23.07.2013

ОЧИҚЛИКНИ ТАЪМИНЛАШДА

ЎзХДП ташкилотлари ва депутатлик гуруҳлари фаол иштирок этиши керак

ЎзХДП Марказий Кенгаши Бухоро вилоят кенгаши билан бирга «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунни лойиҳаси синови бўйича ўтказилаётган ҳуқуқий эксперимент жараёнида ЎзХДП ташкилотлари ва депутатлик гуруҳларининг иштироки» мавзусида икки кунлик семинар ўтказди.

Унда ҳуқуқий эксперимент­нинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини жамоатчилик­ка кенг тушунтириш, қонун лойиҳасида назарда тутилган меъёрлар ижросини таъ­минлаш, бу борада ЎзХДП олдида турган вазифалар хусусида сўз борди.

Семинарда Бухоро вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Акбар Рустамов ҳуқуқий экспериментнинг бориши бўйича ахборот берди.

Таъкидландики, ҳуқуқий эксперимент субъекти сифатида белгиланган давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида веб-сайтлар яратиш, уларни мунтазам зарур ахборотлар билан тўлдириб бориш, фуқаролар учун эркин ахборот олиш хоналарини ташкил этиш, ахборот-кутубхона, архив фондлари орқали ахборот бериш, ахборотдан фойдаланувчиларнинг оғзаки ва ёзма сўровларига аниқ ва тўлиқ жавоб қайтариш масалаларида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Айрим давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида ахборот хизматлари ташкил этиш, веб-сайтлар яратиш вазифалари қонун лойиҳаси талаблари даражасида бажарилмаяпти...

Ахборотдан сўнг иштирокчилар ўртасида қизғин савол-жавоб ва мунозаралар бўлди. Депутатлар йўл қў­йилаётган хато ва камчиликларни таҳлил этишди ҳамда уларни бартараф қилиш, бунда партия фаоллари, депутатлар иштирокини кучайтириш бўйича таклифлар берилди.

Семинарда алоҳида қайд этилдики, мазкур қонун лойи­ҳасининг синови бўйича Бухоро ва Самарқанд вилоятларида ўтказилаётган ҳуқуқий экспе­римент партия дастурий мақсад ва ғояларини амалга ошириш ҳамда электорат манфаатларини ҳимоя қилишда алоҳида аҳа­­миятга эга. Чунки қонун лойиҳаси давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан таъсирчан жамоатчилик назоратини олиб боришда, фуқароларнинг фаоллиги ва талабчанлилигини кучайтиришда муҳим ўрин тутади. Давлат ҳокимияти ва бош­қаруви билан боғлиқ фаолиятнинг фуқароларимиз учун очиқ бўлиши барча дара­жадаги давлат хиз­матчила­рининг ўз фаолия­тига масъ­у­лиятини жиддий равишда оширади. Бу эса давлат ҳокимияти ва бош­қаруви органлари фаолияти тўғрисидаги ахборотларни таҳлил қилиш, муайян со­ҳа, ҳудуднинг ривожланиш ҳо­лати, муаммо ва камчиликнинг сабабларини ўрганишга йўл очади.

— ЎзХДПнинг Сайловолди дас­турида мамлакатда амалга оширилаётган кучли ижтимоий сиёсатнинг ҳуқуқий асосини ташкил этадиган давлат қарорларининг жойларда аниқ ижро этилиши юзасидан давлат бошқаруви маҳаллий органлари ходимлари масъулиятини ошириш, давлат ижтимоий дастурлари бажарилиши устидан парламент ва жамоатчилик назорати тизимини такомиллаштириш вазифаси белгиланган, — деди ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Шарбат Абдуллаева. — Шу нуқтаи назардан қараганда, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, тўсиқларсиз ахборот олиш имконияти ЎзХДП дастурий мақсадларини амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади, электорат манфаатларини янада кенгроқ ҳимоя қилишда самарали восита бўлиб хизмат қилади.

Қонун лойиҳасининг қоидаларини, шу жумладан, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларидан ахборот олиш процедураларини соддалаштириш, ахборотдан фойдаланишда ОАВ, фуқаролик жамияти институтлари, аҳолининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгиловчи нормаларни такомиллаштириш унинг янада ҳаётийлигини таъминлаши таъкидланди. Бу борада аниқ таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ҳафиза Каримова, вилоят Адлия бошқармаси бошлиғи Акром Ха­лилов, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Бухоро минтақавий бўлими раҳбари Шуҳрат Бафаев ва бош­қалар сўзга чиқиб, иштирокчиларга ҳуқуқий экс­перментдан кўзланган мақсад ҳа­қида атрофлича маълумот беришди.

Семинар доирасида ЎзХДП Марказий Кенгаши ва Бухоро вилоят кенгаши фаоллари иштирокида партиянинг Шофиркон, Вобкент ва Ғиждувон туман кенгашлари фаолияти, мафкуравий ишлари, Жамоатчилик қабулхоналари самарадорлиги билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди. Туман партия кенгаши ходимлари, партия фаоллари, депутатлар ҳамда туман аҳолисининг вилоятда ўтказилаётган ҳуқуқий экс­периментдан хабардорлик ҳо­лати ўрганилди.

Шунингдек, ЎзХДП Вобкент туман кенгашида «Давлат ҳоки­мияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳаси синови бўйича ўтказилаётган ҳуқуқий экс­периментда партия пози­циясига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Тадбир доирасида 8 та маҳалла аҳолиси, тумандаги қатор касб-ҳунар коллежлари, мактаб ўқитувчилари ўртасида ҳуқуқий эксперимент бўйича сўровнома ташкил этилди. Сўровномада 144 нафар фуқаро иштирок этди. Сўров натижалари ҳуқуқий эксперимент бўйича тарғибот-тушунтириш ишларини изчил кучайтириш зарурлигини кўрсатди.

Семинардан сўнг партия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳларига аниқ тавсиялар берилди.

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.