25.07.2013

ҲАР БИР ИШНИНГ АМАЛИЙ НАТИЖАСИ БЎЛИШИ КЕРАК

дейишмоқда партиянинг Андижон вилоятидаги фаоллари

Кейинги пайтларда Андижон вилояти барқарор тараққий этмоқда. Иқтисодий ислоҳотларни изчил амалга ошириш, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш, замонавий маиший хизмат кўрсатиш мажмуалари барпо этиш борасида улкан ишлар қилинмоқда. Буларнинг барчаси пировардида халқимиз ҳаёти фаровонлигига хизмат қилаяпти.

Хўш, ана шундай самарали ишларни амалга оширишга партиядошларимиз, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик гуруҳларимиз қандай ҳисса қўшмоқда? Ислоҳотлар изчиллигини таъминлашда ЎзХДП вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари фаоллари ташаббускорлик кўрсатаяптими? Ҳудудий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш борасида партия ташкилотлари қандай таклиф, ташаббус ҳамда позицияни илгари сурмоқда?

Андижон вилоят, шаҳар ва туман партия кенгашлари раислари, маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари аъзолари, «Фаол аёллар», «Истиқбол» ёшлар қанотлари етакчилари қатнашган давра суҳбатида шу масалалар хусусида фикр алмашилди.

ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси Ҳотамжон Кетмонов амалий натижаларга қаратилган ташаббусларни кўпайтириш, ғояларимиз тарғиботи билан маҳаллаларга, партия электорати орасига чуқурроқ кириб бориш, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларнинг қизиқишлари, манфаатларини ўрганиш ҳамда улар ҳаёти даражасини кўтаришга қаратилган таклифлар ишлаб чиқиш юзасидан бошлан­ғич партия ташкилотлари фаолиятини жонлантириш масалалари ҳақида сўз юритди. Айниқса, янги иш ўринлари ташкил этиш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини мутахассислиги бўйича ишга жойлаштириш масалалари юзасидан маҳаллий вакиллик ҳокимияти назоратини кучайтиришга қаратилган ташаббуслар билан чиқиш муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Давра суҳбатида партия ташкилотлари етакчилари ҳамда фаоллари олдинда турган муҳим вазифалар хусусида фикр-мулоҳазалар билдиришди.

Мўйдинжон ДАДАЖОНОВ, ЎзХДП Асака туман кенгаши раиси:

– Туманимизда партиямизнинг 47 та бошланғич ташкилоти 2906 нафар аъзони бирлаштирган. Партиядошларимиз сафи йилдан-йилга ортиб бораяпти.

Бошланғич ташкилотлар партиянинг таянчи бўлгани сабабли биз улар фаолиятини янада кучайтиришга эътибор қаратишимиз керак. Шунинг учун айнан бошланғич партия ташкилотлари етакчилари учун махсус ўқувлар ташкил этиш таклифини билдираман. Ўқув уларнинг нафақат сиёсий-ҳуқуқий билимини ошириш, балки етакчилик қобилиятини ҳам шакл­лантиришга қаратилиши керак.

Таваккал ТОПВОЛДИЕВ, «Нуроний» жамғармаси Андижон вилоят бўлими раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳи аъзоси:

– Шаҳрихон тумани Найнаво қишлоғида сайловчилар билан бўлган учрашувда фуқаролар электр энергияси таъминотидаги муаммони кўтаришди. Бу масалани «Андижон ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти мутахассислари билан биргаликда ўрганиб чиқдик. Натижада қишлоқда қўшимча тарансформатор ўрнатилиб, масала ижобий ҳал этилди. Қишлоқ аҳли бундан жуда миннатдор бўлди.

Жойларда айрим шу каби муаммолар учрайдики, уларни депутатларимиз ташаббуси, ижро ҳокимияти тузилмалари эътиборини қаратиш билан ҳал этиш мумкин. Агар ҳар бир депутат фаолиятида амалий ишларга алоҳида эътибор қаратса, бир йил давомида қанчадан-қанча муаммолар ҳал этилади.

Шунингдек, маҳаллий Кенгашларга сайланган депутатларнинг ўзаро фикр алмашиб туришини мунтазам йўлга қўйиш керак, деб ҳисоблайман. Шунда, ахборот алмашув жараёни кучаяди, маҳаллий Кенгашлар муҳокамасига олиб чиқилиши зарур бўлган масалалар юзасидан маслаҳатлашиб оламиз. Бу табиий равишда депутатлар ташаббускорлигини кучайтиришга хизмат қилади, деб ўйлайман.

Қумрихон ХЎЖАЕВА, ЎзХДП Избоскан туман кенгаши раиси, халқ депутатлари туман Кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари:

– Партиянинг дастурий вазифалари самарали адо этилишида ҳа­қи­қатан ҳам депутатлар иштироки муҳим ўрин тутади. Депутатларимиз турли ижтимоий масалаларни ўрганиб, таҳлил этиб, халқ депутатлари туман Кенгаши доимий комиссияларида кўриб чиқиш, сессия муҳокамасига киритишга эришмоқда. Аммо бу фаолиятимиз қониқарли бўлаяпти, дегани эмас. Жамоатчилик қабулхоналари фаолиятини янада кучайтириш орқали юзага келиши мумкин бўлган ижтимоий масалаларни эртароқ аниқлаш тизимини йўлга қўйишимиз керак. Шунда, уларнинг олдини олиш бўйича зарур чоралар ишлаб чиқиш, муқобил таклифлар киритиш учун бизда етарли имконият юзага келади.

Шу ўринда айтиш керакки, Андижон вилоят, туман ва шаҳар партия ташкилотлари қошида ташкил этилган Жамоатчилик қабулхоналарига жорий йилнинг олти ойи давомида 230 та мурожаат бўлган. Уларнинг 56 фоизи ишга жойлаштириш, иш ҳақи ва пенсияларни вақтида олиш, моддий ёрдам масалаларига, 22 фоизи уй-жой-коммунал хизмат кўрсатиш, ижтимоий соҳаларга, 13 фоизи кредит масалаларига тегишли бўлган. Мурожаатларнинг қарийб 70 фоизи тегишли идора ва ташкилотлар ёрдамида ижобий ҳал этилиб, қолганлари бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар берилмоқда.

Давра суҳбатида ЎзХДП ташкилотлари ва депутатлик гуруҳларининг фаолиятини кучайтириш бўйича кўплаб таклиф-мулоҳазалар билдирилди. Партия электорати манфаати билан боғлиқ ижтимоий вазифаларни ҳал қилишда партия ташкилотлари, депутатлик гуруҳларининг амалий иштирокини фаоллаштириш зарурлиги таъкидланди ҳамда бу борада тегишли чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.

Аҳмадилло Солиев,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.