23.07.2013

Ўзбекистон Республикасини 2013 йилнинг биринчи ярмида ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан жорий йил 18 январда бўлиб ўтган мамлакатимиз ҳукумати мажлисида белгилаб берилган 2013 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларини амалга ошириш шу йилнинг биринчи ярмида асосий макроиқтисодий кўрсаткичларнинг ижобий ўсиш суръатларини сақлаш, иқтисодиётнинг барча соҳа ва тармоқларини янада мувозанатли ривожлантириш учун мустаҳкам асос яратиш имконини берди.

I. Барқарор юқори ўсиш суръатлари, макроиқтисодий барқарорликни сақлаш ва мамлакатимиз иқтисодиётининг рақобатбардошлигини ошириш

Мамлакатимиз иқтисодиётининг рақобатбардошлигини оширишга доир комплекс дастурларни амалга ошириш натижасида жорий йилнинг биринчи ярмида ялпи ички маҳсулот 8 фоизга ошди. Иқтисодиётнинг мустаҳкам ўсиш суръатлари инфляция даражаси пастлигини, давлат бюджети профицити ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,1 фоизни ва мамлакат ташқи савдо айланмасининг ижобий сальдосини (442,4 миллион доллар) ифода этадиган макроиқтисодий барқарорлик билан таъминланди.

Саноат тармоқлари рақобатбардошлигини ошириш ва уларни янада диверсификация қилишга доир дастурий чора-тадбирларнинг ижроси саноат маҳсулотларининг ишлаб чиқариш ҳажмини 8,2 фоизга ошириш имконини берди.

Фермер хўжаликларининг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришига илғор технологияларни жорий этиш кўламини кенгайтириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида қишлоқ хўжалигининг ялпи маҳсулоти 7,3 фоизга ўсди.

Иқтисодиёт тармоқларини модернизация қилиш, техник ва технологик янгилашга қаратилган фаол инвестиция сиёсатининг амалга оширилиши, стратегик инвестиция лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этишни жадаллаштириш ва янги ишлаб чиқариш объектларини ташкил этиш ўзлаштирилган инвестициялар ҳажмини 10,5 фоиз ва қурилиш ишларини 16,1 фоизга оширишни таъминлади.

Ички талабни мувозанатли рағбатлантириш ва мамлакатимизда товарлар ишлаб чиқарувчи ҳамда хизматлар кўрсатувчи маҳаллий корхоналарни ривожлантиришни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар истеъмол товарлари ишлаб чиқаришни 14,4 фоиз, чакана савдо айланмасини 14,6 фоиз, хизматлар кўрсатишни 12,1 фоизга оширишни таъминлади.

Товарлар ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш ҳажмининг ўсиши, янги ишлаб чиқариш қувватларининг ташкил этилиши ва аҳоли бандлигини кенгайтириш аҳоли реал даромадининг 16,3 фоизга барқарор ошишида муҳим омил бўлди.

2013 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий кўрсаткичлари

(2012 йилнинг шу даврига нисбатан фоиз ҳисобида)

Кўрсаткичлар

Ўсиш суръатлари

Ялпи ички маҳсулот

108,0

Саноат маҳсулотлари ҳажми

108,2

Истеъмол товарларини ишлаб чиқариш

114,4

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари

107,3

Қурилиш ишлари

116,1

Чакана савдо айланмаси

114,6

Пуллик хизматлар

111,0

Жами хизматлар

112,1

 

II. Иқтисодиёт ва унинг етакчи тармоқларини модернизация қилиш, техник ва технологик янгилашни жадаллаштириш ҳамда унинг кўламини кенгайтириш, ишлаб чиқаришларни диверсификация қилиш

Иқтисодиёт ва унинг етакчи тармоқларини модернизация қилиш, техник ва технологик янгилашни жадаллаштириш ҳамда унинг кўламини кенгайтириш, ишлаб чиқаришларни диверсификация қилишга доир иқтисодий дастурнинг устувор йўналишларини амалга ошириш доирасида жорий йилнинг биринчи ярмида саноат тармоқларининг рақобатбардошлигини янада ошириш ва уларни диверсификация қилиш бўйича изчил чора-тадбирлар кўрилди.

