27.07.2013

ШУНДАЙ ЮРТДА ЯШАШ БАХТ

унинг гуллаб-яшнаши учун фидойи бўлиб меҳнат қилиш эса бурчимиздир

Юртимиз ғаллакорларининг бу йил 7 миллион 610 минг тоннадан зиёд улкан хирмонни бунёд этганликлари мустақиллигимизнинг 22 йиллик байрамига муносиб туҳфа бўлди. Шу муносабат билан Президентимиз ғаллакорларга йўллаган табригини эшитарканман жудаям таъсирландим. Чунки, унда биз — деҳқон ва фермерлар меҳнатига юксак баҳо берилди, «Баракалла, барчамизни қойил қилдингиз, ҳеч қачон кам бўлманг!» деган эзгу тилаклар билдирилди. Бундай илиқ фикр, самимий тилаклар дилимизни фахру-ифтихор, ғурур туйғуларига тўлдирди.

Жаннатмакон юртда яшаяпмиз. Ҳеч кимдан кам эмасмиз. Нисбатан қисқа давр ичида ғалла мустақиллигига эришдик. Ҳосилдорлик 1991 йилга нисбатан уч баробар ошди. Ҳосил салмоғи эса 7 баробарга кўпайди. Эндиликда эҳтиёжимиздан орттириб, хорижга дон экспорт қилиш салоҳиятига ҳам эгамиз. Булар Юртбошимиз раҳбарлигида иқтисодиётимизнинг етакчи тармоғи — қишлоқ хўжалиги тубдан ислоҳ қилиниб, фермерлик ҳаракати ривожлантирилаётгани, соҳага кўплаб имтиёзлар берилгани ҳолда замонавий агротехнологиялар, илғор инновациялар жорий этилаётгани, дала меҳнаткашларининг моддий манфаатдорлиги оширилаётгани самарасидир.

Кўп йиллардан буён мазкур соҳада ишлаётган инсон сифатида мустақиллик давридаги пахтачилик ва ғаллачиликдаги янгиланишлар ва ютуқларимизда озми-кўпми ҳиссам борлигидан ғурурланаман.

Хўжалигимиз фаолиятига тўхталсам жорий йилда 258,5 гектар ғалла майдонидан давлатга шартнома режасида белгиланган 643 тонна ўрнига 867 тоннадан кўпроқ сара дон топширдик. Етиштирган ҳосилимизнинг қарийб 50 фоизи хўжалигимиз ихтиёрида қолдирилди. Меҳнатимизга яраша омборимиз донга, рўзғоримиз эса қут-баракага тўлаяпти.

Фермер хўжалигимизда 32 нафар киши доимий иш билан машғул 50 нафари билан мавсумий меҳнат шартномаси тузилган. 164 гектар майдонда ғўза парваришлаяпмиз. Арнасой пахта тозалаш корхонаси билан ҳар гектар ердан 22 центнердан, жами 360,8 тонна пахта хомашёси етказиб бериш юзасидан шартнома тузганмиз. Келгусида хўжалигимизда нафақат пахта ва ғалла етиштириш, балки чорвачиликни йўлга қўйишга ва чорва маҳсулотларини қайта ишловчи кичик ишлаб чиқариш корхонасини ташкил этишни мўлжаллаб турибмиз. Ҳозирда замонавий чорва комплексимизда 50 бош соғин сигир, 180 бошдан зиёд қўй-қўзи боқилаяпти. Яқинда хориждан наслли қорамоллар олиб келамиз. Сутни қайта ишлаб, 8 хил истеъмол маҳсулотлари тайёрловчи мини цехга буюртма берганмиз. Ушбу режаларимиз амалга ошганидан сўнг, яна 25 нафар ҳам­қишлоғимиз доимий иш билан таъминланади.

Бугунги ютуқлар ҳақида гап кетганда, албатта, булар ҳаммаси мустақиллигимиз туфайли эканини яхши биламиз. Бироқ бундай дориламон кунларга ўз-ўзидан эришганимиз йўқ. Оғир курашлар, машаққатли меҳнат, матонат, қатъият ва фидойиликлар эвазига эришилди бу саодатга. Шундай озод ва обод юртда яшашнинг ўзи бахт, унинг янада гуллаб-яшнаши учун меҳнат қилиш эса бурчимиздир.

Рашида ЁДГОРОВА,

Жиззах вилояти, Арнасой туманидаги «Сангзор» кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари, «Дўстлик» ордени соҳибаси.



DB query error.
Please try later.