20.07.2013

ФРАКЦИЯ ЎЗ ТАКЛИФЛАРИНИ ҚАТЪИЙ ҲИМОЯ ҚИЛАДИ

Ҳар йили юртимизда ярим миллионга яқин ёшлар касб-ҳунар коллежларини тамомлаб, меҳнат бозорига кириб келаяпти. Уларнинг келажаги қандай бўлади?

Касб-ҳунарли мутахассис сифатида улар ишли бўлиши, бирон соҳада кучи, билимини сарфлаб, аввало, ўз ҳаётини фаровон қилиши, мамлакат тараққиётига ҳисса қўшиши керак. Мамлакатимизда аҳоли, хусусан, таълим муассасалари битирувчиларининг бандлигини таъминлаш йўлида олиб борилаётган изчил сиёсат шу мақсадга қаратилган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фрак­ция­си «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўз­гартишлар киритиш ҳа­қида»ги, шунингдек, «Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунлар лойиҳаларини шу нуқтаи-назардан яна бир бор муҳокамадан ўтказди.

Мазкур қонунлар лойиҳаларининг энг муҳим хусусиятларидан бири меҳнат бозорига кириб келаётган таълим муассасалари битирувчиларини иш билан таъминлаш асосларини мустаҳкамлаш, улар билан биринчи марта меҳнат шартномаси тузилганда иш берувчи ва мутасадди идоралар масъулиятини оширишдан иборат. Фракция аъзолари бу меъёрларни қонун лойиҳаларида аниқ акс эттириш, бандликка оид қонунчиликда ижтимоий ҳи­моя тамойилини янада мустаҳкамлаш муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Фракция аъзоси Улуғбек Ҳожибековнинг таъкидлашича, сўнгги уч йил давомида фракциянинг Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги билан ҳамкорликда янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури ижроси юзасидан ўтказган мақсадли назорат-таҳлил ишларининг хулосалари, шу масаладаги парламент эшитувлари натижалари таълим муассасалари битирувчиларини иш билан таъминлаш кафолатларини қонун орқали мус­таҳкамлаш зарурлигини кўр­сатган.

– Меҳнат кодексининг 84-моддасига киритилаётган ўзгартишга асосан биринчи марта ишга кираётган таълим муассасалари битирувчиларини ишга қабул қилишда дастлабки синов муддатини белгилашга йўл қўйилмаслиги назарда тутилаётгани иш ўрганиш, ўз ишида кўникма ҳосил қилиш учун ёшларга етарли вақт ва имконият яратиши билан аҳамиятли, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Алишер Тиллабоев. – Қонунчиликда шу ҳақда меъёр белгиланиши битирувчини расмиятчилик учун ишга қабул қилиб, бироз вақт ўтгач, ишдан бўшатиш билан боғлиқ салбий ҳолатларга чек қўйишга хизмат қилади. Айнан шунинг учун фракция­миз қонунга таълим муассасаси битирувчиси билан тузилган меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилинишига тўсқинлик қилувчи меъёр киритилиши муҳим масала, деб ҳисоблайди.

Фракция «Гаров реестри тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ҳам кўриб чиқди. Муҳокамлар чоғида таъкидландики, бугунги кунда таъминотлар предметининг ҳуқуқий мақомини тезкорлик билан аниқлаш имконини берувчи ягона гаров реест­ри базасининг йўқлиги кредит ажратиш билан боғлиқ жараёнларда тезкор қарор қабул қилиш имконини чекламоқда. Қонун лойиҳасида бу масаланинг ҳуқуқий ечими берилгани молия бозорида мижозларга кўрсатиладиган хизматлар сифатини ошириш, рақобатни кенгайтириш, халқаро стандартларга мувофиқ замонавий бозор инфратузилмаси шаклланиши учун шароит яратади.

«Тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларини жалб қилишни янада рағбатлантириш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳам қизғин муҳокама этилди. Мазкур ҳужжатда саноатга юқори технологияли ишлаб чиқаришни жорий этишни янада рағбатлантириш, мамлакатдаги инвестиция муҳитини янада эркинлаштириш назарда тутилмоқда. Хорижий инвесторларга Ўзбекистон ҳудудида мол-мулк сотиб олиш ва унга эгалик қилиш ҳуқуқи берилиши мамлакатимизга тўғридан тўғри хорижий инвестиция­ларни янада кенг жалб қилиш учун муҳим ҳуқуқий асос яратади.

Депутатлар қонун лойиҳаси муҳокамасида Ўзбекистон ҳудудида чет эл инвесторлари фаолияти учун янада қулай шарт-шароит яратилиши натижасида замонавий ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш соҳалари ривожланиши, янги иш ўринлари очилиши ЎзХДП дастурий мақсадларига ҳамоҳанглигини таъкидлашди.

«Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан киритилган қонун лойиҳаси мамлакатимизда болаларнинг сифатли таълим олиши кафолатларини мустаҳкамлашга қаратилган.

Маълумки, юртимизда ёш авлодга замон талаби даражасида билим бериш мақсадида 12 йиллик мажбурий таълим тизими жорий этилган. «Таълим тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ, вояга етмаган болаларнинг ота-оналари ёки қонуний вакиллари боланинг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиши шарт ҳамда уларнинг тарбияси, мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими олиши учун жавобгардир.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилаётган қўшимчалар билан шу жавобгарликнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлаш кўзда тутилмоқда. Унга асосан боланинг умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими олишига тўсқинлик қилган ота-оналар ёки уларнинг қонуний вакиллари маъмурий жавобгарликка тортилиши белгилаб қўйилаяпти.

Бу аввало болаларнинг билим олиш билан боғлиқ устувор ҳуқуқлари ҳимоя қилинишига, ўн икки йиллик мажбурий таълим тамойилини амалга ошириш кафолатини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Фракция аъзолари ҳозирги замонда билим олиш бола келажагида, ҳаётда муносиб ўрин топишида асосий омил эканига алоҳида эътибор қаратди.

Фракция ҳар бир қонун лойиҳасини электорат манфаатларидан келиб чиққан ҳолда муҳокама қилиб, ўз таклифларини билдирди. Шу асосда қонунлар лойиҳалари қабул қилинишини қўллаб-қувватлади.

Тўлқин ТЎРАХОНОВ 


DB query error.
Please try later.