Жорий йилнинг биринчи ярмида ушбу тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида машинасозлик ва металлни қайта ишлаш (123 фоиз), енгил саноат (115,1 фоиз), қурилиш материаллари саноати (111,9 фоиз), кимё ва нефть-кимё саноати (105,3 фоиз), озиқ-овқат саноати (107,1 фоиз) каби тармоқларда жадал ривожланиш таъминланди. Саноат ишлаб чиқариш умумий таркибида ушбу тармоқлар улуши 2012 йилнинг биринчи ярмидаги 53 фоиз ўрнига 56,1 фоизга ошди.

1233 янги ишлаб чиқариш қувватларининг, жумладан, енгил ва тўқимачилик саноатида (369 объект), озиқ-овқат саноатида (361), қурилиш материаллари саноатида (267), ёғочни қайта ишлаш (79), машинасозлик (12), кимё саноати (13) ва бошқа тармоқларда (132) ташкил этилиши саноат маҳсулотларининг юқори ўсиш суръатларига эришиш имконини берди.

Енгил ва юк автомобиллари, автомобиль двигателлари, тракторлар, трактор тиркамалари, сигналли-блокировка кабеллари, ўрнатиш симлари, компрессорлар, пахта газлама, трикотаж буюмлар ва юқори қўшимча қийматга эга бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми 2012 йилнинг шу даврига нисбатан анча ошди.

Саноат тармоқларининг рақобатбардошлигини янада ошириш мақсадида жорий йилнинг биринчи ярмида йирик корхоналарда қиймати 104,1 миллион долларлик 1721 яроқсиз, маънавий ва жисмоний эскирган ускуналар алмаштирилди. Йирик саноат корхоналарида энергия ва ресурс тежайдиган замонавий технологияларни жорий этиш, технологик жараёнлар, хомашё ва материалларни сарфлаш нормаларини оқилона ташкил этиш, йўқотишлар ҳамда ноишлаб чиқариш харажатларини бартараф этиш ҳисобидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулот таннархини ўртача 10,4 фоизга камайтиришга эришилди.

Ҳисобот даврида Республика инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ярмаркасида тузилган шартномалар доирасида инновация технологияларини оммавий ишлаб чиқаришга жорий этиш қиймати 43 миллиард сўмликдан ортиқ инновация маҳсулотини ишлаб чиқариш имконини берди.

Мамлакатимизда истеъмол товарларини ишлаб чиқаришникенгайтириш мақсадида технологик ускуналар харид қилиш ва айланма капитални тўлдириш учун ишлаб чиқарувчи корхоналарга банкларнинг 1430 миллиард сўмлик ёки 2012 йилнинг шу даврига нисбатан 1,3 баробар кўп кредитлари ажратилди. Натижада, истеъмол товарларини ишлаб чиқариш ҳажми 14,4 фоиз, шу жумладан озиқ-овқат маҳсулотлари 7,9 ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари 19,8 фоизга ошди. Телевизорлар, энергия тежайдиган лампалар, пайпоқ буюмлар, сариёғ ва ўсимлик мойи, сут маҳсулотлари, мева-сабзавот консервалари, ёрма ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми сезиларли даражада ўсди. Енгил саноат корхоналари томонидан тайёр тикувчилик-трикотаж буюмларининг 32 янги тури ва 58 янги модели ишлаб чиқарилди.

Маҳаллийлаштириш дастурини амалга ошириш доирасида жорий йилнинг биринчи ярмида 1056 лойиҳа бўйича қиймати 5,3 триллион сўмлик ёки 2012 йилнинг шу даврига нисбатан 36,1 фоиз кўп маҳаллийлаштирилган маҳсулот ишлаб чиқарилди. Натижада, импорт ўрнини босиш бўйича ҳисоблаб чиқилган самара 19,4 фоизга кўпайди ва 2,5 миллиард доллардан ошди.

