23.07.2013

ЯНГИ МЕХАНИЗМ

сиёсий партияларни ўз фракцияси ва барча даражадаги ташкилотлари ишини фаоллаштиришга ундаб туради

Сиёсий партияларнинг дастурий мақсадлари амалга ошиши, сайловчилар ва электорат манфаатлари қонунчиликда ўз аксини топишида парламентдаги фракциялар фаолияти тизимли йўлга қўйилиши муҳим ўрин тутади. «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун қабул қилиниши бу жараённи янада жадаллаштириш, фракциялараро рақобат муҳитини кучайтиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Мазкур қонун орқали жорий қилинган механизмлар сиёсий партиялар фракциялари фао­лияти кучайиши, ташаббускорлиги ошиши, электорат ман­фаатлари қатъий ва самарали ҳимоя қилинишини таъминлашга хизмат қилади. Бу жараёнларни бор бўйи билан ёритиш ўз-ўзидан оммавий ахборот воситалари зиммасига ҳам жиддий вазифалар юклайди.

Аҳамиятли томони шундаки, янги тартибга кўра, қонунлар лойиҳалари бўйича фракциялар томонидан киритилган ҳар бир фикр ва таклиф мажбурий тартибда ҳисобга олинади ҳамда ялпи мажлисда, оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади. Бу эса қонун лойиҳалари бўйича ўз нуқтаи назарини ишлаб чиқишда фракциядан катта масъулият талаб этади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Регламентига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар сиёсий партиялар фракцияларининг профессионал иш жараёнини кучайтириш, партиялар ўртасидаги ғоялар тортишуви асосида мукаммал қонунлар яратиш асосларини мустаҳкамлади. Қонун ижодкорлиги жараёнида ҳар бир сиёсий партия фракциясининг дастурий мақсадларини рўёбга чиқариш учун олиб бораётган фаолиятини оммавий ахборот воситалари томонидан ҳар томонлама, изчил ва холис ёритиш, фуқароларга етказиш ҳам электорат учун, ҳам фракция учун аҳамиятлидир. Чунки электорат мамлакатни демократик янгилаш ва модернизациялаш жараёни, ижтимоий-сиёсий барқарорликни таъминлашда ўзи қўллаб-қувватлаётган сиёсий партиянинг иштироки қай даражада эканини билиши зарур. Бу ўз навбатида сиёсий партиялар фракциялари ва барча дара­жадаги ташкилотлари ишини фаоллаштиришга ҳамда электорат манфаати ҳимоясига қаратилган позицияни қатъий ҳимоя қилишга ундаб туради.

Хусусан, янги тартибга кўра, қонун лойиҳаси дастлабки тарз­да кўриб чиқиш учун бир вақтнинг ўзида масъул қўмита ва фракцияларга (депутатлар гуруҳларига) ҳам юборилади. Қонун лойиҳалари муҳокамасида барча фракцияларнинг (депутатлар гуруҳлари) таклифлари инобатга олинади, қўмита томонидан масъул этиб белгиланган маърузачи таклифлар ва фикрларни депутатларнинг эътиборига етказади. Демак, мазкур жа­раёнда журналист сиёсий пар­тиялар фракцияларининг нуқ­таи назари билан атрофлича танишиш имконига эга бўлади. Бу тайёрланаётган ахборотларнинг янада кенг кўламли ҳамда барча учун аниқ, тушунарли бўлишини таъминлайди. Шунингдек, парламент фаолиятини ёритишга нисбатан ёндашувнинг ҳам замонавий талаблар асосида такомиллашувига хизмат қи­лади.

Умуман, мазкур қонун сиёсий партиялар фракциялари фао­лияти оммавий ахборот воситаларида аниқ, тушунарли, холис ва кенг ёритилишига янада кенг шароит яратиб бериши билан ҳам аҳамиятли. Шунинг учун бу имкониятдан унумли фойдаланиш, электорат манфаатларини таъминлаш йўлида амалга оширилаётган ишларни кенг ёритиш, сиёсий партия фракциясининг қонун ижодкорлиги жараёнига таъсирини, унинг аҳамиятини кўрсатиб бериш лозим. Бу оммавий ахборот воситалари ходимлари зиммасига катта масъулият юклайди.

Алишер РАВШАНОВ,

ЎзХДП Марказий Кенгаши матбуот хизмати ходими.



DB query error.
Please try later.