23.07.2013

АҲОЛИНИНГ БАНДЛИК ДАРАЖАСИНИ ОШИРИШ ОРҚАЛИ

ижтимоий ислоҳотлар самарадорлигига эришиш мумкин

Ҳар бир одам бу ҳаётдан, умридан рози бўлиб яшаши керак. Тинч ва осойишта мамлакатда хотиржам меҳнат қилиб, бир олам орзуларини амалга ошириш учун ҳаракат қилаётган, катта катта умидлар билан фарзанд тарбиялаётган, уларнинг келажаги учун мустаҳкам замин яратаётган кишиларгина ҳаётидан рози бўлиб яшайди. Юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг аниқ мақсади ҳам аслида шу.

Фарғона вилоятида ҳам бу борада жуда катта ишлар амалга оширилаяпти. Ижтимоий-иқтисодий дастурлар ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда, хизмат кўрсатиш ва сервис, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, чорвачиликни ривожлантириш, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш ҳамда бошқа йўналишларда янги-янги корхоналар фаолияти йўлга қўйилиб, юқори ҳақ тўланадиган иш ўринлари ташкил этилмоқда.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамда Фарғона вилоят кенгаши ҳамкорлигида «ЎзХДП ташаббуслари: маҳаллий ресурс ва инфратузилмани ҳисобга олган ҳолда Фарғона вилоятини инвестицион ривожлантириш дастурларига муқобил лойиҳалар» мавзусида ўтказилган давра суҳбати мазкур жараёнда партиянинг амалий иштирокини янада кучайтиришга бағишланди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, халқ депутатлари Фарғона вилоят, туман, шаҳар Кенгашларидаги партия депутатлик гуруҳлари аъзолари, маҳаллий партия ташкилотлари раҳбарлари, вилоят Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармаси, давлат со­лиқ бошқармаси, тижорат банк­лари, йирик бошланғич партия ташкилотлар етакчилари ҳам­да фаоллар қатнашди.

Тадбирда оилавий тадбиркорлик, сервис ва хизмат кўр­сатиш соҳаларини ривожлантиришга амалий жиҳатдан кў­маклашиш, янги иш ўринларини ташкил этиш, партия Ҳаракат дастури ижроси, касб-ҳу­нар коллежлари битирувчиларини эгаллаган мутахассислиги бўйича иш билан таъминлашнинг самарали шаклларини жорий этиш масалалари муҳокама этилди.

Давра суҳбатида Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси Ҳотамжон Кетмонов иштирок этди.

— ЎзХДПнинг дастурий устувор вазифаларидан бири фуқаролар бандлигини таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш бўйича ташаббус­ларни қўллаб-қувватлашдан иборатдир, — деди Ҳотамжон Кетмонов. — Биз ёш мутахассислар, жумладан, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг барқарор, муносиб иш ҳақи тўланадиган иш ўринлари билан таъминланишида фаол иштирок этиб келаяпмиз. Бироқ ижобий тажрибаларни оммалаштириш билан бирга ҳали ҳудудларда маҳаллий ресурс ва инфратузилмани ҳисобга олган ҳолда аниқ инвестиция дастурларини тузишда барча партия ташкилотлари, депутатлик бирлашмалари ўз имконияти даража­сида иш­тирок этаяпти, деб бўлмайди. Шу боис фаолия­тимизни талаб даража­сида ташкил этиш, маҳаллий партия кенгашлари етакчи­лари, депутатлар масъулия­тини янада кучайтириш зарур.

Таъкидландики, ўтган йили ЎзХДП ташкилотлари ҳамда депутатлари вилоятда 1000 дан ортиқ иш ўрнини ташкил этиш бўйича 200 га яқин муқобил лойиҳа амалга ошишига кў­маклашди. Хусусан, Қува туманидаги «Дурдона» фермер хўжалиги негизида 25 миллион сўм кредит эвазига паррандачилик цехи ташкил этилди. Учкўприк туманида терини қайта ишлашга ихтисослашган «Турон классик» корхонасида ишлаб чиқариш кенгайтирилиши натижасида 20 та янги иш ўрни яратилди.