61 турдаги янги маҳаллийлаштирилган маҳсулотни, жумладан, зангламайдиган консол насослар, синтетик калава, янги турдаги ҳаво, мойлаш ва ёқилғи фильтрлари, болалар ўйинчоқлари, тиш пастаси, косметика ёғлари, ювиш воситалари, аккумулятор моноблоклари, ер устида ҳаракатланадиган транспорт учун хавфсизлик ойналари, микротўлқинли печлар ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилди.

Маҳаллийлаштирилаётган маҳсулотлар экспорти ҳажми 404,2 миллион долларни ташкил қилди. Экспорт таркибидан мамлакатимиз корхоналари томонидан ҳисобот даврида Маҳаллийлаштириш дастури доирасида ўзлаштирилган 25 турдаги янги маҳсулот ҳам жой олди.

Умуман, иқтисодиётимиз тармоқларининг экспорт салоҳиятини кенгайтиришни рағбатлантириш ва экспортчиларни қўллаб-қувватлашга доир чора-тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида товар ва хизматлар экспорти ҳажми 2012 йилнинг шу даврига нисбатан 11,4 фоизга ўсди. Аммоний сульфати, суюлтирилган газ, иккиламчи алюминий, юк автомобиллари, буғдой, трикотаж полотно, мева-сабзавот маҳсулотлари ва бошқа товарларни экспортга етказиб бериш ҳажми анча ошди. Қиймати 300 миллион доллардан ортиқ 130 турдаги янги маҳсулотлар, шу жумладан енгил автомобиллар учун ташқи ён ойналар ва тутун чиқариш тизимлари тўплами, иссиқ ёйилган пўлатдан электр пайвандланадиган пўлат қувурлар, сопол кошинлар, иккиламчи ПЭТдан тайёрланган тола, таралар, болалар велосипедлари, гилам маҳсулотлари, косметика воситалари ва бошқалар экспорт қилинди.

2013 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон Республикаси Товар-хомашё биржасининг биржа ва кўргазма-ярмарка савдоларида умумий айланма ҳажми ўтган йилнинг шу даврига қараганда 25,3 фоизга ўсди. Биржа савдоларида шифер, мис маҳсулотлари, рангли металл парчалари, суюлтирилган газ, кўмир, иккиламчи алюминий, ўсимлик ёғи ва пахта линтини сотиш ҳажми анча кўпайди. Биржа савдоларида кичик бизнес субъектлари томонидан қиймати 371,2 миллиард сўмлик маҳсулот сотилди ёки бу умумий биржа айланмаси ҳажмининг 11 фоизини ташкил қилди.

Иқтисодий жиҳатдан ночор корхоналарни қайта ташкил этиш ва молиявий соғломлаштириш, уларни янги мулкдорларга топшириш бўйича тадбирларни амалга ошириш доирасида жорий йил бошидан буён тегишли дастурларга киритилган корхоналарни қайта тиклаш учун 1408,2 миллиард сўмлик инвестиция, жумладан, тижорат банклари кредитлари ҳисобидан 756,2 миллиард сўм йўналтирилди. Натижада, ушбу корхоналарда 23 мингга яқин янги иш ўрни ташкил қилинди, қиймати 1881,7 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди, 48,2 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди.

Хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш дастурини амалга ошириш доирасида хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида инфратузилмани ташкил этиш ҳамда ривожлантириш учун «Микрокредитбанк»нинг 13 миллиард сўмдан ортиқ кредит маблағлари йўналтирилди. Ахборот-коммуникация технологиялари базасида янги турдаги хизматларнинг жорий этилиши натижасида алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари 21,5 фоизга ошди. Молиявий воситачилик институтлари ва истеъмол кредитлари ҳажмини кўпайтиришга доир кўрилган чоралар молия хизматлари ҳажмини 28,5 фоизга ошириш имконини берди. 2,2 мингдан зиёд янги чакана савдо ва умумий овқатланиш корхоналарининг ишга туширилиши тегишли хизматларни 15,2 фоизга кўпайтиришга ёрдам берди. 3 мингдан ортиқ маиший хизмат кўрсатиш объектларининг ташкил этилиши натижасида маиший хизматлар 17,7 фоизга кўпайди.

