27.07.2013

МУСТАҚИЛЛИК, ҚАТЪИЯТ ВА МУВАФФАҚИЯТ

Халқимиз Ватанимиз мустақиллигининг йигирма икки йиллик тўйини муносиб нишонлашга катта тайёргарлик кўрмоқда. «Қадр-қимматим, таянчим ва ифтихоримсан, мустақил Ўзбекистон!» шиори остида ўтказилаётган учрашувлар ва маданий-маънавий тадбирларда мустақиллик ҳар бир юртдошимиз, ҳар қайси оила, бутун халқимиз учун бебаҳо неъмат эканини юрак-юракдан ҳис этмоқдамиз. Ана шундай ҳаяжонли лаҳзаларда озодлик, мустақиллик, бугунги саодатли кунлар ўз-ўзидан келмаганини, уларнинг барчаси мустақилликка эришиш, уни ҳимоя қилиш ва мустаҳкамлаш йўлидаги тинимсиз курашлар, изланишлар ва интилишлар, буюк яратувчилик ишлари самараси эканини яна бир бор кўнглимиздан ўтказамиз.

Истиқлолимизнинг 22 йиллиги арафасида яқин тарихимизга назар ташлар эканмиз, Ўзбекистонда мустақиллик арафасида рўй берган суронли воқеалар, Ислом Каримов республикамизга раҳбар этиб сайлангач, юртимиздаги кескин вазиятни бартараф этишда, оғир ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал қилишда, эл-юртимизнинг озодликка эришишида кўрсатган бетимсол жасорати беихтиёр кўз ўнгимиздан ўтади.

Йигирманчи асрнинг саксонинчи йиллари охирида Ўзбекистон ўта оғир ижтимоий-иқтисодий муаммолар гирдобида қолган эди. Халқимизнинг маънавий жиҳатдан ҳақоратланиши, қадр-қимматининг топталиши қалтис аҳволни юзага келтирган эди. Бузғунчи кучлар одамларни оммавий тартибсизликларга жалб қилиш, ижтимоий ва миллатлар­аро низолар ва тўқнашувлар чиқариш учун шу ҳолатдан фойдаланишга уринди. Бунинг оқибатида Фарғона вилоятида, Тошкент вилоятининг Бўка ва Паркент туманларида оммавий тартибсизликлар рўй берди. ­Ислом Каримов эндигина республикамиз раҳбари этиб сайланганига қарамасдан, ўзининг оқилона сиё­сати, қатъияти, жасорати ва матонати билан халқимизни парокандаликдан сақлаб қолди.

Мен бу гапларни ўша воқеа-ҳодисаларнинг бевосита гувоҳи сифатида айтяпман. Кечагидек эсимда. Бўкада юзага келган тартибсизликлар чоғида Ислом ­Каримов қаҳр ва ғазабга тўлган оломоннинг ичига от миниб дадил кириб борди. Улар билан очиқчасига, дадил, самимий гаплашди. Мамлакатимиз келажаги, халқимиз фаровонлигини ошириш йўллари тўғрисида аниқ фикрлар билдирди. Одамларнинг шу вақтгача ҳеч ким қулоқ ҳам солмаган дарду фиғонларини тинглаб, тўғри ва адолатли сўзлари билан уларнинг кўнглида умид ва ишонч уйғотди. Натижада, қон тўки­ли­шининг олди олинди. Ислом ­Каримов тартиб-интизомни жой-жойига қўйиш бўйича бутун масъулиятни ўз зиммасига олиб, аниқ чора-тадбирлар кўрди. Туманимизда бир неча кун бўлиб, йиллар мобайнида тўпланиб қолган муаммоларни ҳал қилиш имконини қидирди.

Ислом Каримов Бўка воқеалари пайтида от жиловини маҳкам ушлаганча оломон ичига кириб борар экан, бу билан давлат жиловини ҳам мустаҳкам тута олишини кўрсатди. Сиёсий етакчи, ҳақиқий давлат раҳбарига хос барча фазилати яққол намоён бўлди. Муаммолар ҳақида очиқ гапириши, ҳамиша ҳақиқатнинг кўзига тик қараши Юртбошимизга нисбатан халқимизнинг юксак эҳтиромини уйғотди.

Мамлакатимизда ҳаётнинг барча соҳасида олиб борилаётган ўзгариш ва ислоҳотлар аввало инсон манфаати, унинг орзу-умидлари, эзгу ниятларини рўёбга чиқаришдек хайрли мақсадга хизмат қилмоқда. Бугунги кунда халқаро миқёсда кенг эътироф этилаётган тараққиётнинг «ўзбек модели» деб ном олган ривожланиш йўлимизнинг асосий принципларидан бирига айланган «Ислоҳот – ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун» деган маш­ҳур шиор ҳам ана шундай шиддатли курашлар, одамлар билан юзма-юз мулоқотлар, катта ҳаётий тажриба асосида туғилган, десак, хато бўлмайди.

