18.07.2013

ИШОНЧГА МУНОСИБ БЎЛИБ ИШЛАШ КЕРАК

Бугун ЎзХДП бошланғич ташкилотлари салоҳияти қандай? Сайловчи депутатдан нимани талаб қилаяпти? Аҳоли билан учрашувлар чоғида кўтарилган масалалар шу жойнинг ўзида қолиб кетмаслиги учун нима қилмоқ керак?..

ЎзХДП Самарқанд вилоят, шаҳар ва туман кенгашлари раислари, маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари аъзолари, «Фаол аёллар» ва ­«Истиқбол» ёшлар қаноти етакчилари иштирок этган анжуманда мазкур саволларга мунозара тарзида жавоб изланди. Жойларда бу борада тўпланган илғор тажрибалар, йўл қўйилаётган камчиликлар ечими бўйича мулоҳазалар ўртага ташланди.

— Партиянинг асосий вазифаси дас­турий мақсадлари амалга ошиши учун курашиш, электорат манфаатини ҳимоя қилишдир, — деди ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси Ҳотамжон Кетмонов. — Бунга эришиш учун бошланғич ташкилотлар, фаоллар ва депутатлар фаоллиги, ташаббускорлигини ошириш лозим.

Бугун асосий эътиборимизни электорат ташвишини бартараф этишга қаратмасак, уларни қийнаётган масалалар ечимида иштирок этмасак, олдимизда турган улкан вазифалар ижросини таъминлаш мураккаб кечади. Бунда бошланғич ташкилотлар фаолиятини янада жонлантириш талаб этилади. Сир эмас, ҳали ҳамон бошланғич ташкилот шунчаки расмиятчилик учун тузилган ҳоллар бор. Қуйи бўғиннинг ижтимоий ҳаётдаги иштирокини фаоллаштириш керак. Бунда қишлоқларда яшаётган фуқаролар манфаати, уларнинг муаммолари, ижтимоий соҳада юзага келган камчиликларни бартараф этиш партия ташкилотлари, депутатлик гуруҳлари диққат марказида бўлиши зарур.

Йиғилишда партиянинг Са­мар­қанд вилоят кенгаши раиси Камолбой Исобеков таъкидлаб ўтганидек, вилоятдаги 653 та бошланғич партия ташкилоти 19 мингдан ортиқ аъзони жипслаштирган. ЎзХДПдан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига 201 нафар, вилоят Кенгашига 17 нафар депутат сайланган. Мавжуд имконият ва салоҳиятга қарамай, очиғини айтиш керак, фаолиятимиз бугунги кун талаби даражасида эмас. Жамоатчилик қабулхоналари ишини танқидий асосда кўздан кечириш, аҳоли билан ишлашнинг аниқ ва самарали тизимини йўлга қўйиш асосий вазифа бўлиб қолаверади.

— Депутатлар фаоллиги партия фаолиятини кучайтиришда муҳим аҳамиятга эга, —  деди халқ депутатлари Самар­қанд вилоят Кенгашидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳи раҳбари, Олий Мажлис ­Сенати аъзоси ­Фармон Тошев. —  Гап шу ҳақда кетганда халқ депутатлари Пахтачи, Булунғур, Пайариқ туман Кен­гаш­ла­ридаги депутатлар ишини ибрат қилиб кўр­сатса бўлади. Аммо айрим маҳаллий Кенгаш депутатлари фаолиятида ҳали ҳамон амалий натижа кўринмаяпти. Улар ишини жонлантирмасак, партиямиз дастурий мақсадларига эришиш қийин.

— Эркин, очиқ ва самимий мулоқот бизни фаолиятимизни кучайтириш устида жиддий ўйлаб кўришга даъват этди, — дейди ЎзХДП Пахтачи туман кенгаши раиси Исмат Санаев. — Халқ депутатлари туман Кенгашида депутатлик гуруҳимиз аъзолари кўпчиликни ташкил этади. Депутатлар билан ойда икки марта жамоатчилик қабулини ўтказишни йўлга қўйганмиз. Олис қишлоқлардаги партиямиз аъзолари, электорат вакилларини қийнаётган масалаларга ечим топишда бу муҳим аҳамиятга эга бўлаяпти. Шу вақтга қадар тўпланган тажриба, янги ғоялар асосида фаолиятимизни юқори босқичга олиб чиқишни даврнинг ўзи талаб этаяпти.

Ўзаро фикр алмашувларда амалий ишлари билан сайловчилари ишончини қозонаётган депутатлар, партия ташкилотлари тажрибасини оммалаштириш юзасидан ҳам таклифлар билдирилди.

— Мен Оқдарё туманидаги «25-Қоратери» сайлов округидан халқ депутатлари туман Кенгашига сайланганман, — деди Шавкат Қурбонов. — Касбим — ҳуқуқшунос. Жорий йилда партиядан сайланган депутатларимиз билан муайян ишларни амалга оширдик. Туманнинг Янгиравот маҳалласига қарашли автомобиль йўли анча йилдан бери қишда лой, ёзда чанг бўлар эди. Бу аҳолига ноқулайлик туғдирарди. Депутатлар ташаббуси, бевосита кўмаги билан автомобиль йўлининг қарийб 1 километр қисмига тош ётқизилди. Бундан ташқари туман ҳокимига мазкур масала бўйича депутатлик сўрови билан чиқдик. Туманнинг Қоратери-Суткент қишлоқлари оралиғидаги 2 километрга яқин автомобиль йўлини таъмирлаш ишлари 2014 йил Дастурига киритилишига эришдик.

— Пастдарғом туманидаги Шакартепа қишлоғида 130 та оила бор, — деди халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Ойражаб Бурхонова.  — Қишлоқ аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлашни яхшилаш масаласи анча муаммо бўлмоқда. Бу борада депутатлик сўрови билан туман ҳокимига мурожаат қилдик. Бироқ бу масала жавобсиз қолиб келмоқда. Энди халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳига мурожаат қилиб, масалани ижро ҳокимияти тузилмалари олдига янада қатъийроқ қилиб қўйишни режалаштирдик.

— Нарпай тумани вилоят марказидан 150 километр олисда, — дейди ЎзХДП Нарпай туман кенгаши раиси ўринбосари ­Жамила Нарбаева. — Тумандаги Ислом Чори, Ахат Назаров номли маҳаллаларда истиқомат қилувчи 1600 оила оқова сув йўқлигидан қийналаётган эди. Шу бўйича депутатлик гуруҳимиз ташаббуси билан туман Кенгаши сессиясига масала киритилиб, унинг ижобий ечим топишида партиямиз фаоллари жонбозлик кўрсатди. Энг муҳими, ҳаракатларимиз бесамар кетмади, аҳоли томорқаларига сув келтириш чоралари кўрилди.

Йиғилишда шу каби амалий тажрибалардан ўрнак олиш кераклиги таъкидланди. Партия ташкилотлари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш борасида сўз юритилди. Шунингдек, ички партия­вий интизомни мустаҳкамлаш, кадрлар захирасини шакллантириш юзасидан фикр алмашилди. Бошланғич ташкилотларда ўтказиладиган тадбирларни жонли ташкил этиш, депутатлар фаоллигини ошириш, Жамоатчилик қабулхоналари фаолиятини кучайтириш юзасидан билдирилган таклифлар асосида тавсиялар ишлаб чиқилди.

Абдували ХУДОЁРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.