Умуман айтганда, 2012 йилнинг биринчи ярмига нисбатан хизматлар ҳажми 12,1 фоизга ошди. Бунинг натижасида ялпи ички маҳсулот тузилмасида хизматлар соҳаси улуши 2012 йилнинг биринчи ярмидаги 52,2 фоиздан 52,4 фоизга ўсди.

Ҳисобот даврида банк тизими ресурс базасини кенгайтириш ва банкларнинг инвестиция фаоллигини кучайтириш бўйича чора-тадбирларнинг амалга оширилиши самарасида тижорат банкларининг жами капитали 23,6 фоиз, уларнинг жами активлари 30,7 фоиз, мижозларнинг банкдаги жалб этилган депозитлари 30,5 фоиз ошди. Натижада, мамлакатимиз банк тизими капиталининг етарлилик даражаси 24,3 фоизга етди ва бу Банк назорати бўйича Базель қўмитасининг амалдаги минимал талабларидан 3 баравар кўпдир.

Банклар ресурс базасининг кўпайиши тижорат банклари томонидан кредит ажратиш ҳажмини 1,3 мартага, шу жумладан муддати бир йилдан ортиқ узоқ муддатли кредит қўйилмалари ҳажмини 31,2 фоизга кўпайтириш имконини берди. Ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлашга 3,4 триллион сўмдан ортиқ кредит маблағлари ажратилди. Бу эса 2012 йилнинг шу даврига нисбатан 1,3 баробар кўпдир.

IIIФаол инвестиция сиёсатини амалга ошириш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини жадал янгилаш

Иқтисодиётда жорий йилнинг биринчи ярмида ўзлаштирилган инвестициялар умумий ҳажми 12,1 триллион сўмни ташкил этди ва 2012 йилнинг шу даврига нисбатан қиёсий нархларда 10,5 фоизга кўпайди. Капитал қўйилмалар умумий ҳажмидан ишлаб чиқариш мақсадлари учун 62,6 фоиз йўналтирилди.

Инвестициялар ҳажмининг юқори ўсиш суръатлари бюджетдан ташқари жамғармалар ҳисобидан 43,9 фоиз, аҳоли маблағлари эвазига 26,1 фоиз, тижорат банклари кредитлари ҳисобидан 10,1 фоизга таъминланди. Бунда ўзлаштирилган инвестициялар умумий ҳажмининг 25 фоиздан зиёдини аҳоли маблағлари ташкил этди. Бу аҳолининг инвестиция фаоллиги ортиб бораётганидан далолат беради.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 10 апрелда қабул қилинган фармони билан тасдиқланган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилишини рағбатлантириш, хорижий инвесторлар ҳамда хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар учун кафолатлар ва имтиёзлар тизимини янада мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирларнинг амалга оширилиши ўзлаштирилган хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳажмини 13,2 фоизга ошириш имконини берди ҳамда уларнинг ҳажми 1148 миллион долларни ташкил қилди. Бунда хорижий инвестициялар ва кредитлар умумий ҳажмининг 854,9 миллион доллари ёки 74,5 фоизини тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ташкил этди.

2013 йилнинг Инвестиция дастури доирасида жорий йилнинг ўтган даврида умумий қиймати 6,8 миллиард долларлик 141 янги инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бошланди. 28 йирик инвестиция лойиҳасини, хусусан, «Тошкент ИЭМ» ОАЖда конгенарацион газ турбинали технологияларни жорий этиш», «Сомонтепа ва Жанубий Ўртабулоқ конларини жиҳозлаш, ДКС ва Жанубий Ўртабулоқ газ қувурини – МГИЗ қуриш», «Муборак ГИЗда ишдан чиқаётган қувватларни, яъни 16- ва 17-олтингугурт тозалаш блокларини компенсация қилиш», «Ангрен» махсус индустриал зонаси ҳудудида «Оҳангарон» кичик станциясини реконструкция қилиш», «Фотон» ОАЖда электрон тарозилар ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва дастурий таъминот функциясига эга назорат-касса машиналарининг замонавий моделларини ўзлаштириш», «Бекободцемент» ОАЖда фаолият кўрсатаётган ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва қуруқ услубда цемент ишлаб чиқарадиган янги линияни қуриш», «Stroy Max Invest» қўшма корхонаси МЧЖда газ-бетон ишлаб чиқаришни ташкил этиш», «Тошкент вилоятида тўқимачилик комплексини ташкил қилиш (1-босқич)» ва бошқа лойиҳаларни амалга ошириш якунланди.

