамиз бўйлаб эса ғишт заводлари сони 800 дан ошиб кетди. Биргина янги уй-жойлар учун йилига 450 миллион дона пишиқ ғишт ишлатилмоқда. Бир сўз билан айт­ганда, янги уй-жойлар қурилиши ҳудудларда ишлаб чиқарувчи ўнлаб, юзлаб янги корхонлар барпо бўлишига, минглаб янги иш ўринлари очилишига шароит яратмоқда. Қишлоқлардаги қурилишларда 10 минглаб юртдошларимиз меҳнат қилаяпти, рўзғорини боқаяпти. Жумладан, жорий йилнинг ўзида Андижон вилоятида қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича 174 та лойиҳа амалга оширилиши, натижада 2280 та янги иш ўрни барпо қилиниши режалаштирилган.

Халқимиз тилида янги уй-жой массивлари «Мустақиллик қишлоқлари», «Президент уйлари» деб ном олди. Буни одамларимизнинг қишлоқдаги ўзгаришларга муносабати ифодаси, дейиш мумкин. Ўзбекистондаги ушбу жараён кўплаб чет элликлар эътиборини ҳам тортди. АҚШ­нинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Жордж Крол юртимиздаги қурилишларга қараб шундай хулосага келади: «Улар Ўзбекис­тоннинг замонавий жамияти ва иқтисодиётининг тараққиётини намоён қилади». Рост, улар замонавий жамиятнинг белгилари, нафақат қишлоқ қиёфасини, қолаверса, мамлакатимиз қиёфасини ўзгартираётган ҳаракатдир. 

«Ўзбекистон вилоятларига сафарим чоғида қишлоқларда жуда катта бунёдкорлик ишлари олиб борилаётганига ўзим амин бўлдим, — дейди Франциянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси жаноб Франсуа Готье. — Бунёд этилган уйлар жуда чиройли, замонавий қиёфа касб этган ҳолда барча халқ­аро талабларга жавоб беради. Французларда шундай мақол бор: агар одамлар қурилиш қилаётган экан, демак ҳаммаси жойида».

Дарҳақиқат, одамлар уй қураяпти, янги иншоотлар пайдо бўлаяпти. Барчаси файзли, ҳаммаси кўркам. Янги уйлар кўчалар, маҳаллалар, юртимизни безаяпти. Улардан янги гузарлар, қишлоқлар пайдо бўлмоқда. Уй тўйлари авжида. Демак, юртда фаровонлик, тинчлик ва хотиржамлик. ­Демак, ҳаммаси жойида...  

Акбар ЖОНУЗОҚОВ



DB query error.
Please try later.