20.07.2013

ЭНГ ФАОЛ ВА ТАШАББУСКОР БПТ

бизнинг партия ташкилотимиз бўлиши керак, дея таъкидлашди «Ўзбекистон овози» ва «Голос Узбекистана» газеталари бирлашган таҳририяти ходимлари

Дарахт илдизсиз кўкармагани каби сиёсий партия ҳам бошланғич ташкилотларсиз том маънода сиёсий кучга айлана олмайди. «Ўзбекис­тон овози» ва «Голос Узбекистана» газеталари бирлашган таҳририятидаги Ўзбекистон ХДП бошланғич ташкилотининг ҳисобот-сайлов йиғилишида бу фикр яна бир бор такрорланди. Йиғилишда БПТнинг ўтган даврдаги фаолияти муҳокама этилди, олдинда турган энг муҳим вазифалар белгилаб олинди.

Таъкидландики, бошланғич ташкилот партия­нинг дастурий мақсадларидан келиб чиқиб фаолият кўрсатмоқда. Энг аввало партиямиз ғояларини кенг тарғиб қилиш, амалий ишларини изчил ёритиб бориш, таҳририят ходимлари сиёсий билими, маданиятини ошириш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлашга эътибор қаратилмоқда. Бу борада БПТ аниқ таклифларни илгари сурмоқда.

Бироқ ҳисобот-сайлов йиғилишида очиқ тан олиндики, БПТ фаолиятида қатор камчиликларга ҳам йўл қўйилди. Масалан, сиёсий ўқувлар изчил ташкил этилмади, партия аъзоларининг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш бўйича таъсирчан чоралар кўрилмади. Газеталарда партия мавзусини чуқур таҳлилий ёритишда қуйи бўғин талаб даражасида ташкилотчилик кўрсатмади.

Буларнинг барчасини ҳисобга олган ҳолда навбатдаги вазифалар ҳа­қида аниқ фикрлар билдирилди. Хусусан, истеъдодли ижодкор ёш­ларни бошланғич ташкилот сафига қабул қилиш, таҳририятга янги ишга ке­лаётган ходимларга пар­тия дастурий ғояларини тушунтириш масаласига эътиборни кучайтириш лозимлиги таъкидланди. Сиёсий ўқувларни самарали ўтказиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, турли тадбирлар, давра суҳбатлари, танловлар уюштириб бориш кераклиги айтилди. Шунингдек, пар­тия дастурий мақсадларини амалга оширишга бевосита қаратилган мақолаларни кўпайтириш, уларнинг сифатини ошириш, таҳлилий мақолаларни изчил ёритиб боришда бошланғич ташкилот ўз амалий таклифларини билдириши зарурлиги уқтирилди.

Айниқса, партия электоратининг ижтимоий манфаатларини ҳимоялаш, ижтимоий муҳофазага муҳтож, ўз ишини йўлга қўйиб, оиласи фаровонлигини таъминлаш ҳаракатида юрган кишиларни қўллаб-қувватлашга қаратилган таҳлилий материалларни кўпайтириш бугунги куннинг долзарб вазифалари экани қайд этилди.

БПТ сиёсий кучнинг асоси сифатида сиёсий-маърифий ишларни кучайтириши керак. Мамлакатда ва дунёда юз бераётган воқеа-ҳодисалар муҳокамасига бағишланган тадбирларни кўпайтириш, етук сиёсатшунос, ҳуқуқшунослар иштирокида давра суҳбатларини изчил ташкил этиш БПТнинг одатий иш кунига айланиши зарур.

Булардан ташқари, ЎзХДПнинг бош нашрида ишлайдиган ҳар бир ходим партиянинг дастурий мақсадларини амалга ошириш борасида ўз позициясига эга бўлиши муҳим аҳамият касб этиши, партиямизнинг жами 10 мингдан ортиқ бошланғич ташкилоти орасида энг фаоли, ташаббускори бизнинг БПТ бўлиши кераклиги алоҳида таъкидланди. Бошланғич ташкилотнинг ахборот-маърифат хонасини ташкил этиш, уни партия дастурий мақсадларини ифода этадиган ҳужжатлар, турли ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий адабиётлар билан тўлдириш таклифи билдирилди. Башланғич партия ташкилотининг янги иш режаси тузилаётганда бу таклифлар албатта инобатга олиниши зарурлиги таъкидланди.

Йиғилишда ташкилий масалалар кўриб чиқилди. Бошланғич партия ташкилоти раиси ва унинг ўринбосари сайланди.

Ҳисобот-сайлов йиғилиши якунида таҳририятнинг партия сафига янги қабул қилинган бир гуруҳ ёш ходимларига аъзолик гувоҳномалари топширилди.

Асли КАМОЛ



DB query error.
Please try later.