Шунингдек, «Навоий» эркин индустриал-иқтисодий зонаси ҳудудида автомобиль газ баллонлари, арматура ва полимер маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича иккита янги лойиҳа жорий этилди. Умумий қиймати 58 миллион доллардан зиёд олтита инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Ҳисобот даврида «Ангрен» махсус индустриал зонаси ҳудудида қиймати 200 миллион доллардан ортиқ ўнта инвестиция лойиҳасини ҳаётга татбиқ этиш, жумладан, «Ўз-Приста Ресайклинг» қўшма корхонасининг бўш қувватларида ишлатиб бўлинган мойлардан базавий мойлар, техник кремний, турли диаметрли мис қувурлар, санитария керамикаси, энергия тежайдиган ёруғлик диодли лампалар, автомобиллар учун тормоз тизимлари, брикет кўмир ишлаб чиқаришни ташкил қилиш, янги шакар заводини барпо этиш ва кўнчилик комплексини ташкил этиш ишлари давом эттирилмоқда. Шу билан бирга, қўшимча 21 лойиҳани амалга ошириш масалалари кўриб чиқилмоқда ва улар юзасидан зарур ҳужжатлар тайёрланмоқда.

Янги ташкил этилган «Жиззах» махсус индустриал зонасини ривожлантиришга доир чора-тадбирларни амалга ошириш доирасида жорий йилнинг икки чораги давомида транспорт, ишлаб чиқариш ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини жадал ривожлантириш ишлари бошланди. «Жиззах» махсус индустриал зонаси Маъмурияти кенгашининг протоколи билан зона ҳудудида кейинчалик амалга ошириш учун 93 истиқболли лойиҳа тасдиқланди.

IV. Йўл-транспорт ва коммуникация инфратузилмасини жадал ривожлантириш

Жорий йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон Миллий автомагистрали таркибига кирадиган автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш объектларида 350 миллиард сўм ўзлаштирилди. Шунинг 292,5 миллиард сўми Республика йўл жамғармаси, 57,4 миллиард сўми Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг кафолати билан четдан олинган кредитлардир.

Ўтган даврда узунлиги 219,7 километрлик автомобиль йўллари участкалари, жумладан, Қўқон шаҳрини айланиб ўтадиган 15 километрлик А-373 «Тошкент-Ўш» участкаси, «Тошкент айланма йўли» янги йўналиш участкасининг 8 километри, А-380 «Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнов» автойўли участкасининг 100 километрида қурилиш ва реконструкция ишлари ниҳоясига етказилди. Шунинг 50 километри асфальт-бетон ва 50 километри цемент-бетон қопламали 4 полосали йўлдир. Бундан ташқари, Ўзбекистон Миллий автомагистрали бўйидаги 25 инфратузилма ва сервис объектида қурилиш-монтаж ишлари бошланди.

“2011-2015 йилларда инфратузилмани, транспорт ва коммуникация қурилишини ривожлантиришни жадаллаштириш тўғрисида”ги дастурни амалга ошириш доирасида жорий йилнинг биринчи ярмида «Ўзбекистон темир йўллари» давлат акциядорлик компанияси лойиҳалари бўйича қиймати 161,8 миллион долларга тенг капитал қўйилмалар ўзлаштирилди. 109,5 километр темир йўл қайта тикланди, 227 юк ва 15 йўловчи вагонлари тайёрланди. Мароқанд-Қарши ва Қарши-Термиз темир йўл участкаларини электрлаштириш лойиҳаларини амалга ошириш учун 19,1 миллион доллар ўзлаштирилди. «Ангрен-Поп» янги электрлаштирилган темир йўл линиясини қуриш ишлари бошланди.