Бир мисол. Президентимиз ташаббуси билан ўша ғоят оғир шароитда аҳолига қўшимча томорқа ерлари ажратилгани қишлоқ аҳолиси ҳаётида қандай ўзгаришлар ясаганини биз, деҳқонлар яхши биламиз. Йўқчиликдан силласи қуриган одамларимиз дастурхонига томорқа туфайли барака кирди. Аҳоли томонидан мева, сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари, сут, гўшт, тухум етиштириш сезиларли даражада кўпайди, оилалар даромад манбаига эга бўлди. Бу борада қабул қилинган фармон ва қарорлар асосида мамлакатимиз бўйича 2,5 миллион оилага 700 минг гектар суғориладиган ер томорқа сифатида хусусий мулк қилиб берилгани вазиятни ўнглаш, юртдошларимизнинг ҳаётга қарашини ўзгартириш, эртанги кунга ишончини мустаҳкамлашда том маънодаги тарихий қадам бўлди. Шуни айтиш жоизки, ўша пайтда бу хайр­ли ташаббусга тушуниб-тушунмай, очиқ ёки пинҳона қарши бўлганлар ҳам, томорқа ерлари ажратишни пайсалга солганлар ҳам топилди. Аммо мамлакатимиз раҳбарининг қатъияти туфайли бу борадаги ишлар тўла-тўкис бажарилди. Президентимизнинг масалага ана шундай оқилона ёндашуви натижасида минг-минглаб одамлар уй-жойли, ишли бўлди, бозорларда маҳсулот кўпайиб, нарх-наво арзонлашди, энг муҳими, ижтимоий кескинликнинг олдини олишга эришилди.

Мамлакатимизда фермерлик ҳаракатига асос солингани ва ушбу соҳа ривожига доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиб келинаётгани Юртбошимиз нақадар узоқни кўра олувчи раҳбар эканини такрор ва такрор тасдиқлайди. Экин майдонлари ернинг тилини биладиган, унинг нафасини ҳис қиладиган ҳақиқий деҳқонларга берилгани, пахта­кору ғаллакорлар, боғбонлару чорвадорлар қадр-қиммати жой-жойига қўйилгани, соҳада тамомила янги тизим жорий этилгани нақадар юксак самаралар бераётганини бугун барчамиз кўриб, билиб турибмиз. Ҳа, фермерлик ҳаракати том маънода ўзини оқлади. Фермерларимизда ерга эгалик ҳисси шаклланди, мулкка муносабат ўзгарди. Даромадимиз ҳам меҳнатга яраша бўлмоқда. Илгари деҳқон кетмон чопишни билса бас, дейишган бўлса, бугунги фермерлар чет тилларни ўрганяпти, хорижга бориб ҳамкасблари билан тажриба алмашяпти. Эндиликда фермерлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг асосий ишлаб чиқарувчиси сифатида аграр соҳани тараққий эттиришда ҳал қилувчи кучга айланди. Қишлоқ жойларда транспорт-коммуникация, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишни ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини оширишда ҳам уларнинг ҳиссаси катта бўлаётир. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш баробарида кичик корхоналарни ишга тушириб, қайта ишлашни йўлга қўйган, қишлоқларда замонавий хизмат кўрсатиш шохобчаларини барпо этиб, аҳолининг бандлиги ва турмуш даражасининг ошишига, қишлоқ тараққиётига ҳисса қўшаётган фермерлар сафи тобора кенга­йиб бораётир.

Давлатимиз раҳбари яқинда Жиззах ва Сирдарё вилоятлари фермерлари билан учрашувда фермерларни мамлакатимизнинг устуни ва таянчи, деб таъкидлагани бизни янада руҳлантириб юборди.

Бундай юксак эътирофга жавобан фақат ғалла ёки пахта етиштириш билан чекланиб қолмаслигимиз, балки маррани баландроқ кўзлаб, ҳаёт олдимизга қўяётган долзарб вазифаларни ҳал этишда янада фаол бўлмоғимиз даркор. Хўжаликларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашни йўлга қўйиш, қишлоққа саноатни олиб кириш, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш, аҳолини, айниқса, ёшларимизни иш билан таъминлаш, умуман, қишлоқда ҳаёт сифати ва даражасини ошириш сингари масалаларни ечишда фермерлик ҳаракати етакчи кучга айланиши биз, фермерларнинг изчил саъй-ҳаракатларимизга боғлиқдир. Биз ана шу орқали мустақиллигимизни янада мустаҳкамлаш, халқимиз фаровонлигини юксалтиришдек эзгу ишларга ўз ҳиссамизни янада кўпроқ қўшган бўламиз.

Раҳмон САИДОВ,

Бўка туманидаги «Мустақил Ўзбекистон» фермер хўжалиги раҳбари

(ЎзА)



DB query error.
Please try later.