Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Mart 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
25 26 27 28 1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 31
25.07.2013

«НАСАФ» ФУТБОЛ МАКТАБ-ИНТЕРНАТИДА ИСТЕЪДОДЛИ ЁШЛАР ТАРБИЯЛАНМОҚДА

Жаҳон тажрибасидан маълумки, ўз олдига юксак мақсадларни қўйган ҳар қандай профессионал футбол клуби аввало болалар футболига алоҳида аҳамият қаратиши талаб этилади. Аммо бундан ўн беш-йигирма йил муқаддам мамлакатимизда бармоқ билан санарли футбол мактаблари мавжуд эди.

Бугун ҳар бир вилоятда, ҳатто туманларимизда махсус болалар футбол мактаблари фаолият кўрсатмоқда. Олий лиганинг ҳар бир жамоаси қошида ташкил этилган махсус мактаб-интернатларда минглаб умидли ёшлар миллионлар ўйини сирларини ўрганишяпти. Охирги йилларда қитъа ва жаҳон чемпионатларида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилаётган Ўзбекистон ўсмирлар, ёш­лар терма жамоалари аъзолари айнан шу каби даргоҳларда илк футбол кўникмаларини олган.

Бир пайтлар ота-она турли вилоят ва шаҳарлардан пойтахтимиздаги Республика Олимпия захиралари спорт коллежи тасарруфидаги мактаб-интернатга ёки «Пахтакор» футбол клуби қошидаги секцияларга фарзандларини етаклаб келишарди. Бугун эса манзара буткул ўзгача. Биргина Қашқадарё вилоятида барча қулайликларга эга кўплаб футбол мактаблари фаолият юритмоқда. Ота-оналар фарзандларини «Насаф», «Машъал» ёки «Шўр­тан» футбол мактабларига олиб боришяпти. Бундан ташқари, Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги вилоят футбол мактаб-интернатида ҳам маҳоратли футболчи­лар тайёрлаш учун барча шароитлар яратилган.

ОФК президенти вазифасини бажарувчи, хитойлик мутахассис Жанг Жилонг Қаршида бўлганида «Насаф» футбол клуби қошидаги болалар футбол мактаб-интернатидаги имкониятларга юксак баҳо берганди.

— Узоғи билан яна тўрт-беш йилдан кейин Ўзбекистон футболчилари жаҳоннинг етакчи жамоаларида тўп сурса ажабланмайман, — деган эди ўшанда Жанг Жилонг жаноблари. — Юртингизда болалар футболини ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётганини кўп бора эшитгандим. Буни Қаршида кўриб, тасаввурим янада бойиди. Кўпчилик Европанинг номдор «Барселона», «Реал», «Аякс», «Ювентус» футбол мактабларини мақтаб гапиришга одатланиб қолган. Улар қаторига бемалол «Насаф» футбол мактаб-интернатини ҳам қўшсангиз арзийди.

Бу эътирофда ҳеч бир муболаға йўқ. Мактаб-интернатда ўз ишининг устаси бўлган фидойи мутахассислар, «Насаф» жамоасининг собиқ футболчилари Нурали Султонов, Динмуҳаммад Қурбонназаров, Шуҳрат Бўриев, Дмитрий Коньяров, Дадажон Тоғаев каби мураббийлар ишламоқда. Уларга украиналик тажрибали мутахассис Сергей Кучеренко раҳбарлик қилмоқда.

— Мактабимиз 2009 йилда ташкил этилган бўлиб, турли ёш бўйича мавжуд 14 та гуруҳда уч юз нафардан зиёд бола шуғулланмоқда, — дейди футбол мактаб-интернати директори Сергей Кучеренко. — Шунингдек, вилоятимизнинг Нишон, Бешкент, Косон, Сурхондарёнинг Жарқўрғон туманларидаги филиалларимизда олти юз нафардан зиёд бола ўз маҳоратини оширмоқда. Таълим даргоҳимизда болалар, шунингдек, умумий ўрта таълим олиши, рус ва инглиз тилларини пухта ўрганишлари учун барча шароит муҳайё этилган. Мактабимиз битирувчиларининг «Насаф» ёшлар жамоасига жалб этилаётгани, айрим шогирдларимизнинг эса асосий таркибга номзодлар қаторига қўшилаётгани ўз олдимизга қўйган мақсадларимизга босқичма-босқич эришаётганлигимизни кўрсатиб турибди.

Дарҳақиқат, мактаб тарбияланувчиларидан Убайдулла Аълохонов, Ғолиб Ғайбуллаев, Одилжон Ҳамробеков, Даврон Ҳусанов, Сирожиддин Қўзиев, Шаҳзод Очилов, Дилшод Хушбоқовларнинг турли ёшдаги мамлакат терма жамоаси мураббийлари назарига тушгани бунинг тасдиғидир.

Эркин ХОЛБОБО,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.