V. Қишлоқ хўжалигини техник ва технологик янгилаш

Қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқаришни янада модернизация қилишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш доирасида ҳисобот даврида Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан узунлиги 499,1 километрлик коллекторлар, 25,4 километр ёпиқ горизонтал дренаж тармоғи, 21 мелиорация қудуғи ва насос станциясини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари якунланди. 7012,1 километрлик хўжаликлараро ва хўжалик ичидаги коллектор-дренаж тармоғи, 125,8 километрлик ёпиқ горизонтал дренаж тармоғи ва 2231 мелиорация қудуғида таъмирлаш-қайта тиклаш ишлари амалга оширилди.

Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва замонавий агротехника услубларини жорий этиш бўйича кўрилган чора-тадбирлар натижасида жорий йилда илк бор 7,6 миллион тоннадан ортиқ ғалла ҳосили етиштирилди. Бунда ўртача ҳосилдорлик гектаридан 49,2 центнерни, жумладан, суғориладиган ерларда 55 центнерни ташкил қилди.

Асосий ва оралиқ экин майдонларида қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш ҳажмини кўпайтириш мақсадида 251,8 минг гектар ерга сабзавот, 82,4 минг гектар ерга картошка ва 59 минг гектар майдонга полиз экинлари экилди. 4,9 минг гектар майдонда янги боғлар, 3,3 минг гектар ерда интенсив боғлар ва 4,8 минг гектар ерда узумзорлар барпо этилди. 5,7 минг гектардаги боғлар ва 3,8 минг гектарлик узумзорлар реконструкция қилинди. Аҳолининг шахсий ёрдамчи хўжаликларида умумий майдони 384 гектарлик 22,7 минг иссиқхона ташкил этилди.

Жорий йилнинг биринчи ярмида тижорат банкларининг кредитлари ҳисобидан чорвачиликни ривожлантириш учун 110,2 миллиард сўм, паррандачилик хўжаликларини ташкил этиш учун 45,4 миллиард сўм, балиқчилик ва асаларичилик хўжаликларини ташкил қилиш учун 15,3 миллиард сўм ажратилди. Республикамизда жорий йил бошидан буён 38 минг бош қорамол боқиладиган 1138 чорвачилик хўжалиги, 4,5 миллион товуқ парвариш қилинадиган 592 паррандачилик хўжалиги, 3,4 минг гектар сунъий ҳовузда 601 балиқчилик хўжалиги, 1428 асаларичилик хўжалиги ташкил қилинди.

Жорий йилнинг биринчи ярмида амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида қорамоллар сони 10,3 миллион бошга етди (2012 йилнинг шу даврига нисбатан 105,1 фоиз), 831,7 минг тонна гўшт (107 фоиз), 3,4 миллион тонна сут (107,1 фоиз), 2,3 милион дона тухум (116,9 фоиз), 2,2 миллион тонна сабзавот (114,2 фоиз), 1,1 миллион тонна картошка (111,9 фоиз), 135,7 минг тонна полиз экинлари (112,3 фоиз), 710,7 минг тонна мева (110,6 фоиз), 19,9 минг тонна узум (112,7 фоиз) тайёрланди. 192,3 минг тонна ёки 2012 йилнинг шу даврига нисбатан 8,3 фоиз кўп мева-сабзавот, жумладан, 114,2 минг тонна сабзавот ва 78,1 минг тонна мева қайта ишланди.

