18.07.2013

ОАВ ЗИММАСИДАГИ КАТТА МАСЪУЛИЯТ

Дилбар ХОЛИҚОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

Маълумки, ҳозирда Бухоро ва Самарқанд вилоятларида «Давлат ҳокимияти ва бош­қаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳаси нормалари синовининг асосий босқичи ўтказилмоқда. Жорий йил 1 декабргача давом этадиган мазкур босқичда маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда бошқа ахборотдан фойдаланувчилар фаолиятини қонун лойиҳасига мувофиқ ташкил этишга, шу орқали ҳокимият, бошқарув тузилмалари фаолияти очиқлигини таъминлашнинг қонун лойиҳасида назарда тутилган шакл ва усулларига ишлов беришга асосий эътибор қаратилмоқда.

Дарҳақиқат, Президентимизнинг 2013 йил 20 мартдаги «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси синови бўйича ҳуқуқий эксперимент ўтказиш ҳақида»ги Фармойиши ижросини таъминлаш, ҳуқуқий эксперимент жараёнини пухта, белгиланган талаблар даражасида ўтказиш, унда депутатлар иштирокини кучайтириш мақсадида вилоят ҳокимларининг бир неча қарор ва фармойишлари қабул қилинди. Бухоро вилоятида 88, Самарқанд вилоятида эса 91 ташкилот-муассаса ҳуқуқий эксперимент субъекти сифатида рўйхатга олинган.

Ҳуқуқий эксперимент субъектлари фаолиятининг очиқлиги қонун лойиҳасига асосан таъминланмоқда. Эксперимент ўтказиш субъектлари фаолияти тўғрисидаги ахборотлар мунтазам равишда оммавий ахборот воситаларида чоп этилмоқда, эфирга узатилмоқда. Масалан, маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарлари вилоят телевидениеларида «Очиқ мулоқот» кўрсатувида мунтазам чиқишлар қилмоқда, ­оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида матбуот анжуманлари, брифинглар ўтказмоқда. Шунингдек, ҳуқуқий эксперимент ўтказилаётган вилоятларда оммавий ахборот воситалари ходимлари учун пресс-турлар ташкил этилиши мўлжалланмоқда. Бундан мақсад журна­лист­лар билан вилоятда фаолият кўрсатаётган йирик саноат, қишлоқ ҳўжалик, сервис корхоналари, айниқса, янги ташкил этилган ишлаб чиқариш корхоналарига саёҳат қилиш, соҳаларда эришилаётган муваффақиятлар билан нафақат республикамиз аҳолиси, балки хорижий давлатларни ҳам кенг таништиришдан иборат.

Бугунги кунда Бухоро вилоятида оммавий ахборот воситаларининг сони 41 тани, Самарқанд вилоятида 59 тани ташкил этаяпти. Албатта, ҳуқуқий тажриба самарали ўтишида уларнинг ўрни беқиёс.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисидаги ахборотни тез, сифатли ҳамда ишончли тарзда тақдим этишнинг самарали воситаларидан яна бири расмий веб-сайтлар ҳисобланади. Уларда ахборотлар қонун лойиҳаси талабларига мувофиқ жойлаштирилиши ва мунтазам янгилаб борилиши оммавий ахборот воситалари ходимлари ва фуқароларга катта қулайлик яратади. Бу айни пайтда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ахборот хизматларининг масъулиятини янада оширишни тақозо этади. Шунинг учун эксперимент ўтказилаётган ҳудудларда маҳаллий давлат ҳокимияти ва бош­қаруви органларининг расмий веб-сайтларини қонун ло­йиҳасида белгиланган меъёрлар асосида такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Сайт­ларга қабул қилинган қарорлар ҳамда бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни жойлаштириш, ҳар бир маълумотнинг киритилган ва янгиланган саналарини аниқ кўрсатиш, фуқаролар мурожаатлари ва ахборотдан фойдаланувчиларнинг сўровларини расмий веб-сайт орқали қабул қилиш ва жавоб бериш, коллегиал йиғилишлар ҳақида ишончли маълумотлар жойлаштириб бориш энг муҳим вазифалардан саналади. Бунга эътиборни сусайтирмаслик зарур.

Шу ўринда аҳолини, фуқаролик жамияти институтларини экс­периментнинг мақсад-вазифалари ва бориши ҳа­қида мунтазам хабардор қилиб туриш, журналистлар томонидан эксперимент субъектларининг раҳбарларига саволлар йўл­лаш, ишчи комиссия аъзолари, экспертлар ва бошқа­ларнинг тезкор равишда ахборот соҳасида ўзаро ҳамкорлик қилиши имкониятларини бе­рувчи махсус сайт — www.legalexperiment.uz ташкил этилди. Мазкур веб-сайт орқали ҳуқуқий эксперимент субъектларининг ўз фаолияти очиқлигини таъминлаш бўйича олиб бораётган ишлари ҳақида ҳар ой ва чоракда электрон ҳисобот тақдим этиш тизими яратилди. Мазкур тизим нафақат эксперимент субъектлари, балки барча ахборотдан фойдаланувчилар учун ҳам очиқ ва қулайдир. Жойлаштириладиган ахборот ва хабарлар веб-сайтда рўй­хатдан ўтган фойдаланувчиларга автоматик тарз­да етиб боради. Шундай экан, бу ишга ҳуқуқий эксперимент субъ­ектлари ва иштирокчилари янада жиддий ёндашиши керак бўлади.

Давлат ҳокимияти ва бош­қаруви органлари фаолиятини ОАВда кенг ёритиш, улар ишининг шаффофлигини таъминлаш, фуқароларнинг мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар, олиб борилаётган таш­қи ва ички сиёсат ҳақида хабардорлигини ошириш, давлат органлари фаолияти ҳақидаги холис, ҳаққоний ахборотларни аҳолига етказиш ОАВ, хусусан, журналист янада масъулиятли бўлишини тақозо этади.

Шу маънода ҳуқуқий эксперимент Бухоро ва Самарқанд вилоятларидаги, шунингдек, марказий оммавий ахборот воситаларини ҳам ўз навбатида жиддий синовдан ўтказмоқда. Боиси, одам ўзи ишлаётган соҳа, яшаётган ҳудуд, унинг ривожланиш ҳолати ва истиқболи учун режалаштирилган ишлар ҳа­қида кенг маълумотга эга бўлсагина, ислоҳотларнинг турмуш фаровонлигини оширишга қаратилганини тушунади. Энг муҳими, мазкур жараёнларда фаол иштирок этишга, ўз ҳиссасини қўшишга интилади. Демак, ҳуқуқий тажрибанинг самарали ўти­ши, қонун лойиҳасининг ҳаётий аҳамиятини ўрганиш, фуқаролар фаоллигини оширишга қаратилган тарғибот-тушунтириш ишларини кучайтириш ОАВ олдида турган муҳим вазифа ҳисобланади.



DB query error.
Please try later.