— Вилоятда етти мингдан зиёд фермер хўжалиги бор, — деди Бувайда туман партия кенгаши раиси Ҳабибахон Тошматова. — Уларда ҳисобчи, иш юритувчи, механизатор, ҳамшира каби иш ўринлари бўлиши шарт, — деб ўйлайман. Сир эмаски, 3-4 та фермер хўжалигига битта ҳисобчи хизмат кўрсатаётган ҳолатлар ҳам учрамоқда. Ҳатто 50-60 нафар ишчиси бўлган фермер хўжаликларида ҳамшира штати йўқ. Холбуки, ишчиларнинг аксарияти аёллар. Уларнинг саломатлиги эртанги кунимиз билан чамбарчас боғлиқ. Шунинг учун бу масалага жиддийроқ эътибор қаратиш керак. Бу иқтисод, тиббиёт йўналишида касб-ҳунар коллежларини битирган ёшлар ўз ихтисослиги бўйича ишга жойлашишида ҳам муҳим аҳа­мият касб этади.

— Ҳақиқатан ҳам партиямиз фаоллари билан мониторинг ўтказганимизда педагогика, тиббиёт йўналишларида касб-ҳунар коллежларини битирган икки, уч, ҳатто тўрт мутахассис бир иш ўрнида ишлаётганининг гувоҳи бўлдик, — деди ЎзХДП Марғилон шаҳар кенгаши раиси Муҳаммад­нўмон Эгамбердиев. — Модомики, биз ҳар доим муносиб ҳақ тўланадиган иш ўринлари ҳақида гапирамиз. Демак, биз нафақат янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш, балки, уларга ишга жойлашган пар­тиямиз электорати вакилла­рига юқори иш ҳақи тўланиши бўйича ҳам мониторинг олиб боришимиз зарур.

Семинарда сўз олган Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармаси бўлим мудири Акмал Давлатчаев касаначилик ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш йўли билан янги иш ўринлари яратиш, «Микрокредитбанк» вилоят бўлими бўлим бошлиғи Ширинбек Абдураззоқов касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига имтиёзли микрокредитлар ажратиш, вилоят давлат солиқ бошқарма­си бўлим бошлиғи Гўзалхон Муслимова солиқ имтиёзлари ҳамда уларни кенг тарғиб этиш масалаларида ўз фикрларини билдирди. Бу ишларни самарали амалга оширишда ҳамкорликни янада мус­таҳкамлаш зарурлигини таъкидлашди. Халқ депутатлари Бешариқ туман Кенгашида­ги ЎзХДП депутатлик гуруҳи раҳбари Анвар Ёқубов электоратни, умуман, аҳолини инвестицион лойиҳаларда фаол иштирок этишга жалб қилиб бориш таклифини билдирди.

— Олдимизда турган долзарб вазифалар ижросини таъминлашда ўз ишини биладиган, фидойи етакчининг ўр­ни катта, — деди Ҳотамжон Кетмонов семинарга якун ясар экан. — Партия сафига ёш, интилувчан, эртанги куни­ни дастурий мақсадларимиз билан боғлаган кишиларни жалб этиш, бошланғич партия ташкилотлари фаолиятини жон­лантиришда етакчи масъу­лиятини кучайтириш ҳар доим биз учун долзарб масала бў­либ қолаверади. Чунки, салоҳиятли кадрларга эга бўлмай, ишни тўғри, тизимли ташкил этмай туриб, кўзланган мақсадга ҳеч қачон эришиб бўл­майди.

Семинарда билдирилган фикр-мулоҳазалар асосида тегишли вазифалар белгилаб олинди.

Муҳаммаджон ОБИДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.