VI. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш, максимал даражадаги қулай тадбиркорлик муҳитини яратиш

Кичик бизнесни ривожлантириш учун имкон қадар қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш ва тадбиркорликка кенг эркинлик беришга доир чора-тадбирларни амалга ошириш доирасида жорий йилнинг биринчи ярмида тадбиркорлик субъектларига ер участкаларини ажратиш, уларни электр таъминоти тармоқларига улаш механизмларини янада такомиллаштириш, тадбиркорларни ҳуқуқий ҳимоя қилишни кучайтиришга қаратилган қатор қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Кичик ишлаб чиқаришларни ташкил этишга кўмаклашиш мақсадида ўтган даврда кичик бизнес субъектларига умумий қиймати 23,9 миллиард сўмлик 46 давлат активлари сотилди, 19,1 минг фойдаланилмаётган давлат мулки объектлари ижарага берилди. Тижорат банклари томонидан 2012 йилнинг шу даврига нисбатан 1,3 баробар кўп, яъни 3,7 триллион сўм ҳажмида кредитлар, жумладан, 775,2 миллиард сўмлик микрокредитлар (ўсиш 1,4 баробар), шунингдек, халқаро молия институтларининг кредит линиялари доирасида 59,8 миллион доллар ажратилди.

Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар самарасида жорий йил бошидан буён 15,8 минг янги кичик бизнес субъекти ташкил этилди. Энг кўп кичик бизнес субъектлари саноат соҳасида (умумий сонининг 28,2 фоизи), савдо ва умумий овқатланиш (26,8 фоиз), қишлоқ ва ўрмон хўжалиги (15,1 фоиз), қурилиш соҳасида (9,6 фоиз) ташкил қилинди. Фаолият кўрсатаётган кичик бизнес корхоналарининг умумий сони 2012 йилнинг шу даврига нисбатан 4,6 фоиз кўпайди.

Жорий йилнинг биринчи ярмида кичик бизнес субъектларида амалга оширилган давлат харидлари ҳажми 162 миллион сўмни ёки электрон савдолар орқали амалга ошириладиган давлат харидлари умумий ҳажмининг 91,6 фоизини ташкил этди.

Жорий йилнинг биринчи ярмида «Ўзстандарт» агентлиги ҳузурида махсус ташкил қилинган Маҳсулотлар экспортига кўмаклашиш бюроси томонидан 288 корхонага маҳсулот экспорти бўйича маслаҳат хизматлари кўрсатилди, стандартлаштириш, метрология, сертификатлаш, аккредитация, маҳсулот экспорти ва халқаро ҳамда мамлакатлар талабларини жорий этиш бўйича 28 давлат билан ҳамкорлик йўлга қўйилди.

Натижада, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари товарларининг экспорт ҳажми 2012 йилнинг шу даврига нисбатан 1,7 марта ошди ва 1,3 миллиард долларни, жумладан, «Ўзтадбиркорэкспорт» ихтисослаштирилган ташқи савдо компанияси орқали 329,6 миллион долларни (ўсиш 1,3 баробар) ташкил қилди.

Умуман олганда, кичик бизнесни ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш борасидаги чора-тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида ушбу соҳанинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 2012 йилнинг биринчи ярмидаги 42,6 фоиз ўрнига 43,2 фоизга, саноатда – 21,8 фоиздан 22,9 фоизга, экспортда – 12,4 фоиздан 19,2 фоизга, бандлик соҳасида – 75,1 фоиздан 75,5 фоизгача ошди.

VII. Аҳоли турмуш даражаси ва сифатини муттасил оширишни таъминлаш

«Обод турмуш йили» Давлат дастури доирасида ўтган давр мобайнида аҳоли турмуш даражаси ва сифатини юксалтириш, уни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш ва бандлигини оширишга доир кенг кўламли чора-тадбирлар бажарилди. Бунинг учун барча манбалар ҳисобидан 3,4 триллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди.

Иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурини амалга оширишга оид кўрилган чора-тадбирлар жорий йилнинг биринчи ярмида 554,4 мингта иш ўрнини, жумладан, қишлоқ жойларда 334,4 мингта янги иш ўрнини (умумий миқдорнинг 60,3 фоизи) ташкил қилиш имконини берди.

Янги корхоналарни ишга тушириш, фаолият кўрсатаётган ишлаб чиқаришларни кенгайтириш ва реконструкция қилиш ҳисобидан 41,6 мингта, кичик корхона ва микрофирмаларни ташкил этиш эвазига 209,5 мингта, хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобидан 61 мингта, касаначилик ҳисобидан 123,4 мингта, фермер ва деҳқон хўжаликларида 70,5 мингта, ишлаб чиқариш, ижтимоий ва бозор инфратузилмаси объектларида 39,4 мингта, иқтисодий жиҳатдан ночор ва ишламаётган корхоналар фаолиятини қайта тиклаш ҳисобидан 8,9 мингта иш ўрни яратилди. Кичик корхоналар ва микрофирмаларни ривожлантириш, касаначилик, фермер хўжаликларини ташкил этиш ва ишламаётган корхоналар фаолиятини қайта тиклаш ҳисобидан иш билан банд бўлмаган аҳоли даражаси юқори ва ортиқча ишчи кучи мавжуд 28 туманда 66,9 мингта иш ўрни ташкил этилди.

Меҳнат бозорида фаол чора-тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида аҳоли бандлиги 2,5 фоизга ошди, иқтисодиёт бўйича иш ҳақи ҳажми 18,5, ўртача пенсия миқдори 28,6 фоизга кўпайди. Умуман, аҳолининг реал даромади 16,3 фоизга ошди.

Шу йилнинг ўтган даврида Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида якка тартибдаги уй-жойларни қуриш дастурига мувофиқ, якка тартибдаги янги уй-жойларни қуриш учун ер массивларини ажратиш ва тайёрлаш ишлари бажарилди, якка тартибдаги қурувчилар танлаб олинди. Йил бошидан буён умумий майдони 15,4 минг квадрат метр бўлган 108 якка тартибдаги уй қурилди.

Ҳисобот даврида мамлакатимизда 5059,7 минг квадрат метр уй-жой (2012 йилнинг шу даврига нисбатан 104,2 фоиз), шу жумладан қишлоқ жойларда 3752,9 минг квадрат метр (103,1 фоиз) уй-жой фойдаланишга топширилди.

Аҳолининг сифатли ичимлик сувидан фойдаланишини яхшилашга доир чора-тадбирларни амалга ошириш доирасида жорий йил бошидан буён 1503,6 километр сув қувурлари тармоғи (2012 йилнинг шу даврига нисбатан 153,3 фоиз), қишлоқ жойларда 1357,5 километрлик сув тармоғи (156,9 фоиз) ишга туширилди.

Бюджетдан ташқари жамғармалар маблағлари ҳисобидан жорий йилнинг биринчи ярмида 48 умумтаълим мактаби, 5 касб-ҳунар коллежи ва 100 ўринли ётоқхона, академик лицейлар қошида 400 ўринли ётоқхоналар, 150 ўринга мўлжалланган ва бир кунда 600 кишини қабул қиладиган тиббиёт муассасалари, 11 болалар спорти объекти фойдаланишга топширилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида ишлаб чиқилган мамлакатимизни ислоҳ этиш ва ривожлантириш бўйича самарали стратегиянинг изчил ва аниқ мақсадли амалга оширилаётгани натижасида, жаҳон иқтисодиётида жиддий муаммолар мавжудлигига қарамай, 2013 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш ва макроиқтисодий барқарорликнинг юқори ўсиш суръатлари сақлаб қолинди.

Етакчи тармоқларни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш жараёнларини жадаллаштириш, мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларга ички ва ташқи талабни рағбатлантириш, йўл-транспорт ва коммуникация инфратузилмасини жадал ривожлантириш, шунингдек, аҳоли бандлиги, турмуш даражаси ва сифатини муттасил оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларни чуқурлаштириш ва кенгайтириш иқтисодиётимизнинг барқарор юқори ўсиш суръатларини сақлаш ҳамда унинг рақобатбардошлигини ошириш борасидаги асосий вазифалар бўлиб қолаверади.

Ўзбекистон Республикаси       Иқтисодиёт вазирлиги

Ўзбекистон Республикаси
Давлат статистика қўмитаси



DB query error.
Please try later.